BBC navigation

Исроил ҲАМАСнинг бош қароргоҳини бомбалади

Сўнгги янгиланиш 17 ноябр 2012 - 08:58 GMT

Ҳаво ҳужумлари чоғида Ғазо бўлгасидаги ҲАМАСга қарашли 85 та объект нишонга олинган

Ғазо бўлгасидан олинган хабарларга кўра, "бинога жиддий зиён етган". Ҳозирча қурбонлар ва жароҳатланганларга оид хабарлар йўқ.

Исроил ҲАМАСнинг жума кунги ракета ҳужумига жавобан ушбу амалиётга қўл урганини айтмоқда.

Ўша куни Ғазо бўлгасидан отилган ракета Қуддуси-Шарифнинг жанубий сарҳадларига келиб тушган ва 1970 йилдан буён бу каби ҳодиса кузатилмагани айтилганди.

Ҳужум ортидан, Исроил Қуролли кучлари вакили Йоав Мордехай "Ғазо тунни кўз юммай ўтказиши" билан огоҳлантириб чиққанди.

Бўлгада бўлган мухбиримиз Пол Данахернинг хабар беришича, Исроил томонининг ҳужумлари маҳаллий вақт билан тонг саҳарга яқин бошланган.

Исроил ҳарбийларининг сўзларига қаралса, учувчисиз учоқлар томонидан уюштирилган ҳужумлар олти соат давом этган.

Ҳаво ҳужумлари чоғида Ғазо бўлгасидаги ҲАМАСга қарашли 85 та объект нишонга олинган.

Исроил ҳукумати, бундан ташқари, захирадаги 16 минг аскарни сафарбар этиб, яна 75 минг нафарини ҳозир туришлари билан огоҳлантирган.

Тарихча ўрнида

Минтақадаги янги можаро 10 ноябр куни яна оловланганди.

Фаластинлик жангарилар Ғазо бўлгасидаги ўзаро чегарани қўриқлаётган Исроилга тегишли ҳарбий "Жип"ни ҳужумга тутишганди.

Натижада, исроиллик тўрт аскар оғир тан жароҳатлари билан маҳаллий касалхонага етказилганди.

Исроил бунга жавобан ҳаводан ҳужум уюштириб, "Исломий жиҳод" ҳаракатининг икки жангарисини ўлдирганди.

Орадан бир соат ҳам ўтмасдан, Исроил жанубидаги шаҳарлар ракета ҳужумига тутилганди.

Якшанба куни мисрлик воситачиларнинг саъй-ҳаракатлари билан эришилган оташкесин ҳам иш бермаганди.

Исроил чоршанба куни ҲАМАС қуролли қаноти раҳбари Нажот Аҳмад Жабборийни ўлдирганди.

Бунинг ортидан, унинг сафдошлари Исроил "дўзах эшикларини очгани" билан огоҳлантиришганди.

Ҳар икки томоннинг ҳаво ҳужумлари сабаб ўтган икки кун ичида уч исроиллик ва камида 38 фаластинлик қурбон бўлган.

Сўнгги вазият

Исроил жума куни Ғазо бўлгасига элтувчи учта асосий йўлни тўсиб қўйган.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, "бўлга аҳолиси бироз ҳайрат ва қўрқувда эканига қарамай, руҳлари тетик".

Қуруқликда ҳам ҳарбий амалиётлар бошланишига оид гап-сўзлар бор. Аммо расмийлар буни рад этишмоқда.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху жума куни минтақадаги вазиятни АҚШ Президенти Барак ОБама билан телефон орқали гаплашиб олган.

Барак Обама Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя этиш амалларини дастаклашини билдирган. Ҳар икки томондан берилган қурбонлардан қайғуда эканини айтган.

Оқ Уй матбуот хизматига кўра, икковлон мавжуд тангликни қандай қилиб юмшатиш масаласини муҳокама этишган.

Худди ўша куни АҚШ президенти мисрлик ҳамкасби Муҳаммад Мурсий билан ҳам гаплашган ва унинг сулҳу мадора йўлида қилаётган ишларини олқишлаган.

Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши ҳам пайшанба куни ушбу масалага бағишлаб йиғин ўтказган, аммо бир тўхтамга келмаган.

Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Исроилни "ваҳшийликлар"да айблаган.

Миср Исроилдаги элчисини чақириб олиб, президенти "Ғазони тақдирнинг ҳукмига ташлаб қўймасликлари"ни ваъда қилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.