BBC navigation

"Жаҳондаги озиқ-овқатнинг ярми исроф қилинади"

Сўнгги янгиланиш 10 январ 2013 - 11:21 GMT

Жаҳондаги озиқ-овқатнинг ярми, яъни икки миллиард тонна озиқ-овқат исроф қилинади. Британиянинг Механик Муҳандислар Институти ҳисоботи ана шундай хулосага келган.

Ҳисоботда айтилишича, исрофгарчиликка озиқ-овқат сақлашдаги ёмон шароитлар, озиқ-овқат муддати борасидаги маълумотлар, кўп миқдордаги озиқ-овқатнинг арзон нархда сотилиши ва истеъмолчилар диди нозиклашгани сабаб бўлган.

Шунингдек, Британиядаги 30% маҳсулотлар кўриниши муайян андозаларга тўғри келмагани учун савдога чиқарилмаслиги айтилади.

Институт тадқиқотчиси Доктор Тим Фокснинг айтишича, озиқ-овқат исрофгарчилиги ўта ачинарли ҳолда.

"Заҳиралар исрофгарчилиги"

Ҳисобот ҳар йили жаҳон бўйлаб ишлаб чиқариладиган тўрт миллиард тонна озиқ-овқатнинг 30-50 фоизи исроф қилинишини аниқлаган.

Унга кўра, Оврўпо ва АҚШда сотиб олинадиган озиқ-овқатнинг ярми ахлатга ташланади.

Механик Муҳандислар Институтидаги энергия ва табиат бўлими раҳбари Доктор Фокс исроф қилинаётган овқат билан жаҳон бўйлаб очарчиликка юз тутаётган ва ўсиб бораётган аҳолини озиқлантириш мумкинлигига ишонади.

"Озиқ-овқатнинг исроф қилиниши айни дамда шу озиқ-овқатни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва тарқатиш учун сарфланган ер, сув ва энергия заҳираларининг исроф қилинганини англатади", - дейди Доктор Фокс.

"Нотўғри муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги тажрибалари, нотўғри нақлиёт ва сақлаш инфратизилмаси, супермаркетларнинг косметик жиҳатдан мукаммал бўлган маҳсулотларни талаб қилиши ва "бир нархга иккита" каби таклифлар билан истеъмолчиларни қизиқтириши озиқ-овқат сарфланишига сабаб бўлаётган омиллардир", - дейди у.

Унинг айтишича, ривожланиб бораётган давлатларда озиқ-овқат сарфланиши маҳсулот етиштириладиган далалар ва бозор ўртасида юз беради, ривожланган давлатларда эса бу савдо ва истеъмол жараёнида кузатилади.

Аҳоли сонининг ўсиб бориши

"Глобал озиқ-овқат: Сарфламанг ва Истаманг" деб номланган ҳисобот ҳеч қачон ейилмай қоладиган маҳсулотларни етказиш учун 550 миллиард кубометр сув сарфланишини аниқлаган.

Унга кўра, озиқ-овқат етиштирилиши учун зарур бўлган сув 2050 йилга бориб 10-13 триллион кубометрга етишини башорат қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса 2075 йилга бориб жаҳон аҳолиси сони 9.5 миллиардга етар экан, яна қўшимча уч миллиард қоринни тўйдириш зарурати туғилишини айтади.

"Сув, ер ва энергия заҳиралари инсониятнинг ўзаро рақобат қилувчи талабларининг босими остида қолар экан, овқатнинг исроф қилинмаслиги, ҳамда яхшироқ етиштирилиши, бир жойдан иккинчисига етказиб берилиши ва сақланишида муҳандисларнинг роли жуда муҳим бўлади", - дейди Доктор Фокс.

"Лекин, бунинг амалга ошиши учун ҳукуматлар, тараққиёт агентликлари ва БМТга ўхшаган ташкилотлар одамларнинг овқат борасидаги қарашларини ўзгартириш йўлида ишлашлари керак, ҳамда фермерлар, супермаркетлар ва истеъмолчиларни овқатни сарф қилмасликка чақиришлари керак", - дейди у.

Сиз яшаётган ҳудудда озиқ-овқат сарфланиши қай даражада? Фикрларингиз билан ўртоқлашинг.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.