BBC navigation

Покистон Олий маҳкамаси Бош вазирни ҳибс қилишга буюрди

Сўнгги янгиланиш 15 январ 2013 - 15:42 GMT

Покистон Олий маҳкамаси мамлакат Бош вазири Ража Парвез Ашрафни коррупцияга оид айбловлар асосида ҳибсга олишга буйруқ берган.

Жаноб Ашраф ва яна ўн беш нафар мулозим у Сув ва Энергетика вазири бўлган пайт маҳаллий ширкатлардан пора олганликлари иддао қилинган.

Олий маҳкама қарори минглаб коррупцияга қарши намойишчилар пойтахт Исломободда тўпланаётган пайт эълон қилинган. Улар ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилишмоқда.

Бош вазирни ҳибсга олиш ҳақидаги қарор намойишчилар тарафидан олқишлаб кутиб олинган.

Маҳкама қарорини ким қандай кутиб олди?

Бу одамлар шундоқ ҳам коррупцияга ботган мулозимларга қарши ва сайлов тизимини ислоҳ этиш талаблари билан юриш бошлашганди.

Бош Вазир Парвез Ашраф 3 йил олдин - ҳали Сув ва Энергетика вазири бўлиб ишлаган пайтлари пора олишга оид айбловларга юз тутмоқда.

Айримлар намойишлар ва ҳибсга олиш қарори бирга келганидан ҳайрон. Баъзиларнинг ўйлашича, бу намойишчилар етакчиси - сўфий олим Тоҳир ул-Қодирийни Покистон адлия тизими ва ҳарбийлари орасидаги айримлар ҳам қўллашмоқда.

Тоҳир ул Қодирий Канадада истиқомат қилади ва ўтган ой асл ватани Покистонга қайтган. Қодирийнинг танқидчилари у сайловларга бир неча ой қолганда мамлакатдаги демократияни издан чиқармоқчилигини айтишади.

Аммо, кўплаб мулозимлар Исломобод кўчаларидаги намойишчилардан фарқли тарзда Бош вазирни ҳибсга олиш қарорини хушқаршилашаётгани йўқ.

Бош вазир маслаҳатчиси Фавод Чоудрий маҳкаманинг ушбу қарорини "аксил-конституциявий", деб атади.

Жаноб Ашраф май ойидаги сайловлар чоғи Покистон Халқ Партиясига етакчилик қилиши керак эди. Аммо, Сув ва Энергетика вазири бўлиб ишлаган давридаги амаллари унинг сиёсий мақсадларига панд бермоқда.

Ҳозир Покистонни бошқараётган Бҳуттолар оиласи каби Ража Парвез Ашраф ҳам Синдҳ вилоятидан келган.

Ижарага берилувчи энергетика лойиҳаларидаги зиддиятли ишлари боис, одамлар унга "Ижара Ража" деган лақаб ҳам қўйган. Жаноб Ашраф эса, доим бу айбларни рад этиб келган.

Бироқ, айрим таҳлилчиларга кўра, ҳозирги воқеалар аслида Покистон Халқ Партияси ва адлия тизими ўртасидаги адоватнинг бир кўринишидир.

Тоҳир ул Қодирийнинг Лаҳордан Исломобод сари қилган юриши ортидан ҳам тартибсизликлар бошланиб кетган.

Жаноб Қодирий келаси сайловларни кузатиш учун ўтиш даври ҳукумати тузиш ва унда ҳарбийлар ҳамда адлия тизими фаол иштирок этишини истамоқда. Иқтидордаги ҳукумат эса, бу фикрга қарши чиқмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.