BBC navigation

Покистон: 'Афғон қочқинлари мамлакатда яна 6 ой қолишлари мумкин'

Сўнгги янгиланиш 15 декабр 2012 - 12:44 GMT

Покистон афғон қочқинларига мамлакатда қонуний қолишлари учун яна 6 ой муҳлат берган. Мазкур қарор Бош вазир идорасида бўлиб ўтган олиймақом йиғин ортидан олинган. Покистон-Афғонистон ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ўртасидаги келишувга мувофиқ афғон қочқинлари учун муҳлат 31 декабрда ниҳоя топиши керак эди. Ҳозирда Покистонда қонуний рўйхатдан ўтган 1 ярим миллиондан ортиқ афғон қочқинлари истиқомат қилади. Бунга қўшимча мамлакатда яна бир миллион ноқонуний қочқин борлиги айтилади. 2012 йил охиригача, 200 мингга яқин қочқинни ватанларига қайтариш кўзда тутилаётганди. Биз Покистонлик журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайдан ҳукумат афғон қочқинларига яна нима учун 6 ойгина муҳлат бермоқда, деб сўрадик.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Муддатнинг бор-йўғи 6 ой узайтирилганига сабаб, ишонишимча, Покистон тарафининг агар бу каби қисқа муҳлат берилмаса, афғон қочқинлари ватанларига қайтмайди ва Афғонистон ҳукумати уларни қабул қилиб олиш учун тайёргарлик кўрмайди деган хавотиридир. Покистон ҳукумати Афғонистон ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бу йўлда қандайдир қадамлар қўйишини истайди. Бундан олдин 3 йиллик муҳлат берилганди, бу 31 десембрда ниҳоя топади. Хуллас, Покистон Афғонистон ҳукумати айни масалага жиддий ёндашаётганини кўрсатишини истайди.

Би-би-си: Аммо, 6 ой Афғонистон ҳукумати қочқинларни қабул қилиб олишга ҳозирлик кўриши учун етарли деб ўйлайсизми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Етарли, деб ўйламайман. Ва афғон қочқинлари ортга қайтариб юборилади, деган фикрдан ҳам йироқман. Менимча, улар афғон қочқинлари ҳақидаги битимни узайтиришади ҳамда қочқинларнинг Покистонда қолишларига яна изн беришади. Чунки, Покистон афғон қочқинларини мажбуран чиқариб юбормоқчи эмас. Уларни ихтиёрий ва ўз иззатлари билан ватанларига қайтаришни истайди. 6 ойлик муҳлат Афғонистон тарафи мазкур муаммо ечими томон қандайдир қадамларни ташласин, деган мақсадда берилган. Ҳозир Покистонда қарийб 3 миллион афғон қочқини яшайди Уларнинг бир миллионга яқини қонуний рўйхатдан ўтмаган. Покистон ҳукумати ҳеч бўлмаганда, уларни мамлакатда қонуний туришларини, бу нарса тартибга солинишини истайди.

Би-би-си: Сиз ҳозиргина Покистонда қарийб 3 миллион афғон қочқинлари борлигини айтдингиз. Бирлашган Миллатлар ўтказган сўровларга кўра, уларнинг 80 фоизига яқини ўз ватанларига қайтишни исташмайди. Уларнинг ўзлари Покистонда қолишлари учун 6 ой муҳлат берилгани борасидаги қарорга қандай муносабат билдиришмоқда?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ҳа, бу тўғри. Айни мана шу нарса энг катта муаммо. Чунки, афғон қочқинларининг аксари қайтишни истамайди. Улар хавфсизлик вазияти, иш топиш муаммолари, кун кечириш учун зарурий шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги каби турли сабабларни келтиришади. Афғон қочқинлари ўзлари учун белгиланган муҳлат 31 декабрда ниҳоя топишидан хавотирда эдилар. Аммо, бу муддат ҳозир 6 ойга узайтирилганидан бироз енгил тортдилар. Айни пайтда улар Покистонда қолишлари учун яна ҳам кўпроқ вақт берилишини исташади. Хуллас, бу муаммо ечилмай қолаверишини англатади. Бу келажакда Покистон ва Афғонистон, шу билан бирга Покистон ва Бирлашган Миллатлар Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги ўртасидаги муаммога айланади.

Би-би-си: Кутилмаганда Покистон афғон қочқинларини қайтариб юбориш қарорини берадиган бўлса, оқибатлари нима бўлади, деб ўйлайсиз?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биринчидан, бу ҳол юз беради, деб ўйлайман. Покистон бу одамларни мажбуран қайтармайди. Чунки, бу Покистоннинг афғон халқи ва қочқинлар ўртасидаги дўстона муносабатларига салбий таъсир қилади. Покистон бу масалани тинч йўл билан Афғон ҳукумати ва Қочқинлар бўйича олий комиссарлик билан музокаралар орқали ҳал этишни истайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.