BBC navigation

Владимир Путин ҳижобга 'қарши'ми?

Сўнгги янгиланиш 19 октябр 2012 - 08:25 GMT

Россия президенти ўқувчи қизларнинг мактабга ҳижобга келишларига қарши экани, аммо ушбу масалани оғир-вазминлик билан ўша дин пешволари билан келишиб олиш тарафдори эканини айтган.

"Ҳижоб борасида бир тўхтамга келиш учун қўшни давлатлар, Оврўпо мамлакатлари тажрибасига назар ташлашимиз лозим. Шунда ҳаммаси аён бўлади", деб айтган жаноб Путин Умумроссия халқ жабҳаси вакиллари билан учрашуви чоғида.

Владимир Путин, "Россия аҳолиси 80 фоиздан ортиқроғининг ўзини православ санаши боис, салгина оғишларга бориш бошқа дин вакилларининг ўзларини камситилган ҳис этишларига сабаб бўлиши мумкин"лигини таъкидлаган.

"Яхшиси, ҳамма ўзини тенг ҳис этсин", деб хитоб қилган Россия президенти.

Аммо, "Инсонларнинг диний ҳис-туйғуларини ҳамиша ҳурмат этиш лозим"лигини айтган президент Путин - "Россиянинг дунёвий давлат экани ва ҳамма масала шундан келиб чиқиб ҳал этилиши керак"лигини урғулаган.

"Биз кўпмиллатли давлатмиз. Бизда дин давлатдан ажратилган", деб айтган Владимир Путин.

Россия раҳбари ўқувчи қизларнинг ҳижоби билан боғлиқ можаро манзарасида мамлакат мактабларини ягона мактаб формасига қайтариш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Президент Путинга кўра, фуқароларнинг диний ҳис-туйғуларини инобатга олишдан ташқари, ягона мактаб формаси мутлақ маиший муаммоларни ҳам ҳал этишга ёрдам беради.

"Одамларнинг турмуш даражалари ҳар хил. Кимдир мактабга башанг, бошқаси ҳаминқадар кийиниб келса, камбағалроғи ўзини иккинчи даражали одам ҳис этиши тайин. Мен буни ўта кўнгилсиз ҳолат, деб баҳолаган бўлардим", дея изоҳ берган Россия раҳбари.

Владимир Путин нафақат алоҳида мактаблар, балки олий ўқув юртларида ҳам махсус формада келиш тартиби амал қилувчи айрим Оврўпо давлатлари бунга ижобий мисол эканини айтган.

Ҳижоб можароси

Россия президентининг ҳижоб масаласидаги илк чиқиши яқинда ўқувчи қизларнинг рўмоли билан боғлиқ Ставрополь ўлкасида юз берган можаро ортидан кузатилмоқда.

Ўлка муфтияти матбуот хизмати тарқатган хабарлардан аён бўлишича, бир қанча туманларда мусулмон ўқувчи қизларнинг мактабга ҳижобда келишларига рухсат этилмаган.

Қизларнинг бундан норози ота-оналари эса, прокуратурага ҳам шикоят билан чиқишган.

Ставрополь ўлкаси маориф бошқармаси вакиллари эса, Би-би-си билан суҳбатда бунинг сабабини мактабларда дунёвий таълим тизими амал қилиши билан изоҳлашган.

Ота-оналари эса, қизларини ҳижобсиз мактабга қўйишни исташмаётир. Бу эса, уларнинг таҳсилдан ортда қолишларига сабаб бўлмоқда.

Аён бўлишича, сўнгги пайтларда ўлка муфтиятига турли туманлардан ота-оналардан иборат олти ҳайъат шикоят қилиб келган.

Ставрополь муфтийси Муҳаммад ҳожи Раҳимов мавжуд муаммони ҳал этишда ёрдам беришларини сўраб, аллақачон туман раҳбарлари, губернаторлар ва прокурорга ҳам мурожаат этган.

Муфтий ҳазратларига кўра, "ортиқча эътиборни тортмасликлари учун" ўқувчи қизларнинг мактабда рўмолда юришларига рухсат беришларининг ўзи ҳам кифоя қилади.

Диний муфтият вакилларига кўра, акс ҳолда бу - мусулмон ўқувчи қизларнинг ҳуқуқларини камситиш бўлади.

Ўз ўрнида, Россия президентининг Болалар ҳуқуқлари бўйича масъули Павел Астахов ҳам мусулмон ўқувчи қизларнинг ёнини олиб чиққан.

Жаноб Астаховга кўра, мактаб раҳбариятининг уларга қилаётган эътирозлари ноқонуний ва "ҳаддан ошган" амалдир.

Унинг "Эхо Москвы" радиостанциясига берган суҳбатида айтишича, мактаб низоми Таълим тўғрисидаги қонундан устун туролмайди ва истаган либосда юриш ҳуқуқи мамлакат конституциясида таъминлаб қўйилган.

Фақат Россия эмас

Мусулмон ўқувчи қизларнинг ҳижоблари билан боғлиқ можаролар сўнгги йилларда қатор МДҲ давлатларида ҳам кузатиб келинади.

Дейлик, ўтган йил Озарбайжонда ўқувчи қизларнинг қандай либосда юришларига оид тартиб-қоидаларга биноан, уларнинг мактабга ҳижобда келишлари қатъиян тақиқлаб қўйилганди.

Мактабларда ҳижобга қўйилган тақиқ Озарбайжонда ўтган яқин йиллар ичида қатор норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлганди.

Бу каби акциялардан айримлари милиция ходимлари билан тўқнашувлар билан якунланганди.

Мактаб ёки олий ўқув юртларига ҳижобда келиш аксарият Марказий Осиё давлатларида ҳам тақиқланган.

Яқинда Қирғизистондаги мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Мутакалим" ташкилоти янги ўқув йилидан бошлаб ҳижобда келган қизларнинг мактабларга қўйилмаётгани хусусида бир юз элликта шикоят олганликларини маълум қилганди.

Қирғизистон Маориф вазирлиги эса, ўз мавқеини мактабларда ижтимоий тенглик ғояларини тадбиқ этиш ҳаракатлари билан изоҳлашганди.

Бундан 6 йил бурун Тожикистон Таълим вазирлиги ҳам мамлакат ўқув даргоҳларига ҳижобда келишни расман ман этганди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳижоб ўраган аёлларга нисбатан расмийлар қўл ураётган амаллар ҳам мамлакатда ҳижобга қарши янги кампания деб баҳоланганди.

Маҳаллий аҳоли олдин мактаб ўқувчилари, талаба қизларга нисбатан кузатилган бундай тақиқлар энди уларнинг оналарига нисбатан ҳам қўлланаётганини айтишганди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари ҳам аёллари ва оналари ҳижобсиз юриши кераклиги ҳақида ўзларига қатъий тавсиялар берилаётганини билдиришганди.

Сўнгги йилларда қатор Оврўпо давлатларида ҳам хотин-қизларнинг жамоатчилик жойларида бурқада кўриниш беришлари махсус қонун орқали расман ман этилганди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.