BBC navigation

Жазоирдаги йирик гаровгирлик ҳодисаси давом этмоқда

Сўнгги янгиланиш 18 январ 2013 - 10:31 GMT

Пайшанба куни Жазоир шарқидаги газ мажмуасининг ходимлари яшовчи қисмига махсус кучларинг ҳужуми оқибатида камида 4 нафар гаровга олинган шахс ва қатор жангарилар ўлдирилгани хабар берилган.

Жангарилар 41 кишини гаровда ушлаб турганликларини даъво қилгандилар.

Ҳозирда гаровга олинганлардан қолганларининг тақдири номаълум қолмоқда.

Жазоир расмийлари ҳалок бўлганларнинг сони ва миллати ҳақида аниқ маълумот бермаганлар.

Давлат назорати остида бўлган матбуотнинг хабар қилишича, ҳалок бўлганлардан иккиси британиялик ва яна иккиси филлипинликдир.

Чоршанба куни газ мажмуаси ходимларини маҳаллий қўналғага олиб кетаётган автобусга ҳужум қилиб, гаровга олиш жараёнида эса яна бир британиялик ва бир жазоирлик ҳалок бўлганди.

Жангари гуруҳ вакилининг матбуотга айтишича, пайшанба кунги амалиёт натижасида 35 нафар гаровга олинган шахс ва 15 жангари ўлдирилган.

Амендаги газ мажмуаси Жазоир давлат нефт ширкати ва Британиянинг ВР шунингдек, Норвегиянинг Statoil ширкатлари билан биргаликда бошқарилади.

Жума куни эрталаб Британия ва Норвегия Ташқи Ишлар вазирликлари ҳодиса тугамагани ва вазият танглигича қолаётгани ҳақида маълум қилдилар.

Британ расмийларининг айтишларича, Амендаги мажмуанинг бир қисмини Жазоир ҳарбийлари ўз назоратлари остига олганлар, бошқа қисми эса жангарилар қўлида қолмоқда.

Маҳаллий матбуот эса расмийлар сўзларига таяниб, мажмуанинг турар жой қисмига уюштирилган амалиёт ўз ниҳоясига етганлигини хабар берганлар.

Лекин мажмуада ҳануз гаровда ушлаб турилганлар борлиги ва у ҳануз махсус кучлар томонидан ўраб олингани ҳам илова қилинган.

Британ расмийлари Аменада ишлаган камида 20 нафар британияликнинг тақдирини билишга ҳаракат қилаётганликлари ва энг ёмон хабарга тайёр турганликларини айтишган.

Британия ҳукумати "Кобра" номи остида ўзининг шошилинч мажлисини ўтказмоқда.

Япония ҳукумати ҳам Аменадаги камида 14 фуқаросининг тақдири номаълум эканлиги, 3 киши гаровгирлар қўлидан қочиб чиқишга муваффақ бўлганини маълум қилган.

Япония расмийлари Жазоир махсус кучлари амалиётидан афсусда эканлиги ва норозилик билдириш мақсадида Жазоир элчиси Ташқи Ишлар Вазирлигига чақирилганлигини айтдилар.

Норвегия Бош Вазирининг айтишича эса, Жазоир расмийлари мажмуага бостириб криришдан бошқа иложлари бўлмаганлигини билдиришган.

8 нафар Норвегия фуқаросининнг ҳам тақдири ҳозирча номаълум. 1 норвегиялик жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган, 4 таси мажмуадан қочиб чиққан.

Аменадаги қатор Франса, Ирландия ва АҚШ фуқаролари омон қолганлар.

Мухтор Белмухтор ким?

Аменадаги гаровга олиш ҳодисаси ортида Мухтор Белмухтор, яқин-яқинларгача "Исломий Мағрибдаги Ал-Қоида" гуруҳи раҳбарларидан бири бўлган шахс турганлиги айтилган.

Гуруҳ чиқарган баёнотда айтилишича, гаровга олиш Франсанинг Малидаги амлиётларига жавобан амалга оширилгандир.

Лекин Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчисига кўра, бу каби кенг миқёсли амалиётни ўтган ҳафта Франса ҳарбийларининг Малидаги амалиётлари бошланган вақтдан бери ўтган қисқа фурсат ичида режалаб, амалга ошириш амри маҳол вазифа.

Мухтор Белмухтор 1980-йилларда Афғонистонда Шўро кучларига қарши мужоҳидлар сафларида курашган.

Ўтган йили у ички келишмовчиликлардан сўнг "Исломий Мағрибдаги Ал-Қоида" гуруҳини ташлаб чиқиб, ўз гуруҳини ташкил қилган.

Франса жосуслик хизмати унга "тутқич бермас", дея лақаб қўйган. Маҳаллий аҳоли эса унинг тамаки маҳсулотларининг ноқонунуий савдоси билан шуғуллангани учун "Мистер Марлборо", дея атайди.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.