BBC navigation

Мусулмонларнинг 'ҳалол уйлари' Голландияда янги можароларга сабаб бўлмоқда

Сўнгги янгиланиш 15 декабр 2012 - 14:35 GMT

Сўз кетаётган "ҳалол уйлар" Голландия пойтахтининг қашшоқроқ ғарбий сарҳадларидаги Бос ен Ломмер мавзеъсида жойлашган

Икки юзга яқин уй-жойнинг мусулмонларнинг эҳтиёжларига қараб, қайта таъмирдан чиқарилиши Амстердамда диний ва сиёсий можароларга сабаб бўлмоқда.

Бу каби уйларда мусулмонларнинг таҳорат олишлари учун лозим шарт-шароитлар яратилади ва эркагу аёлларни бир-биридан тўсиб турувчи махсус эшиклар ўрнатилади.

Голландиядаги айрим ўнг қанот сиёсатчилар эса, бундай ўзгаришларга ўзлари қолиб, халқни ҳам қарши қўйишга уринишмоқда.

Уларнинг огоҳлантиришларича, ўзларига исломий шарт-шароитлар яратилишини истаган инсонларнинг "Маккага борганлари маъқул".

'Ҳалол уйлар'

Сўз кетаётган "ҳалол уйлар" Голландия пойтахтининг қашшоқроқ ғарбий сарҳадларидаги Бос ен Ломмер мавзеъсида жойлашган.

Улар ташқи тарафдан четдан келган муҳожирларга мўлжалланган оддий давлат уйларидан фарқ қилмайди.

Wim de Waard голланд уй-жой уюшмаси вакилларининг айтишларича, янги ўзгартиришлар фақат мусулмонлар эмас, умуман одамларнинг амалий эҳтиёжларини ўйлаб амалга оширилган.

Уларга кўра, уйларни қайта таъмирлашдан аввал мусулмон жамоалари дохил маҳаллий аҳолининг фикрини яхшилаб ўрганишган.

Уюшма вакилларининг сўзларидан аён бўлишича, бу каби турар-жой бинолари фақат мусулмонларга мўлжалланмаган.

Рўйхатда навбати келган бўлса, оила аъзоларининг сони ва топаётган даромадига қараб, истаган одам уларда туриши мумкин, дейишади улар.

Гиирт Вилдерс ҳам ғазабда

Ўзининг Ислом динига қарши зиддиятли қарашлари билан танилган ўнг қанот сиёсатчи Гиирт Вилдерс ҳам голланд мулозимларини "ўрта асрларга хос гендер апартеид"ини дастаклаётганликда айблаган

Ўз вақтида анчайин тоқатли ва либерал кўрилган голланд жамиятида бугун аксарият эркак ва аёлларни бир-биридан ажратиш ғоясига қарши.

Уларга кўра, бу каби ҳолат гендер нотенгликка сабаб бўлиши мумкин.

Ўзининг Ислом динига қарши зиддиятли қарашлари билан танилган ўнг қанот сиёсатчи Гиирт Вилдерс ҳам голланд мулозимларини "ўрта асрларга хос гендер апартеид"ини дастаклаётганликда айблаган.

Жаноб Вилдерс голланд мавзеъларининг "геттолашиб" кетишини ҳам башорат қилишни унутмаган.

Бу каби кескин сўзлар эса, унинг оғзидан илк бор янграётгани йўқ.

Гиирт Вилдерс бундан икки йил бурун диний адоват уйғотиш айбловлари билан маҳкамага тортилган, бироқ оқланганди.

Сиёсатчи яқинда Голландияда бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳам муваффақиятсизликка учраганди.

Шу боис ҳам, ўзининг барчани эътиборини тортувчи бу каби чиқишлари билан муҳожирларга қарши ўнг қанот сайловчилар қатламини яна ўзига оғдиришга ҳаракат қилаётган кўринади.

Чунки, яқинда эълон қилинган оммавий сўров натижаларига кўра, агар сайловлар эртага уюштирилгудек бўлса, уларда жаноб Вилдерснинг "Озодлик" (PVV) ғолиб чиқиши тайин экан.

Вилдерс тарафдори

Кўчмас мулк билан шуғулланувчи "Озодлик" партияси тарафдорларидан бири ҳам "ҳалол уйлар" ғоясидан шокка тушганлигини айтади.

"Бу - кулгули бир нарса. Эшитиб, ҳазил бўлса керак, деб ўйлагандим", дейди у.

"Энди эса, бу ғоя амалга ошаяпти. "Қуръон" тартиб-қоидалари дискриминацион. Улар бизни ўрта асрларга қайтаради. Агар ижтимоий табақасига қаралса, муҳожирлар қуйи синфдан. Таълим олишмаган. Улар бизнинг замонавий ва либерал қадриятларимизни қабул қилишнинг ўрнига ўзлариникини голланд жамиятига олиб киришади", дейди у.

"Биз уларга голланд жамиятига мослашишни ўргатишимиз лозим. Бу - орқага қайтиш. Агар сўз автобуслар ҳақида кетганда, нима бўларди? Агар аёл ва эркак йўловчиларни бир-биридан ажратадиган бўлсак, бу худди дискриминацияга ўхшаб қоларди. Голландияда-я! Бу - ақлга сиғмайдиган гап. Ҳеч ишонгим келмайди. Бу - мени қўрқитади".

"Ўзларининг иши"

Бу каби уйларда мусулмонларнинг таҳорат олишлари учун лозим шарт-шароитлар яратилади ва эркагу аёлларни бир-биридан тўсиб турувчи махсус эшиклар ўрнатилади

Аммо "ҳалол уй"лар жойлашган мавзеъ аҳолиси умуман бошқача фикрда.

Уларга кўра, ўз уйларини қандай қилиб ўзгартириш қўшниларининг шахсий ишларидир ва ҳеч қандай "геттолашиш" муаммоси ҳам йўқ.

"Биз бу ерда ҳаммамиз аралаш-қуралаш яшайверамиз. Ҳаёт ҳам шуниси билан сал мазмунлироқ бўлади", дейди улардан айримлари.

Мен Твиттер орқали бу ғояга қарши бўлган голландлардан бирининг фикри билан қизиққанимда эса, "бу каби нотенгликнинг солиқ тўловчи ҳисобидан бўлиши янглиш иш экани" ва ўзга давлатнинг анъаналари бошқаси учун "ҳақоратли" бўлиши мумкинлигини айтди.

Яна бир можаро эса, анъанадор голланд жамиятида бунга ўхшаш лойиҳаларнинг қисман солиқлардан тушаётган маблағлар ҳисобига молияланиши ҳақида сўз кетганда ўртага чиқади.

Уй-жой уюшмасидан билдиришларича, давлатнинг молияси кафолатланган эса-да, бу - ҳануз субсидия сифатида қабул қилинади.

Уюшмага кўра, уйларнинг ижарадорлигини ошириш ва барчанинг кўнглини бирдек олиш учун бу лойиҳага қўл уришган.

Аммо, аксариятнинг наздида, дин бўладими, сиёсат ёки кишиларнинг шахсий ҳаётлари назарда тутилганда ҳам, бу каби ғояни амалга ошириш осон иш бўлмайди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.