BBC navigation

Мумбай ҳужумчиси Қасаб қатл этилган

Сўнгги янгиланиш 21 ноябр 2012 - 14:03 GMT

Қасабнинг темир йўл шоҳбекатида совуққонлик билан йўловчиларни бирма-бир ўлдириши хавфсизлик камераларига ёзиб олинганди

Мумбайда 2008 йилда амалга оширилган ҳужумларда омон қолган ягона ҳужумчи Муҳаммад Ажмал Амир Қасаб осиш орқали қатл қилинган.

Покистонлик ҳужумчи ўз гуноҳидан кечишларини сўраб Ҳиндистон президентига ёзган мактуби ой бошида рад қилинганди.

Ички Ишлар вазирлигига кўра, у чоршанба куни тонгда Пунедаги қамоқхонада осиб ўлдирилган.

Мумбайнинг 60 соатлик ишғоли 2008 йил 26 ноябрда бошланганди. Темир йўл станцияси, ҳашаматли меҳмонхоналар ва яҳудий маданий марказига қилинган ҳужумлар 166 одамни нобуд қилган. Тўққиз қуролли ҳужумчи ҳам ўлдирилган.

Қасаб ва унинг шериги темир йўл шоҳбекатида одамларга ўт очиб, 52 кишини ўлдиришганди.

У 2010 йил майида қотиллик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган. Олий Маҳкама август ойида унга чиқарилган ўлим жазосини ўз кучида қолдирган.

Покистон воизи ўз ҳукумати ҳар қандай террорчиликни қоралашини билдирди. Бироқ, Мумбай ҳужумлари ортида турганликда айбланган Покистонда амал қилувчи ман қилинган Лашкари Тойиба жангари гуруҳи Қасабни "қаҳрамон" дея олқишлаган. Лашкари Тойибанинг ўз исмини ошкор этмаган воизи Рейтерсга "у бошқа жангчиларни илҳомлантирган"ини айтган.

Покистондаги Толибон эса Қасабнинг осиб ўлдирилишидан "ларзага келган"ини билдирган. Бу ҳақида Толибон воизи Эҳсонулла Эҳсон Рейтерсга гапирган.

Қасабнинг охирги кунлари борасида маълумот жуда оз эди, бироқ унинг ҳимоячиси Ражу Рамачандран Қасаб жуда чуқур хавотирда бўлганини айтди.

У осиб ўлдирилишидан қўрқиб, адвокатидан "Илтимос, мени қамоқдан чиқиб олишимга ёрдам беринг", деб сўраган.

Қасаб 26 ноябрда Мумбайга денгиз орқали сафар қилган 10 кишилик ўта яхши қуролланган гуруҳнинг аъзоси бўлган.

Гуруҳ турли нишонларга ҳужум уюштириш учун бўлинган. Уларнинг Таж Маҳал меҳмонхонаси, Оберой Тридент меҳмонхонаси ва Яҳудий марказига қарши қилган ҳужумлари икки кундан ошиқ давом этган.

Хавфсизлик камералари Қасаб ва унинг шериги Мумбайдаги энг одамларга гавжум Чатрапати Шиважи Терминус вокзалида йўловчиларга қарата ўт очаётганини намойиш қилган.

Ҳиндистон ҳужумда Лашкари Тойибани айблаши ортидан Ҳиндистон ва Покистон орасидаги муносабатлар кескин совуқлашганди.

Илк раддиялари ортидан Покистон ниҳоят ҳужум қисман ўз ҳудудида тайёрлангани ва Қасаб ўз фуқароси эканини тан олган. Бунинг ортидан муносабатлар аста-секин илиқлашиб келган.

Қасабнинг қатл этилиши 2004 йилда Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида ўсмир қизни жинсий зўрлаб ўлдирган кишининг осиб ўлдирилишидан бери илк олий жазо қўлланиши ҳоли бўлмоқда.

Aзиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.