BBC navigation

Ўзбек аёллари ҳам бурқани афзал билишмоқда

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2013 - 10:37 GMT

Шаҳарлик тужжорларга кўра, йилига ўн минглаб бурқа сотишмоқда

Ҳозирга келиб, Афғонистоннинг, ҳатто, Ўзбекистон билан чегарадош шимолий Мозори Шариф шаҳрида ҳам собиқ Толибон тузуми даврида юриш шарт деб кўрилган бурқалар савдоси яна жонланмоқда экан.

Шаҳарлик тужжорларга кўра, йилига ўн минглаб бурқа сотишмоқда.

Янги афғон ҳукумати қудратга келгач, хотин-қизларнинг аксарияти ўзларини бошдан-оёқ буткул ёпиб турувчи бурқаларидан воз кечишганди.

Аммо, Афғонистондаги Толибон тузуми қулашидан ўн йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, бугун толиблар оёғи етмаган шимолий вилоятларда ҳам хотин-қизлар бурқани афзал била бошлашибди.

Мозори Шариф бозорларидан бирида бўлиб қайтган мухбиримиз Амир Барёлнинг айтишича, ҳатто, бурқалар турфалашиб ҳам кетган.

Бурқалар кўча-куй, бозор ёки тўйга мўлжалланганига қараб фарқлангани учун аёлларнинг икки, учталаб бурқа сотиб олишларига тўғри келаркан.

Мозори Шариф шаҳридаги бозорларнинг бирида бурқа сотаётган Ҳожи Камол аканинг айтишича, ўтган йил 70.000 та бурқа сотган.

"Авваллари чекка қишлоқлардан чодирларда келган аёллар ҳам ҳозир бурқага киришган", дейди тужжор.

Мозори Шарифдаги мухбиримизга кўра, шаҳарнинг ўзида ҳам ҳозир бурқада юрган хотин-қизларни кўп учратасиз

Мозори Шарифдаги мухбиримизга кўра, шаҳарнинг ўзида ҳам ҳозир бурқада юрган хотин-қизларни кўп учратасиз. Аммо бурқага кирмаганлари ҳам кўп бўлмаса-да, бор.

"Мен бурқада бўғилиб кетаман. Бурқа менга ёқмайди. Бурқа кийган билан одам ҳаёли бўлиб қолармиди? Агар қиламан деса, ёмон ишни бурқанинг остида ҳам қилиш мумкин", дейди ўз исми шарифи сир қолишини афзал билган мозори шарифлик қизлардан бири.

Шаҳарда ўқитувчилик қилишини айтган Отифа опа эса, Толибон давридан буён ҳануз бурқада юришини айтади.

Отифа опага кўра, эркакларнинг кўзидан қўрқиб, ўзи истаб бурқага кирган ва шу, шу бурқага ўрганиб қолган.

"Бегона одамлар менга қарашса, ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Ҳозир ҳам менга бурқада юриш ёқади", дейди у киши.

Мухбиримиз Амир Барёлнинг айтишича, Афғонистондагисига ўхшаш анъанадор жамиятларда хотин-қизларнинг бурқада юриш-юрмасликлари асосан эркакларнинг истак-хоҳишларига боғлиқ.

Яъни, аксарият эркаклар ҳануз аёллари ёки қизларининг бурқасиз кўчага чиқишларига изн беришмайди.

Лекин, мухбиримизга кўра, шаҳарлик ёшлар ҳақида бундай деб бўлмайди

Аммо бурқага киришни афзал билаётган хотин-қизлар орасида эркакларнинг тегажоқликлари ёки ўз хавфсизликларидан хавотирда бўлганлари ҳам озмунча эмас.

Мозори шарифлик Холида Ниёзий ана шундай аёллардан бири.

"Мен чодир тақмайман ва бундан мамнунман. Мактаб ёки иш борган пайтда ўзимиз истаган либосда бўлишимиз лозим. Аммо бозорга борсам, сўзсиз, бурқа кияман. Чунки ўз хавфсизлигимдан қўрқаман", дейди у.

Лекин, мухбиримизга кўра, шаҳарлик ёшлар ҳақида бундай деб бўлмайди.

"Мен бурқасиз ўзимни эркин ва бахтиёр ҳис этаман. Ҳеч кимдан қўрқмайман", дейди мозори шарифлик қизлардан бири.

Маҳаллий социологларга кўра, хотин-қизларни бурқага киришга ундаётган омиллар диний бўлмай, аксаран жамиятнинг анъанадорлиги билан боғлиқ.

"Бурқа - диний нарса эмас. Ислом дини хотин-қизларнинг юз ва қўллари очиқ бўлишига изн берган. Аёлларнинг қолган жойларини оддий либос ҳам яшира олади. Бурқа эса, аёлларни бошдан-оёқ ёпиб ташлаб, мулоқот қилишларини қийинлаштиради. Бу эса, жамиятга зиён етказади. Бурқада юришлари хотин-қизларнинг ижтимоий фаолликларини пасайтириб юборади", дейди маҳаллий социолог Тақиб Воҳидий.

Афғонистонда бурқасиз юрган фаол аёллар ҳам оз эмас. Аммо уларнинг қолган хотин-қизларни ҳам жамият ҳаётига жалб этиш уринишлари у қадар самара бермаётган бир пайтда, маҳаллий бозорларда бурқалар савдоси йил сайин жонланиб бормоқда. Йилига ўн минглаб бурқалар сотилмоқда.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.