BBC navigation

Миср пойтахти Қоҳирада танклар жойлаштирилди

Сўнгги янгиланиш 6 декабр 2012 - 09:39 GMT

Миср армияси Қоҳирадаги президентлик саройи ташқарисида танклар ва зирҳли машиналар жойлаштирган.

Мазкур қарор ўтган тун Президент Муҳаммад Мурси тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида кечган қақшатқич тўқнашувлар ортидан олинган.

Жангларда камида 5 инсон нобуд бўлган ва 400дан ортиқ киши яраланган. Аммо, сўнгги хабарларда ҳозир вазият бироз тинчигани айтилади.

Тўқнашувлар чоршанба куни президент тарафдорлари мухолиф намойишчиларни тўхтатишга уринишлари ортидан бошланиб кетганди.

Тартибсизликлар ҳозир Мисрнинг бошқа қисмларига ҳам тарқалгани хабар қилинади.

Айтилишича, "Мусулмон Биродарлари"нинг Исмоилия ва Суез каби шаҳарларидаги идораларига ҳужумлар уюштирилган.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири Жон Лейн ўтган тун кузатилган тўқнашувларни мамлакатдаги сиёсий инқирознинг хавотирли ривожи сифатида таърифлайди.

Мухбиримизга кўра, зўравонликлар собиқ президент Ҳусни Муборак даврида амалга оширилган инқилоб пайтидаги усулларни эслатади.

Мухолифат лидерлари мазкур зўравонликларда "Мусулмон Биродарлари"ини айблашмоқда.

Миллий Қутқарув Жабҳаси етакчи раҳбарлари - Муҳаммад Ал-Барадий ва Амр Муса берган қўшма матбуот анжуманида зўравонликлар учун жаноб Мурсини тўла жавобгар ҳисоблашларини айтишган:

"Энг аввало, мен шуни айтмоқчиманки, биз Президент Мурси ва унинг ҳукуматини бугун Мисрда юз бераётган зўравонликлар учун мутлақ масъул сифатида кўрамиз", деб айтган Муҳаммад Ал Барадий.

Мухолифат агар жаноб Мурси ўзига катта қудрат берувчи фармони ва Конституцияга ўзгартишлар киритишга оид жорий ой режаланган референдумни бекор қилса, у билан мулоқотга боришини ҳам билдирган.

"Инқилоб бунинг учун амалга оширилгани йўқ. Инқилоб эркинлик, демократия ва инсоний қадр-қиммат учун амалга оширилди", деб айтган Муҳаммад Ал - Барадий матбуот анжуманида.

Мисрдаги тартибсизликлар айни мана шу баҳсли конституция лойиҳаси туфайли бошланиб кетган, бироқ ҳукумат референдум барибир ўтказилиши таъкидламоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.