BBC navigation

'Қалтис барқарорлик' ёки Бокуда умр кечираётган арманилар ҳақида...

Сўнгги янгиланиш 15 декабр 2012 - 15:43 GMT

Мелани Кребс 2010-йилда Берлиндаги Гумболт Университети Марказий Осиё Тадқиқотлари бўлимида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

"Еревангами?" - дейди Боку марказидаги Совет давридан қолган саноқли кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи дўстим "Алена" (исми ўзгартирилган) ва менга гўёки бу ҳаётимда эшитган энг аҳмоқона, ҳаттоки, таҳқирловчи ғоя, дегандек қарайди. - "Мен у ерда яшагандан кўра, ўлганим яхши!"

1990-йил январидан кейин Бокудан кўчиб кетмаган арманилардан бири сифатида "Алена" бу сўзлари қуруқ эмаслигини аллақачон исботлаган.

Ўшанда "Қорабоғ" масаласида миллатчилар юришидан кейин Бокуда арманиларга қарши "погром" бошланган, ҳозиргача номаълум сондаги инсонлар яраланган, ўлдирилган ва кўплаб уйлар вайрон этилганди.

Бир неча кун ичида Бокуда адади бўйича учинчи бўлган арманиларнинг аксари бор-будларини ташлаб, шаҳардан қочиб чиқишганди.

Уларнинг кўпи шаҳарда истиқомат қилган учинчи авлод вакиллари эди.

Бокуни ўз киндик қони тўкилган жойи деб билган оз сонли арманиларгина шаҳарни тарк этишдан бош тортишганди ўшанда.

"Қаерга боришим керак эди? Нима учун? Бу - менинг шаҳрим. Боку фақат ўша аҳмоқларга таалуқли эмас!" - дейди "Алена".

Чиқиб кетганлар учун улар "ватан" деб билган ўлка, аслида эса хорижий давлат бўлиб чиқди: Бокулик арманиларнинг аксари эндиликда армани черковига алоқадор эмаслар. 1960-йилларда Бокуда сўнгги армани мактаби беркитилиши ортидан бу шаҳарда яшовчи арманиларнинг аксари ўз она тилларини яхши билишмайди.

1960-1970-йилларда Боку "космополитлар шаҳри" сифатида таърифу тавсиф этиларди.

Бокунинг ўзгариб бораётгани ҳақидаги тадқиқотларим давомида армани жамоасининг йўқолиб бораётганига кўп марта гувоҳ бўлдим.

"Алена"га ўхшаган арманилар Бокуда ҳозир қанча қолганини ҳеч ким билмайди. Бу ҳақдаги рақамлар ҳам бир-биридан фарқ қилади – бир неча юздан бир неча мингга қадар.

Уларнинг аксари озарий эркаклар билан турмуш қурган, фарзанд ва невара кўрган армани аёлларидир.

Қизиғи шундаки, бундай гуруҳ вакиллари, расмий статистик маълумотлар ва, ҳаттоки, арманилар қолмагани ҳақидаги даъволарга қарамасдан, ҳали ҳам анча эканликларини айтишади.

Бундай гуруҳ вакилларининг аксари аралаш оилалардан бўлгани учун масала янада чигаллашган.

Тили, дини ва келиб чиқишини аниқ айтиш қийи бўлганларни қандай қилиб армани деб айтиш мумкин?

Озарий эркаги билан 40 йилдан кўпроқ умр кўрган, диндор бўлмаган ва рус тилида гапирувчи "Алена" Бокуда таваллуд топгани ва айнан мана шу шаҳарда дафн этишларини истайди.

Бир неча йилдан буён рус православ черковига қатновчи, Франция паспортига эга ва на армани, на озарий тилини ўрганишни истаган "Алена"нинг қизини қайси миллатга таалуқли дейиш мумкин?

Ё бўлмаса, Россияга кўчиб кетган рус ва арманидан дунёга келган, ўзи эса иши ва озарий рафиқасини деб Бокуда қолган йигитни қайси миллатга таалуқли деб айтиш мумкин?

Уларнинг бари Каспий Денгизи бўйида жойлашган шаҳарга ўзларини яқин ҳис қилишади, бироқ бирортаси ҳам Озарбайжонни ўз мамлакатлари сифатида тан олишмайди.

Уларнинг оилалари ва дўстлари бутун дунё бўйлаб ёйилиб кетган, эски алоқалар эса йўқолиб бормоқда.

Бу кўп ҳолларда иқтисодий қийинчиликларга етаклайди.

Ўзига тўқ яқинлари ёрдамисиз яшай десалар, ойлик ва нафақалар, ижтимоий ёрдамлар кун кўришлари учун етарли эмас.

Иқтисодий масалалардан ташқари, танҳолик ва яккаланиб қолиш каби ҳолатлар ҳам кундалик муаммолар сифатида тилга олинади.

Айниқса, кексалар учун бу ҳолат кўп ҳолларда Озарбайжондаги аксил-армани кайфиятидан ҳам кўра йирикроқ муаммога айланган.

"Менинг ҳамма қариндошларим ва эски дўстларим кетишган.... Улар билан алоқада бўлиб туриш қийин.... Озарий қўшниларим менга бозорлик қилишади, машиналарида шифохонага бепул олиб бориб, олиб келишади. Улар менинг армани эканлигимни билишса керак, деб ўйлайман. Чунки уларнинг айримлари бу уйда кўп йиллардан бери яшашади. Аммо бу ҳақда биз умуман гаплашмаймиз," - дейди "Алена"

Танҳолик муаммосидан ташқари яна икки нуқта давомли тилга олинади.

Биринчиси, армани миллатига таалуқли бўлиш муаммо бўлмаган Совет Иттифоқидаги "эски пайтлар"ни эслаш.

"Қайси миллатдан эканинг муҳим эмасди, чунки ҳамма бир хил эди," - дейди мен билан суҳбатлашган арманилардан бири.

Иккинчи нуқта, қайси миллатга тааулуқли эканингни ҳеч ким савол остига олмаслиги.

Бу, айниқса, озарийлар Бокуда яшовчи арманилар ҳақида гапирган пайтда яққол кўзга ташланади.

Бокулик арманиларнинг бугунги ҳаётини "қалтис барқарорлик" деб номлаш мумкин: улар расман мавжуд эмас, аммо эски қўшнилари томонидан ҳамон армани сифатида кўрилади.

Бокулик арманилар Қорабоғ юзасидан янги уруш эҳтимолларини қўрқув билан кузатиб боришса-да, ҳеч кимнинг тарафини олишмайди.

Улар Боку шаҳрига содиқ, кўп ҳолларда эса, умумий ўтмишга эга ўз озарий қўшниларидан миннатдорлар.

Аммо, Бокулик арманилар уларнинг қайси миллатга таалуқли эканликларини шубҳа остига олувчи жамиятга эҳтиёткорлик билан ёндашишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.