BBC navigation

Парижда уч курд аёл фаоллар ўлдириб кетилган

Сўнгги янгиланиш 10 январ 2013 - 09:34 GMT

Курд бўлгинчилари Францияда ўз уюшмалари ва нуфузли аъзоларига эгалар

Париждаги Курд Институтида уч курд аёл фаоллар жасадлари топилган. Уларнинг бари бошларидан ўқ еган бўлган.

Аёллардан бири курдларнинг жангари бўлгинчи ҳаракати бўлмиш Курд Ишчилар Партияси (КИП)нинг асосчиларидан бири бўлгани айтилади.

Франция Ички Ишлар Вазири Мануэл Валлс қотилликни "тоқат қилиб бўлмас" ҳол дея тасвирлаган.

Қотилликлар сабаби аниқ эмас. Туркия давлати ва КИП ўртасида 25 йилдирки давом этаётган зиддият 40 минг одамни нобуд қилган.

Бироқ, Туркия яқинда КИПнинг қамоқдаги раҳбари Абдулла Ожалан билан гуруҳни қуролсизлантириш бўйича музокараларни бошлаган.

"Жиноят жойига қараб, бу қатл этиш ҳоли бўлган деб фикр юритиш мумкин, лекин аниқ нима бўлганини тергов ойдинлаштиради", - деди полиция франциялик журналистларга.

Аёллардан бири - 32 ёшли Фидан Дўған Курд Институтининг ахборот марказида ишлаган.

Франциядаги Курд хабар агентлиги иккинчи аёлни КИПнинг асосчиси Сакине Жансиз, учинчисини эса Брюсселда фаолият юритувчи Курдистон Миллий Конгресси вакили дея аниқлаган.

Жаноб Валлс қотилликлар юз берган жойни бориб кўришини айтди.

"Бу қотилликларга тоқат қилиб бўлмайди, умид қиламанки тергов тез олиб борилади, лекин, келинг терговчиларга ўз ишларини қилишга имкон берайлик", - деди вазир Франс-Инфо радиосига.

Франциядаги Курд Уюшмалари Федерацияси (Feyka) Парижда норозилик намойишлари ўтказилишига чақирган.

Жасадлар пайшанба тонгида топилган. Feyka вакили Лион Эдар қотиллик юз берган идорада хавфсизлик видеокамералари ўрнатилмаган бўлганини билдирди.

Аёлларни шахсан таниган жаноб Эдарга кўра, афтидан қўшнилар ҳеч қандай ўқ овозларини эшитмаганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.