BBC navigation

АҚШ собиқ президентини ўлдирмоқчи бўлган саудиялик талабага бир умрлик қамоқ жазоси

Сўнгги янгиланиш 14 ноябр 2012 - 09:17 GMT

АҚШ собиқ президенти Жорж Бушнинг Техасдаги уйи ва бошқа жойларга ҳужум қилишни режалаштирган саудиялик талаба бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган

АҚШ собиқ президенти Жорж Бушнинг Техасдаги уйи ва бошқа жойларга ҳужум қилишни режалаштирган саудиялик талаба бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Ҳакам оммавий қирғин қуролини ишлатишга урингани учун ҳибсга олинган Ҳолид Алдавсарийнинг режаси жиддий бўлганига шубҳа қилмаслигини айтган.

2011-йил февралида Федерал Қидирув Бюроси 22 ёшли Холид Алдавсарийнинг Техас штати Луббок шаҳридаги уйидан бомба ясовчи моддаларни топганди.

Саудиялик талаба ҳадафга олмоқчи бўлган рўйхатда атом станциялари ва сув тўғонлари ҳам бўлган.

Техас штати Амарилло маҳкамасида ҳукмни ўқир экан ҳакам Донар Уолтер: "Асл мақсад, америкаликларни ўлдириш бўлган. Сиз бу ишни қилган бўлардингиз,"- деб айтган.

'Жиҳод замони'

Федерал Қидирув Бюроси Алдавсарий изига талаба кимёвий ширкатдан бирданига 435 долларлик заҳарли кимёвий моддани сотиб олиши ортидан тушган.

Терговчиларга кўра, Холид Алдавсарий портловчи моддалар тайёрлашда ишлатиладиган фенолни сотиб оларкан, сотувчи ширкатга ундан “шахсий тадқиқотлари” учун фойдаланмоқчи эканини айтган.

Саудиялик талаба жавобидан шубҳага тушган кимёвий ширкат бу ҳақда Федерал Қидирув Бюросига хабар беради.

Алдавсарий кейинчалик кимёвий моддани сотиб олмасликка қарор қилади, дейди Адлия вазирлиги.

Аммо, прокурорларга кўра, Холид Алдавсарий аста-аста 30 литр азот кислотаси ва 15 литрга яқин сулфат кислотасини сотиб олишга муваффақ бўлади.

Холид Алдавсарий қамоққа олинишидан олдин федерал агентлар яширинча унинг уйини тинтиб кўришган.

Тинтув чоғида портловчи кимёвий моддалар, симлар, заҳарли моддалардан ҳимоя қилувчи коржома, соатлар ва кимёвий портловчи моддани қандай тайёрлаш мумкинлигини намойиш этган видеолар топилади.

Федерал Қидирув Бюроси, шунингдек, Алдавсарий ўз ҳадафлари, жумладан жаноб Бушнинг Далласдаги уйи ҳақида изланишлар олиб борганини аниқлаган.

Талаба ўз кундалигида Жорж Буш уйини “Золимнинг уйи,” дея қайд этади.

Холид Алдавсарий ўз кундалигига шундай сўзларни битган: "Инглиз тилини ўзлаштирдим, портловчи моддаларни қандай тайёрлашни ўргандим, америкалик кофиларнинг ҳадафга олиш режасини ҳам ишлаб чиқдим. Жиҳод замони етиб келди."

Алдавсарий сешанба куни бўлиб ўтган маҳкама пайтида кечирим сўраган.

"Ёмон ҳатти-ҳаракатим учун кечирим сўрайман, аммо бу амалларим билан мен Америкага зиён-зарар етказганим йўқ," – деб айтган саудиялик талаба.

Холид Алдавсарий Қўшма Штатларга 2008 йилда қонунан келган, дастлаб Техас Технология Коллежида кимёвий муҳандисликка ўқиган, аммо кейинчалик бизнес соҳасида таълим олишни афзал билиб, ўқиш жойини ўзгартирган эди.

Саудиядаги саноат ширкати унинг ўқиш ва яшаш харажатларини қоплаб келган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.