BBC navigation

Ассад сурияликлар бошига тушган жабрни қоралаб чиқди

Сўнгги янгиланиш 6 январ 2013 - 11:04 GMT

Суриядаги жанглар ўн минглаб одамларни нобуд қилди ва кўпларни уйсиз қолдирди

Сурия Президенти Башар ал-Ассад телевидение орқали чиқиш қилиб, фуқаролик урушида халқ юз тутаётган жабр-ситамларни қоралаган ва ўзига мухолиф кучларни жиноятчилар дея танқид қилган.

Президенти мамлакатнинг ҳар бурчагини "қора булут" қоплаганини айтди.

Айни дамда жаноб Ассад мухолиф кучларни "халқ ва Худо душманлари" деб атади.

БМТ ҳисобига кўра, ғалаёнлар 2011 йил мартида бошланганидан бери 60 минг суриялик ҳалок бўлган.

"Сурия учун яшайман ва ўламан"

Мазкур чиқиш жаноб Ассаднинг ўтган йил июнидан бери қилган биринчи нутқидир.

У ўзига қарши кўтарилган мухолифат тўлқинини "инқилоб эмас" деб атади.

"Инқилоб чуқур фикр юритадиган одамлар томонидан қилинади, ва қандайдир идеяга асосланган бўлади. Инқилобга раҳбар керак. Бу инқилобнинг раҳбари ким?" - деди у.

У исёнчиларни "бир гуруҳ жиноятчилар" дея тасвирлади ва ҳар бир фуқарони ватанни имконқадар ҳимоя қилишларига чақирди.

Жаноб Ассад исёнчиларни халқдан буғдойни ўғирлаш, болаларни таълимдан маҳрум қилиш, ҳамда электр қуввати ва тиббий заҳиралар таъминотини узиб қўйишда айблади.

Унинг айтишича, Сурия ҳеч қачон дипломатик музокаралардан юз ўгиргани йўқ, лекин айни дамда "террорчи идеялар"га эга томонлар билан музокарага кирмайди.

У Сурия мухолифатини Ғарб томонидан яратилган қўғирчоқлар эканини айтиб, ўз маъмурияти "хизматкорлар эмас, хўжайинлар" билан музокара қилишини айтди.

Жаноб Ассад ўтган ноябрда Россия телевидениесига берган интервьюсида Сурия учун яшаши ва ўлишини айтганди.

Ўша интервьюдан бери мухолифат исёнчилари Сурия шимолидаги катта ҳудудларни эгаллаб олишган, ҳамда АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи томонидан тан олинган кўп аъзоли кенгашни тузганлар.

Лекин, мухолифатнинг Дамашқ ва бошқа йирик шаҳарларни қўлга киритиш ҳаракатлари ҳукуматнинг ўта шафқатсиз ҳарбий амалиётларига дуч келган.

Шанба куни Британияда жойлашган Сурия Инсон Ҳуқуқлари Кузатув гуруҳи пойтахт Дамашқнинг Ҳараста ва Дарая туманларида қақшатқич жанглар бўлиб ўтганини хабар қилди.

Сурияда қон тўкилишини тўхтатиш йўлидаги дипломатик уринишлар шу пайтгача иш бергани йўқ.

БМТ ва Араб Лигаси элчиси Лахдар Браҳимий июнда бўлиб ўтган анжуманда тасдиқдан ўтган режани амалга оширишга уринмоқда. Бу режага биноан Сурияда ҳукумат муваққат маъмурият қўлига ўтиши керак.

Аммо, бу режадаги Президент Ассаднинг роли ноаниқ. Сурия мухолифати жанглар буткул тўхтатиши учун жаноб Ассад ҳукуматдан кетишини талаб қилмоқда.

Бир ҳафта аввал жаноб Браҳимий ва Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров ўзаро келишилган ечимдан бошқа йўл йўқлигини айтганлар.

Жума куни НАТО Туркиянинг Сурия ҳаво ҳужумларига қарши курашишига ёрдам бериш учун Туркияга Патриот ракеталарини жойлаштиришни бошлади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.