BBC navigation

Афғонистон: полиция либосини кийган аёл америкалик маслаҳатчини отиб ташлади

Сўнгги янгиланиш 24 декабр 2012 - 11:24 GMT

Афғон полицияси сафларига кўплаб аёллар ёлланмоқда

НАТОнинг маълум қилишича, Кобулда полиция либосини кийган аёл халқаро хавфсизлик кучлари томонидан ишга ёлланган Америка фуқаросини отиб ташлаган.

Бу афғон полицияси либосини кийган аёлнинг хорижий фуқарога илк ҳужумидир.

Афғонистон шимолида эса бир афғон полиция зобити олти қуролдошини ҳалок этган.

Афғонистон хавфсизлик кучлари сафларида хизмат қилган шахслар томонидан хорижий фуқаролар ёки ўз ҳамкорларига ҳужум қилиш ҳоллари охирги пайтларда ортиб бормоқда.

Афғон расмийларига кўра, душанба кунги ҳужумда Ички ишлар вазирлигининг аёл ходимаси қаттиқ қўриқланувчи вазирлик қароргоҳига полиция бошлиғи билан учрашгани келган ва тўппончаси билан қароргоҳ ошхонасига бораётган америкалик маслаҳатчини отиб ташлаган.

Ҳужумчи қўлга олинган. Расмийлар гумонига кўра, аёл ҳужумчи Толибон ҳаракатига алоқадор бўлиши мумкин.

Дастлабки хабарларда қурбон бўлган шахснинг ҳарбий маслаҳатчи бўлгани айтилган, аммо кейинчалик НАТО уни АЙСАФ кучларининг "фуқаровий ходими" бўлганини маълум қилган.

НАТО ҳодиса ҳозирда ўрганилаётганини илова қилган.

Шу йил бошидан буён афғон ҳарбийлари ва полициячилари томонидан 50 нафардан зиёд НАТО аскарлари ҳалок этилган.

Душанба куни юз берган бошқа бир ҳодисада, шимолий Жаузжон вилояти Қўш Тепа туманида маҳаллий полиция зобити камида олти нафар ҳамкорини отиб ташлаган.

Толибон сўзчисининг Би-би-сига айтишича, Қўш Тепа туманидаги полициячи анчадан буён Толибон айғоқчиси бўлган.

Сентябр ойида Қўшма Штатлар ҳарбийлари ўхшаш ҳужумлар туфайли маҳаллий полиция ходимларини тайёргарликдан ўтказишни тўхтатган эдилар.

Ҳозирда полиция сафларига қабул қилинадиган ҳар бир шахс ўтмиши изчил ўрганилаётгани хабар қилинади.

Афғонистон миллий армияси ва полициясини тайёргарликдан ўтказиш 2014-йилда Афғонистондан чиқиб кетишни режалаётган НАТОнинг асосий стратегияси ҳисобланади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.