BBC navigation

Покистонда бомба портлашидан шиа зиёратчилари ҳалок бўлишган

Сўнгги янгиланиш 30 декабр 2012 - 13:37 GMT


Покистонда мазҳаблараро зўравонликлар кучайган.

Покистоннинг Балужистон вилояти Мастунг шаҳрида бомба портлаши оқибатида камида 19 нафар шиа зиёратчилари ҳалок бўлган ва яна кўплар яраланган.

Зиёратчилар, баъзи хабарларга кўра, Эронга бораётган бўлишган.

Сўнгги пайтларда Покистонда мазҳаблараро зўравонликлар кучайгани кузатилади. Ўтган ой Равалпинди шаҳрида юз берган портлашда 23 нафар шиа мусулмони ҳалок бўлганди.

Покистон расмийларига кўра, мамлакат жануби ғарбида бомба ҳужумига учраган автобус ичида Эрондаги қадамжолар зиёратига бораётган шиалар бўлишган.

Балужистон вилояти Мастунг шаҳрида юз берган мазкур ҳодисада 20 дан ортиқ зиёратчи яраланган.

Дастлабки хабарларда бомба масофадан туриб идора этилувчи ускуна воситасида ишга солингани айтилганди.

Бироқ бир ҳукумат мулозими худкуш бомба ҳужуми содир этилганини маълум қилган.

Расмийлар баъзи ярадорларнинг аҳволи жуда оғирлиги ва қурбонлар сони янада ошиши мумкинлигини айтганлар.

Ҳозирга қадар ҳеч бир гуруҳ бомба ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

Сўнгги йилларда мазҳаблараро зўравонликлар оқибатида юзлаб кишилар қурбон бўлишган.

Биргина ўтган ойнинг ўзида Равпалпинди шаҳрида юз берган портлашда 23 нафар шиа мусулмони ўлдирилганди.

Суннийлар ва шиалар ўртасида охирги пайтларда тўқнашувлар ва адоватнинг кучайишига сабаб нима?- деган савол туғилади шу ўринда.

Ўтган 20 йил ичида сунний ва шиалар ўртасида зўравонликлар бутун Покистон бўйлаб ёйилганини қайд этиш лозим.

Аммо, таҳлилчилар сўзларига кўра, охирги пайтларда суннийлар томонидан ҳужумларнинг ортишига сабаб ал-Қоидага боғлиқ жангари гуруҳлар ғояларининг кучайиб бораётгани бўлмоқда.

Шиа мусулмонларини нишонга олишлар, айниқса, Ироқда суннийлар ва шиалар ўртасида мазҳабий зўравонликлар ортиши ортидан кучайди.

Радикал сунний мусулмонлар Сипоҳи Саҳоба каби қуролли гуруҳларни ташкил этганлар.

Шиа гуруҳлари орасидан эса Таҳрики Жаъфария сингари қуролли гуруҳлар етишиб чиққан.

Покистондаги мусулмонларнинг 80 фоизини суннийлар ва 20 фоизини шиалар ташкил этади.

Мазҳабий зўравонликлар айниқса Покистон шимоли ва Балужистон минтақаларида тез-тез юз бериб туради.

Покистон ҳукумати ҳозирга қадар мазҳабий адоватни аритишга муваффақ бўла олгани йўқ.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.