BBC navigation

'Малала Юсуфзайга Тинчлик учун Нобел мукофоти берилсин'

Сўнгги янгиланиш 9 ноябр 2012 - 12:21 GMT

Отаси Зиёвиддиннинг айтишича, Малала Тинчлик учун Нобел мукофотига лойиқ

Бутун дунё бўйлаб ўн минглаб одам толиблар бошидан отиб, оғир яралаган покистонлик фаол ўқувчи қизга Нобел мукофоти беришга даъват этувчи онлайн-петицияга имзо чекишган.

Фаоллар ҳозир Малала даволанаётган Буюк Британия ҳукуматини ҳам ўз ташаббусларини қўллашга чақиришган.

Уларга кўра, 15 ёшли Малала Юсуфзай қизларнинг таълим олишлари йўлида кампания олиб бориб, ўз тимсолида таҳсилдан мосуво бўлган барчани намоён этган.

Малала бундан бир ой бурун Покистоннинг ўз вақтида Толибон ҳаракатининг таянч нуқтаси бўлган Свот водийсида ҳужумга учраган ва жароҳати оғир экани боис, сўнгроқ лозим тиббий муолажа олиши учун Британияга юборилганди.

Отасининг айтишича, бутун дунё ўзини қанчалик қўллаб-қувватлаётганини кўриб, қизининг боши осмонга етган.

Британиялик шифокорларнинг айтишларича, Малаланинг соғлиғи ўнгланиб бормоқда.

Малала 2009 йил бошларида Би-би-си Урду Хизмати учун ёзган кундаликлари билан ҳам тилга тушган.

У ўз кундаликларида Толибон назорати остида кечган ҳаётлари, қизларнинг таҳсилдан умуман мосуво этилганликлари ҳақида ҳикоя қилган.

Шу шанба куни эса, Малала Юсуфзай номи остида бутун дунё бўйлаб таълимдан бебаҳра 32 миллион қизни мактабга қайтариш мақсад қилинган.

Бирлашган Миллатларнинг Маориф бўйича махсус вакили Гордон Браун ҳам ушбу масалани муҳокама этиш учун жорий пайтда Покистон сафарида.

"Нобел мукофотига лойиқ"

Отаси Зиёвиддиннинг айтишича, Малала Тинчлик учун Нобел мукофотига лойиқ.

"Малала инсоннинг шаъни, тоқатлилик ва турфафикрлиликни ҳимоя этиб келаётганди. У ўзининг қони билан ваҳшийлик ва инсоний тамаддун ўртасида қатъий чизиқ тортди. Малаланинг овози Покистон халқи ва бутун дунё бўйлаб маҳрумият аламини татишларига тўғри келаётган болаларнинг овозидир”, дейди отаси.

Британиялик фаол Шоҳида Чаудҳарининг айтишича, “Нобел Тинчлик мукофотининг берилиши Малала дунёнинг эътиборида эканига далолат қилгани учун” онлайн-петиция уюштирган.

Белгиланган меъёрларга жавоб берувчи ҳар қандай шахснинг номзоди Тинчлик учун Нобел мукофотига илгари сурилиши мумкин ва аризаларни топшириш муҳлати феврал ойида ўз поёнига етади.

Шундан сўнг Нобел қўмитаси тайёрлаган рўйхат кенг жамоатчиликка ошкор қилинмайди, совриндорлар эса, октябр ойида танланади.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.