BBC navigation

'Жин чалган'ига ишонувчи британияликлар сони ортмоқда

Сўнгги янгиланиш 18 декабр 2012 - 16:11 GMT
Қуръони Карим

Жинлар ҳақида Қуръони Каримда бор

Тиббиёт ходимлари, психиатрлар ва адлия тизими жин чалишига ишонадиган одамларга тобора кўп дуч келишмоқда.

Янги тадқиқотга кўра, Британиядаги осиёликлар жамоаси ўз аъзолари орасидаги руҳий касалликларда илоҳий кучларни кўпроқ айблайдилар.

Масалан, вос-вос бўлган одамларни "жин чалган", деб ўйлашади ва шифокорга эмас, муллага олиб боришади. Жин ҳайдаш айрим насроний ва яҳудий жамоаларида ҳам учрайди.

Би-би-си мухбири Катрин Най диний табобат хавф туғдириши мумкин ҳолларни ўрганган.

'Жин чалган'ига ишонувчи британияликлар сони ортмоқда

'Жин чалган'ига ишонувчи британияликлар сони ортмоқда

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

41 яшар Муддасир Хон Лондон шарқидаги Уолтомстоу мавзесидаги мол-мулк ижараси ширкатида ишлайди. Мудассир баъзида тўсатдан ишга чиқа олмай қолиши мумкин ва унинг раҳбари бунни билади.

Мудассирга ўтмишда депрессияга қарши дорилар тавсия қилинган. У тўсатдан ваҳимага тушиб қолиши туфайли ишдан жавоб олган ҳоллари кўп бўлган. Лекин, у дорилар ҳеч қандай наф келтирмаганини айтади. У ўз танасига жин кириб қолганига ишонади.

"Одатда бундай ҳолда менинг бутун вужудим таранглашади, чарчоқ сезаман ва бутун вужудим титрай бошлайди. Кейин Қуръондан сураларни ўқий бошлайман ёки биров Қуръон ўқиганини эшитсам, аҳволим янада оғирлашади, чунки, менимча, жин мудофаага ўтади ва бунга қарши курашишни бошлайди", дейди унинг ўзи.

Касаллик аломатларини юмшатиш учун Мудассир бир неча йилдан бери Абу Муҳаммадни олдига боради.

Абу Муҳаммад Лондон Шарқидаги уйи орқасидаги хонада ўтириб жин хайдаш билан шуғулланади.

Абу Муҳаммад Қуръондан сураларни ўқийди, у турли ёғларни ишга солади, баъзида хасталари устидан сув пуркаб, тана қисмларини қўли билан босади. У зўравонлик қўлламаслигини айтади. Бугун у Мудассирнинг танасига жин кирганини билдираркан, ўша жин билан мулоқот қилишга уринаяпти.

Абу Муҳаммад ўзи қўллаётган усуллар қанчалар мубоҳасали эканини билади, шунинг учун ҳам, у мен уни ёзиб оларканман, у ҳам мени ёзиб олаяпти. Чунки, у мухбирлар матбуотда воқеъликни бузиб кўрсатишларини истамайди.

Муддасир Хон

Муддасир Хон танасига жин кириб олганига ишонади

Мудассир илоҳий дунёга ишонган ягона киши эмас. Британиядаги айрим осиёликлар унга ўхшаб, инсон вужудига жин кириб олиши ва инсонга жисмоний шикаст етказиши мумкинлигига ишонадилар.

Бошқалар одатда сал мўътадилроқ ишончга эгалар, улар кўз тегиши, яъни назарга ишонадилар.

Муҳим жойи шуки, жин тушунчаси Қуръони Каримда ёзилган.

Шундай экан, кўп британиялик мусулмонларга ишончларини дастаклаш учун диний асос бор.

Лекин, бу ишонч дунё мусулмонлари орасида турли шаклда. Бу беозор ишонч бўлиши мумкин, лекин олимларни хавотирга солаётгани шуки, бу ишонч жиддий касалликларга бўлган тиббий изоҳ ўрнини босиб кетса, у ҳолда инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин.

Бу 20 ёшли Надим, биз унинг шахсини ҳимоя қилиш учун исмини ўзгартирдик. Надим бетоб бўлиб қолганида, оиласи аъзолари уни жин чалганига ишонишган.

"Ҳамма нарса ғалати туюла бошлади, теварак- атрофим, ҳатто, деворлар ҳам. Кейин ота-онам: "Қўрқма, биз илоҳий кучга эга одамни биламиз, унинг ҳузурига олиб борамиз", дейишди", дея ҳикоя қилади Надим.

Муллага борганидан кейин ҳам Надим ўзига келмади. Сўнг, у касалхонага ётишга мажбур бўлди.

Бугунда Надимга шизофрения ташхиси қўйилган. У кунига бир неча дорини қабул қилиши керак.

Айнан Надимникига ўхшаш ҳоллар тиббиёт мутахассилари орасида хавотир уйғотмоқда. Касаликда жин айблангани ва тиббий кўмакка мурожаат қилинмагани унинг аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.

Профессор Сваран Сингх - Уорвик Тиббиёт институти Руҳий касалликлар бўлими раҳбари ва психиатр. У ўтган беш йил давомида Надимникига ўхшаш ҳолларни тадқиқ қилди.

"Одамлар хасталикнинг илк кунларида депрессия ёки чуқур хавотирга туша бошлаганларида умумий профилли шифокорга мурожаат қилишади. Лекин, аҳволлари оғирлашиб, кўзларига нимадир кўриниб ёки қулоқларига турли овозлар эшита бошлаганларидан кейингина Британиядаги осиёликлар, айниқса, покистонликлар диний изоҳ қидира бошлашади. Улар психиатр ёки шифокорга боришдан кўра жинни ҳайдовчи муллага боришни афзал кўришади", дейди Профессор Сваран Сингх.

"Бу қандай оқибатларга етаклаши мумкин", дея савол бераман.

"Мен биладиган бир сикх киши руҳий касалликка 18 ёшида чалинган. Лекин, оиласи уни психиатрга кўрсатмай, диний табибларга мурожаат қилганлар. 13 йил давомида у шифокорларга учрамаган ва бу 13 йил давомида албатта аҳволи кескин оғирлашган. Эътиқод сизга руҳий хотиржамлик бағишлайди, лекин касалликлардан халос қилмайди", дейди мутахассис.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.