BBC navigation

Россияда ҳуқуқшунос ўз идорасида ўт очиб 5 кишини ўлдирди

Сўнгги янгиланиш 7 ноябр 2012 - 13:38 GMT

Ҳуқуқшунос икки милтиқдан ўт очган

Москвадаги дорихоналар тармоғи юристи пойтахт шимоли-шарқидаги омборхонада беш кишини отиб ўлдирган. Қотилликдан аввал у ижтимоий мулоқот сайтида инсониятга бўлган нафрати ҳақида ёзиб қолдирган.

Чоршанба куни эрталаб 30 ёшли Дмитрий Виноградов "Сайга" ва "Бенелли" ов милтиқлари билан қуролланган ҳолда ишга келган, сўнг камуфляж устбошини кийиб, иш жойларида ўтирган ҳамкасбларига қарата икки қўлидаги милтиқлардан ўт очган.

"Оқибатда иш столида ўтирган икки эркак ва икки қиз ўз жойларида ўлишган. Офисга етакловчи зинада гумондор яна бир ҳамкасбини отган, у ҳам жон берган", - деди тергов вакили.

Тергов қўмитасининг маълумотига биноан, яна икки киши оғир жароҳатланган.

Илк версияга кўра, ҳужумга гумондорнинг шахсий ҳаётидаги қийинчиликлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Москва ҳуқуқ-тартибот идораларидан хабар қилишларича, гумондорнинг ўз ҳамкасбларидан бирига изҳор қилган севгиси жавобсиз қолган.

Қиз раддияси ортидан у беш кун давомида спиртли ичимликларни истеъмол қилган ва маст ҳолда ҳамкасбларига ўт очган.

Баъзи маълумотларга кўра, унинг севгилиси кўкрагига теккан ўқ билан оғир ҳолда касалхонага ётқизилган.

Виноградов қаршиликларсиз ширкат қўриқчиларига таслим бўлган. Агар унинг айби исботланса, унга саккиз йилдан тортиб то бир умрлик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Инсониятдан нафрат

Чоршанбага ўтар кечаси гумондор "Вконтакте" ижтимоий сайтида икки варақли "манифест"ини нашр қилган ва инсониятдан нафратланиши, ҳамда "инсонлар ҳаётининг мазмунсиз" экани ҳақида гапирган.

"Менда бутун инсониятни тирик организмдаги саратон ўсимтасининг макро аналоги деб ҳисоблашга барча асос бор. Тирик организм деганда сайёрамизни назарда тутаяпман", - деб ёзган у.

Виноградовнинг фикрлашича, табиий танлов деярли ишламай қолган, замонавий жамиятнинг ягона мақсади эса - "имконқадар тез суратларда имконқадар кўп лаззат олиш".

У, шунингдек, "замонавий истеъмол жамияти"га тоқат қила олмаслигини ёзган ва ўтган йили Жаҳон ёввойи табиат жамғармасига кўнгилли бўлиб ёлланганини эслатган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг Интерфаксга хабар қилишича, руҳшунос экспертлар Виноградовнинг руҳий соғломлигини аниқлашлари керак бўлади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар


Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.