BBC navigation

Миср референдуми: Мурсий тарафдорлари халқни бирдамликка чақирди

Сўнгги янгиланиш 26 декабр 2012 - 10:53 GMT

Cўнгги кунларда Қоҳирадаги баъзи саррофлик дўконларида АҚШ доллари тугаб қолган

Мирсда зиддятли янги конституция қабул қилиниши ортидан Президент Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари мамлакат халқини бирдамликка чақирган.

"Мусулмон Биродарлиги" ҳаракати лидери Муҳаммад Бадиянинг айтишича "мусулмонлар ва насронийлар бир тан, бир жон бўлиб мамлакатни қайта тиклашлари зарур".

Ўтган ҳафта охирида бўлиб ўтган умумхалқ референдумида сайловчиларнинг бор-йўғи 30 фоизи иштирок этган эсада, уларнинг 60 фоизи янги конституцияни қўллаб-қувватлаб овоз беришган.

Танқидчилар сўзларига кўра, янги конституция исломий гуруҳлар манфаатини ҳимоя қилади.

Мисрни деярли 30 йил қаттиққўллик билан идора этган президент Ҳусни Муборак 2011-йил февралида қудратдан четлатилди.

Сешанба куни референдум натижалари эълон қилиниши ортидан янги конституцияга қарши чиққан ўнлаб инсонлар Қоҳирадаги асосий кўприкларни беркитиб қўйиб, шиналарга ўт қўйганлар ва автомобиллар ҳаракатини издан чиқарганлар.

Парламент сайловлари икки ой сўнгра бўлиб ўтади.

Референдум атрофидаги сиёсий бўлинишлар мамлакатда иқтисодий беқарорликни юзага келтирган, одамлар АҚШ долларини сотиб ола бошлаганлар.

Қоҳирадаги баъзи пул алмаштириш шахобчаларида доллар тугаб қолгани хабар қилинади. Референдум натижалари эълон қилинишидан олдин расмийлар Мисрга саёҳат қилувчилар ва мамлакатдан чиқувчиларга 10 минг доллар миқдорида чеклов жорий қилганлар.

Душанба куни Миср Марказий Банки баёнот чиқариб, молиявий инқироз олдини олиш учун банкда етарли миқдорда маблағ борлигини билдирган.

Қоҳирадаги Би-би-си мухбири Бетани Белл хабар қилишича, Президент Мурсий ҳукумати тез орада мамлакат иқтисодини ўнглаш учун баъзи кескин чораларни қўллашга мажбур бўлади ва бу, ўза навбатида, ҳукумат обрўсини тушириб юбориши мумкин.

Сешанба куни жаноб Бадия референдум натижаларини твиттер орқали олқишлаб чиққан.

"Миср халқига янги конституция муборак бўлсин!" - деб ёзади у.

Унинг сўзларини дастаклаган бош вазир Ҳишом Қандил референдумда "мағлуб томон" бўлмаганини таъкидлаган ва халқни мамлакат иқтисодини қайта тиклашда ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга чақирган.

Президент Мурсий тарафдорларига кўра, янги конституция демократияни қўриқлайди ва барқарорликка ундайди.

Аммо мухолифат "Исломий Биродарлик" ҳаракатидан бўлган президентни аёллар ва насронийлар ҳуқуқини поймол этувчи конституцияни қонунийлаштиришга интилганликда айблайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.