BBC navigation

Покистон: норози Шиа Ҳазоралар майитларни тўртинчи кун дафн этдилар

Сўнгги янгиланиш 14 январ 2013 - 14:59 GMT

Кветтадаги ҳужумлар 92 инсон умрига зомин бўлган.

Ўтган ҳафта пайшанба куни Покистоннинг Балужистон вилояти маркази Кветта шаҳридаги икки худкуш ҳужум оқибатида ҳалок бўлган 60 дан ортиқ инсоннинг жасади душанба куни дафн этилган.

Пайшанба кунги ҳужумларда 92 инсон ҳалок бўлган, 120 дан ортиқ киши яраланган эди.

Қурбонларнинг аксари Ҳазора қавмига мансуб шиа мусулмонлари бўлганлар.

14 январ куни Кветтадаги қабристонга минглаб одамлар йиғилганлар, тушдан кейин 60 дан ортиқ инсоннинг дафн маросими бўлиб ўтган.

Дафн маросимида иштирок этган мухбирларга кўра, нобуд бўлган инсонларнинг яқинлари ўзларининг кўкракларига, бошларига уриб йиғлаганлар, дафн маросимини юзлаб полиция ходимлари ва аскарлар, шунингдек, кўплаб кўнгилли шиа қўриқчилари қўриқлаганлар.

Бу дафн маросими билан Ҳазораларнинг тўрт кунлик норозилик намойишлари якунланган.

Кветталик шиалар пайшанба кунги қўш худкушлик ҳужуми олдини олмаганликда маҳаллий раҳбарлар ва армияни айблашди, жуда совуқ тушган тўрт кечани аёллар, болалар ва эркаклар ҳужум юз берган жойда ўтириб ўтказишди.

Улар расмийлар бизни етарли муҳофаза қилмадилар, деб худкушлик ҳужумларида ҳалок бўлган 92 инсондан 60 нафардан ортиғининг жасадини кўммай ўтиришди.

Балужистон вилояти марказидаги икки ҳужумда 120 дан ортиқ инсон ҳам жароҳатланган эди.

Бу ҳужумлар учун масъулиятни "Лашкари Жангви" сунний мусулмонларининг гуруҳи ўз зиммасига олди.

Кветта шаҳридаги шиаларнинг мотамига ҳамдардлик маъносида Покистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам, Афғонистонда ҳам шиалар норозилик намойишлари уюштирди.

Покистоннинг жами аҳолисининг 20 фоизини шиа мусулмонлари ташкил этадилар, инсон ҳақларини ҳимоя қилиш халқаро Хюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, ўтган йили покистонлик шиалар рекорд даражада кўп зўравонликлардан жабр кўрганлар.

Якшанба куни Покистоннинг Бош вазири Рожа Парвез Ашраф Кветтага борган ва норози намойишчилар билан учрашган.

Ярим тунда бош вазир мамлакат телевидениеси тўғридан-тўғри намойиш этган чиқишида Балужистон вилояти ҳукумати истеъфога чиқарилишини эълон қилган.

Бош вазир, бундан кейин вилоят ҳокими ҳар қандай пайтда армияни ёрдамга чақириши мумкин бўлади, деб айтган.

Ва энди Балужистондаги энг бош қўмондонга ҳар қандай кишини ҳибсга олиш ва тергов қилишга буйруқ бериш ҳуқуқи берилади.

Покистон Бош вазири шиалар билан суннийлар орасига нифоқ солаётганларни танқид қилиб чиққан.

Балужистон Покистоннинг ҳам бўлгинчилик кайфиятлари билан боғлиқ зўравонликлар, шунингдек, шиалар билан суннийлар ўртасидаги қонли ҳужумларга тез-тез саҳна бўлиб турадиган вилояти ҳисобланади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.