BBC navigation

Жазоирдаги гаровдагиларни озод қилиш амалиёти қонли якун топган

Сўнгги янгиланиш 19 январ 2013 - 17:59 GMT

Жазоир хавфсизлик кучлари Саҳрои Кабирдаги газ иншоотида исломий жангарилар гаровда ушлаб турган хорижий ишчиларни озод қилиш амалиётини ўтказган.

Жангарилар гаровда ушлаб турган етти инсонни қатл этганлар, жанг оқибатида 11 қуролли ўлдирилгани хабар қилинган.

Жазоир матбуоти хабар қилишича, ҳукумат кучлари ҳарбий амалиётни бошлашлари билан жангарилар гаровдаги инсонларни отиб ўлдирганлар.

Гаровда ушлуб турилганлар орасида чет мамлакатлар фуқаролари бўлганлар.

Уларнинг қайси мамлакатлар фуқаролари экани айтилмаган.

Бир кун олдин 18 январ куни исломчилар 573 Жазоир фуқароси ва 100 хорижий ишчини озод қилган эдилар.

Гаровгирлик ҳодисаси якунланганидан кейин 30 нафарча чет эллик тақдири номаълум қолаётгани айтилган.

Пайшанба куни Жазоир хавфсизлик кучлари гаровдагиларни озод қилишга уринган пайтида 12 киши ўлдирилган эди.

Ушбу ҳодисада жами 19 гаровдаги инсон ўлдирилгани тасдиқланган.

Исломий жангарилар чоршанба куни газ мажмуаси ходимларини маҳаллий қўналғага олиб кетаётган автобусга ҳужум қилган эдилар.

Илк ҳужум пайтида бир британиялик ва бир жазоирлик ҳалок бўлган.

Аменадаги газ мажмуаси Жазоир давлат нефт ширкати ва Британиянинг ВР шунингдек, Норвегиянинг Statoil ширкатлари билан биргаликда бошқарилади.

Statoil ширкати жангариларнинг қўлида олти Норвегия фуқароси қолаётганини айтган эди.

Жазоир расмийлари сўнгги гаровдагилар ушлаб турилган иншоот миналаштирилганини ва амалиёт тугаганидан кейин миналардан зарарсизлантириш бошланганини айтганлар.

Аменадаги гаровга олиш ҳодисаси ортида Мухтор Белмухтор, яқин-яқинларгача "Исломий Мағрибдаги Ал-Қоида" гуруҳи раҳбарларидан бири бўлган шахс турганлиги айтилган.

Гуруҳ чиқарган баёнотда айтилишича, гаровга олиш Франциянинг Малидаги амалиётларига жавобан амалга оширилган.

Лекин Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчисига кўра, бу каби кенг миқёсли амалиётни бунча қисқа фурсат ичида режалаб, амалга ошириш амри маҳол вазифа.

Мухтор Белмухтор 1980-йилларда Афғонистонда Шўро кучларига қарши мужоҳидлар сафларида курашган.

Ўтган йили у ички келишмовчиликлардан сўнг "Исломий Мағрибдаги Ал-Қоида" гуруҳини ташлаб чиқиб, ўз гуруҳини ташкил қилган.

Франция жосуслик хизмати унга "тутқич бермас" деб лақаб қўйган.

Маҳаллий аҳоли тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғуллангани учун уни "Мистер Марлборо", деб атаган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.