BBC navigation

Хитой Компартиясининг съезди очилди

Сўнгги янгиланиш 8 ноябр 2012 - 09:41 GMT

Хитой раҳбари Ху Цзинтао Хитой Коммунистик партиясининг 18 съездини очган.

Анчадан буён кутилаётган маросимда партия раҳбарияти ва Хитой ҳукумати таркиби аниқланиши керак.

Хитойда съезд олдидан хавфсизлик масалалари ўта кучайтирилган.

Икки мингдан ортиқ делегатлар олдида чиқиш қилган жаноб Ху Хитой жуда кенг имкониятлар қаршисида турганини ва мамлакат "ўз олдига юксак мақсадлар қўйиши ва чинакамига ишлаши" лозимлигини, Хитой тараққиёти фан-техниканинг ютуқларига узвий боғлиқ ҳолда ривожланишини таъкидлаган.

Ху Цзинтао ўз нутқида коррупция борасида жиддий огоҳлантирар экан, "бу муаммо партия учун ҳалокатли бўлиши, ҳатто партия ва давлатнинг парчаланишига олиб келиши мумкин" ,- деб айтган.

Унинг сўзларига кўра, "қонун бузувчилар ким бўлиши, қандай лавозимни эгаллашидан қатъий назар жавобгарликка тортилиши лозим".

Олдинроқ Хитойда Чунцин шаҳар партиясининг собиқ котиби Бо Силай порахўрлик ва ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда айбланиб вазифасидан олинганди.

Бо Силайга коррупция бўйича айблов эълон қилиши кутилмоқда.

Айни пайтда юқори лавозимли раҳбарларнинг коррупцияга алоқадорлиги ҳақида хабарлардан сўнг Хитойда ерни ноқонуний босиб олиш ва атроф-муҳитнинг зарарланиши масалалари борасида норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Минглаб одамлар Хитой оммавий ахборот воситаларига ўз талабларини ёзаётганлари айтилган.

Ху Цзинтао нутқи партия маросимини бошлаб берган. Маълумотларга кўра, съезд бир ҳафта давом этади ва Хитой раҳбарияти алмашингани эълон қилинади.

Компартия бош котиби ва Хитой Халқ Республикаси раҳбари Ху Цзинтао ўрнига унинг ўринбосари Си Цзинпин келиши кутилмоқда.

Ғарб кузатувчилари Хитойдаги ўзгаришлар, давлат тепасига янги раҳбариятнинг келиши мамлакатдаги сиёсий ислоҳотларга янгитдан куч беришига ва Хитой билан муносабатларга ижобий таъсир кўрсатишига умид билдиришмоқда.

Янги раҳбар

Съезднинг расмий жадвали эълон қилинмаган, лекин Хитойнинг янги раҳбарлари ким бўлиши ва уларнинг келгуси режалари қандай бўлиши масаласи бутун жаҳоннинг диққат марказида.

Съезд давомида янги марказий қўмита сайланади. Марказий қўмита сўнгра энг юқори даражали идора ҳисобланмиш Политбюронинг доимий қўмитаси аъзоларини тайинлайди.

Жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтади, лекин аслида юқори даражали расмийлар ким бўлиши бўйича аввалдан қарор қабул қилинган.

Ҳозирда Доимий қўмитанинг тўққизта аъзоси бор, улардан етти нафари, хусусан Президент Ҳу Жинтао ва Бош Вазир Вен Цзябао лавозимни топширишлари кутилади.

Қўмитада қолаётган икки аъзо Си Цзинпинь Коммунистик партия раҳбари, Ли Кесиянг эса унинг муовини этиб тайинланади. Жаноб Си 2013 йил мартида, шунингдек, Хитой президенти лавозимини қабул қилиб олиши кутилади.

Таҳлилчиларга кўра, Хитойда сиёсий ислоҳотларнинг йўқлиги кўпларнинг эътиборини тортган. Коммунистик партия аввалгидек барча лавозимларни назорат қилади ва ҳар қандай танқидни бостиради.

Партия мудофаадан кўра, ўзининг ички хавфсизлиги учун кўпроқ пул сарфлайди.

Си Цзинпинь ҳукумат тепасига келгач, баъзи таҳлилчиларга кўра, бошқарув стили ўзгарса керак. У нисбатан ёш ва Ғарбни яхши билади.

Шу кунларда Хитой блогосферасида Жаноб Си гўёки таниқли ислоҳотчилар билан учрашгани хабар қилинган, лекин буни тасдиқловчи бирор расмий хабар йўқ.

Айни дамда Хитойдаги сиёсий тизим ўзгармоқда. Ўтмишда Мао Цзедун ёки Дэн Сяопин каби доҳийлар бутун мамлакатга ўз сўзларини ўтказа олган бўлса, бугунда Хитойни коллектив раҳбарият бошқаради, ва янги лидер мана шу коллектив раҳбарият таркибидаги турли фракциялар ўртасида усталик билан амал қилишига тўғри келади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.