BBC navigation

Покистон: АҚШ дрон ҳужумларига қарши норозиликлар давом этмоқда

Сўнгги янгиланиш 7 октябр 2012 - 13:28 GMT

Покистонда АҚШнинг учувчисиз учоқлари ҳужумларига қарши юриш қилаётган намойишчилар Жанубий Вазиристон минтақасига етиб боришган.

Аммо, Покистон полицияси таниқли сиёсатчи Имрон Хон етакчилик қилаётган минглаб одамларнинг минтақага киришларига рухсат бермаган.

Покистон расмийлари буни Толибон таҳдиди билан изоҳлашган.

Имрон Хон дрон учоқлари ҳужумларидан жабр чеккан минтақаларни бориб кўриш ниятида эканини айтган, бироқ бу минтақаларда жангарилар жойлашиб олишган.

Жангарилар, ўз навбатида, Имрон Хоннинг айни режасига қарши чиққанлар.

Улар собиқ крикет юлдузини Ғарб қўлидаги қўғирчоқ сифатида танишади.

Хон жаноблари Шанба куни Исломободдан бир неча юз тарафдорлари билан йўлга чиққан ва йўл-йўлакай яна кўплаб покистонликлар унга қўшилишган.

Аксар покистонликлар каби Имрон Хон ҳам дрон учоқлари ҳужумлари асосан тинч аҳолига жабр қилиб, жангариларга хайрихоҳлар сонини орттиради деган фикрда.

Америка мулозимлари эса, бу каби дрон ҳужумлари камдан-кам ҳолатларда тинч аҳоли орасидан қурбон берилишига сабаб бўлиши, қайтага Толибон ва Ал-Қоида жангариларга қарши муҳим қурол эканини урғулашади.

Асосан автомобиллар ва мотацикллар билан сафар бошлаган Имрон Хон ва унинг тарафдорлари орасида 80 нафарга яқин ғарблик тинчликпарвар фаоллар борлиги айтилади.

Покистон телевизиони намойиш этган лавҳаларда - 150 атрофида автомашиналар карвони устига одамлар атиргул баргларини сочаётганлари акс этган.

Дера Исмоил шаҳарчасига етиб боргач Твиттер орқали ёзган Имрон Хон: "Бизни ҳаяжон ва эҳтирос билан кутиб олишди. Тинчлик юриши одамларнинг дрон ҳужумларига қарши нафрат ва ғазабига саҳна бўлмоқда", дейди.

Дунё номли хусусий телеканал билан суҳбатда у Жанубий Вазиристонга боришидан аввал ўз сиёсий иттифоқдошлари билан маслаҳат қилишини айтганди.

"Биз бу ерга тинчлик истаб келдик, мен ўз меҳмонларимнинг ҳаётини хавф остига қўйишни истамайман", деб айтган Имрон Хон

Дера Исмоил Хоннинг мулозимларидан Кифоятуллоҳ жанобларига кўра, бу тинчлик юриши аъзоларининг Жанубий Вазиристонга ўтиш режаси амалга оширилмайди.

"Дера Исмоил Хонда биз уларнинг хавфсизлигини таъминлаймиз, аммо ортиғи ортиқ - минтақада миналар, снайпер ва бомба ҳужумлари хавфи катта", дейди у.

Аввалроқ, толиблар варақалар тарқатиб, Дера Исмоил Хонда тинчлик юриши иштирокчиларини бомбалар билан кутиб олиш ҳақида таҳдид қилганди.

Хон жаноблари Би-би-си билан суҳбатда агар Покистон ҳукумати раҳбари бўлса, унда Америка дронларини уриб туширишга буйруқ беришини айтган, чунки бу амалиётлар Покистон мустақиллигига дахл қилгувчидир.

Покистон Президенти Осиф Али Зардарий ҳам шундай фикрда, аммо амалда дрон учоқларига қарши ҳеч нарса қилмагани аксарият покистонликларнинг ғазабига сабаб бўлмоқда.

--------------------------------------------------------

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.