BBC navigation

Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали нега Мексикада машмашаларга сабаб бўлмоқда?

Сўнгги янгиланиш 5 октябр 2012 - 13:30 GMT

Мехико ҳиёбонларидан бирида қад ростлаган ҳайкал нефтга бой Озарбайжоннинг собиқ президенти, Ленин ордени соҳиби Ҳайдар Алиев шарафига қўйилган

Яқинда Мексика пойтахтида "бутун дунё бўйлаб умуминсоний идеалларга содиқликнинг ёрқин тимсоли" бўлган инсонга ҳайкал қўйилди.

У Нельсон Мандела ёки Мартин Лютиp Кинг деяётгандирсиз…

Аммо бундай эмас. Мехико ҳиёбонларидан бирида қад ростлаган ҳайкал нефтга бой Озарбайжоннинг собиқ президенти, Ленин ордени соҳиби Ҳайдар Алиев шарафига қўйилган.

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти ўз вақтида ўзгачафикрлиликни бўғишда айблаган ҳозирда марҳум Ҳайдар Алиевнинг ана шу ҳайкали очилишидан бор-йўғи бир неча ҳафта ўтиб, Мексикада баҳсу мунозараларни қизитган.

“Айниқса, масъулларнинг нега Алиевга ҳайкал қўйиш қарорига келганликларига оид изоҳлари энсамни қотиради”, дейди шаҳар муаммоларини ёритиш билан шуғулланувчи маҳаллий журналист Андрес Лахус.

“Уларнинг айтишларича, озарий ҳукумати ҳозир Озарбайжон номи билан аталаётгани дохил шаҳар марказидаги яна бир хиёбонни тиклаш учун бир неча миллион доллар берган эмиш. Аммо уларнинг изоҳлари Мехико нима учун айнан Ҳайдар Алиевни шунчалар кўкларга кўтариши лозимлигини асослаш учун етарли эмас”, дейди у.

Озарбайжон хиёбонларни асраб қолади

Шаҳар ҳокимлик идораси эса, шу пайтгача ҳайкал атрофидаги баҳсу мунозаралар юзасидан изоҳ бермаган.

Озарбайжон-Мексика хиёбонининг шу йил бошида бўлиб ўтган тантанали очилиш маросими чоғида Мехико ҳокими унинг “икки халқнинг биродарлик истаги тимсоли” эканини айтганди.

Жаноб Эбрардга кўра, ўтган 16 йил давомида Мехикода жойлашган 180 та дипломатик ваколатхона ва 45 та халқаро ташкилотдан бирортаси шаҳарнинг кўркини яхшилаш учун Озарбайжончалик пул ажратмаган.

Би-би-сига берган суҳбатида эса, Озарбайжоннинг Мексикадаги элчиси Илғор Мухторов ушбу лойиҳа янги эмаслиги, “шаҳар хиёбонлари фавқулодда таъмирга муҳтож бўлгани”ни таъкидлаган.

"Шаҳарнинг қиёфасини янгилашга қаратилган бу каби осмонўпар лойиҳа баҳона биз мамнуният билан Мексика халқини қанчалар ҳурмат қилишимизни амалда кўрсата олдик", деб айтган элчи жаноблари.

Озарбайжон элчиси хиёбон ва ҳайкалга сарфланган қарийб 5 миллион доллар маблаққа ҳам ойдинлик киритган.

"Биз пулни тўғридан-тўғри Мехико мулозимларига эмас, ҳокимиятнинг турли идоралари билан ҳамкорликда иккита хиёбонни таъмирдан чиқарган қурилиш ширкатларига бердик", деб айтган жаноб Мухторов.

Унга кўра, айни ўринда ўз мамлакатининг Мексика халқига қилган тортиғи эмас, янги қиёфа олган хиёбонлардан буюк шаҳар аҳолиси фойдаланаётгани муҳим.

Чавес бўлса ҳам майли эди…

Аммо бу каби изоҳлар Лахусга ўхшаш лойиҳа танқидчиларини қаноатлантира олмаган кўринади.

"Гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсам, Мехико маъмурлари Озарбайжондан шунча пулни олиб, имкониятдан фойдаланиб қолишган. Мехикодаги ҳайкалнинг яққол сиёсий мазмун ташимаслиги уларга яхши аён. Чунки Жорж Буш ёки дейлик, Уго Чавесга ҳайкал қўйишганида, бу нарса очиқ-ойдин кўринган бўларди", дейди у.

"Пулни тўкиб ташлашган тақдирда ҳам, улар Чавесга ҳайкал қўйишмасди. Агар Озарбайжонга келсак, биздан жуда узоқда жойлашган ва у ҳақда ҳеч ким дуруст-қуруқ бир нарса билмайди".

Сўзсиз, кўпчилик янги ҳайкалга қараб, президент Ҳайдар Алиев ким бўлгани ва унинг нима учун улуғлашаётганини билмайди.

"Тўғриси, мен унинг кимлигини билмайман, - дейди хиёбондаги ўриндиқда газета ўқиб ўтирган Эрминию Баталья. – Лекин хиёбонимизни яхшилаш учун шунча пул бериб, яхши иш қилишибди".

Хиёбон яқинида машина ювувчилик қилаётган Хосе Ромео эса, "пулини ким тўласа, мусиқани ҳам ўша буюради-да. Менимча, Ҳайдар Алиевга ҳайкал ўрнатиш яхши ғоя эмас. Лекин, биз, мексикаликлар нима ҳам дея оламиз. Пул уларники бўлгандан кейин, тилимизни қисишга мажбурмиз-да".

Бошқаларига кўра, хиёбонларида Мексика тарихига ҳеч бир алоқаси бўлмаган давлат арбобининг ҳайкали қўйилган.

"Буларнинг барчаси бошқа давлатлар билан алоқаларимизни кучайтириш учун яхши. Лекин Мексикада ундан-да муҳимроқ бўлган одамлар бор", дейди қадимшунос Паула Вайя.

Аммо ҳайкалдан узоқлашар эканман, жуда қизиқ воқеа юз берди.

Камера ва микрофонимни сумкамга жойлаётган пайтим, хиёбон ташқарисида автомобилларни қўйиш жойи ходими ёнимга келиб, қай бир оммавий-ахборот воситасида ишлашим ва Озарбайжон элчилиги мен билан суҳбатлашиш истагида эканини айтиб қолди.

Дарҳол элчиликдаги манбасига қўнғироқ қилиб, элчи билан суҳбат уюштириб берди.

Мен эса каловланиб қолгандим. Нима бу, сталинча назоратми? Ёки Озарбайжонни яхши кўрган бир одамнинг беғараз ёрдамими?

Мен бу ҳақда элчи Илғор Мухторовдан сўраганимда, иккинчи фикрингиз тўғри, деди.

Аммо Озарбайжон ҳукумати танқидчилари бу ва марҳум президентга қўйилган ҳайкал борасида бошқача фикрда бўлишлари тайин.

--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.