BBC navigation

Хитойда цензура қандай ишлайди?

Сўнгги янгиланиш 9 январ 2013 - 11:45 GMT

Хитойдан келаётган хабарларга кўра, маҳаллий цензор билан келиб чиққан тортишув юзасидан келишувга эришилганидан сўнг Southern Weekly рўзномаси журналистлари иш ташлашни тўхтатганлар.

Рўзнома таҳририяти Янги Йил куни чоп этилажак мақола маҳаллий цензор томонидан ўзгартирилганидан сўнг норозилик билдирганди.

Бу Southern Weekly таҳририяти билан минтақа цензори ўртасида келиб чиққан биринчи келишмовчилик эмас.

Гуанжода чоп этиладиган бу нашр 2009 йили цензор амалига норозилик сифатида ўзининг бош саҳифасида икки мақола ўрнини бўм-бўш қолдириб, чоп қилинганди.

2001 йили рўзнома муҳаррирлари Хитойдаги камбағал инсонлар тақдиридан ҳикоя қилувчи китоб муаллифи билан суҳбатни чоп этганларидан сўнг ишдан бўшатилгандилар.

Бундан бир йил ўтиб эса ҳайрия ташкилоти томонидан йиғилган маблағларни суистеъфода қилиниши ҳақида журналистик тадқиқот ўтказган журналист ҳам ишдан бўшатилганди.

Бир ярим миллиондан кўпроқ ўқувчиси бўлган Southern Weekly анчайин дадил рўзнома сифатида кўрилади. Лекин Хитойдаги бошқа ҳамма нашрлар каби Коммунистик Партия назорати остидадир.

Ҳар нарсанинг чегараси бор...

Лекин бу гал Southern Weekly журналистларининг тоқатлари тоқ бўлган кўринади.

Хитой матбуоти шархловчиларига кўра, бу гал минтақавий цензор Туо Жен журналистлар билан ўртада мавжуд "ёзилмаган қоидалар"ни бузган.

Бу "ёзилмаган қоидалар" Хитойда ҳар бир нашр мисолида турличадир. Лекин ҳамма журналистлар ва нашрлар бир асосий тизим асосида иш юритадилар.

Баъзида цензорлрнинг кўрсатмалари тўғридан-тўғри пойтахт Пекиндан телефон орқали келади ва муҳаррирлар нозик хабарларни қандай ёритиш кераклиги борасида огоҳлантирилади.

Лекин кундалик равишда ҳар бир журналист ўз мақоласини муҳаррирга тақдим этади. Муҳаррирлар ўз навбатида мақола мазмуни маҳаллий ташвиқот бўлими талабларига жавоб беришига ишонч ҳосил қилишлари керакдир.

Шархловчиларга кўра, ҳар бир рўзнома маҳаллий цензор билан ади-бадига боришданг ўзини тияди. Чунки маҳаллий цензорлар рўзномага йиллик лицензия бериш учун масъуллар. Лицензиясиз эса рўзнома фаолият юрита олмайди.

Бу гал айнан нималар рўй берганлиги тафсилотлари маълум эмас. Southern Weekly журналистлари марказий ҳукуматнинг ғазабини қўзғамаслик учун хорижий матбуот билан суҳбатлашишдан бош тортганлар.

Уларнинг умид қилишларича, "уйдаги гапни кўчага чиқармасалар" маҳаллий цензор ўз айбини бўйнига олиб, рўзноманинг келгуси фаолятига тўсиқ бўлмайди.

Лекин марказий ҳукуматдаги қаттиққўл сиёсатчилар "ўзбошимча" журналистлар талбаларига ён беришларини кутиш қийин.

Шарҳловчиларга кўра, Хитой ҳукуматида матбуотни эркинлаштириш масаласига содиқ бўлган шахсни топиш қийин. Лекин фикрлар турфахиллиги зарур эканлигини тушуниб етадиганлар топилиши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.