BBC navigation

Туркия Сурия ҳудудларини нишонга олмоқда

Сўнгги янгиланиш 4 октябр 2012 - 08:44 GMT

Кеча Сурия тарафидан отилган снарядлар 5 Туркия фуқаросининг умрига зомин бўлди

Туркия артиллерияси Суриядаги нишонларга қарата ўт очишни бошлаган.

Бунга чоршанба куни Сурия ҳудудидан отилган снарядлар 5 Туркия фуқаросининг умрига зомин бўлиши сабаб бўлган.

Сурия Инсон Ҳуқуқлари кузатув гуруҳининг айтишича, Туркия тарафидан уюштирилган ҳужумлар боис қатор Сурия аскарлари ҳалок бўлишган.

Сурия ҳукумати кучлари чоршанба куни Туркиянинг чегара шаҳарчаси Акчакалага снаряд ёғдиришган.

Хабар қилинишича, ўлганлар орасида бир аёл ва 3 гўдак ҳам бўлган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши кечроқ тўпланиб, Суриянинг ҳатти-ҳаракатларини қоралаши кутилмоқда.

Туркия 18 ой муқаддам беқарорликлар бошланганидан бери Сурия ҳудудини илк бор нишонга олмоқда.

Айни пайтда Туркия ҳукумати БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилган ва Сурия "тажовузи"ни тўхтатиш учун "зарурий амал"га қўл уришни сўраган.

Туркия талаби билан Брюсселда фавқулодда йиғин ўтказган НАТО расмийлари ҳам Суриянинг амалларини қоралашган.

НАТО "Туркияни дастаклашда давом этиши ва ўз иттифоқдошига қарши бундай тажовузни зудлик билан тўхтатишни" талаб қилувчи баёнот чиқарган. НАТО, шунингдек, Сурия ҳукуматини "халқаро қонунларга зид" даҳшатли амалларига чек қўйишга ундаган.

Би-би-си мухбирининг хабар қилишича, НАТО вакиллари Туркиянинг оғир-босиқ жавобини қадрлашини билдиришган. Туркия 1952 йилдан бери НАТО блоки аъзоси ҳисобланади.

Айни пайтда Туркия матбуоти Анқара ҳукумати парламентдан чегараоша ҳарбий амалиётларни маъқуллашини сўраши кутилаётгани ҳақида хабар қилган.

Ўтмишда Туркия қуролли қўшинлари курд жангариларини таъқиб қилиш учун Ироқ шимолига олиб кирилганди.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.