BBC navigation

Кобулда исёнчилар йўл полицияси биносига ҳужум қилишди

Сўнгги янгиланиш 21 январ 2013 - 17:23 GMT
Йўл полицияси

Полиция кучлари йўл полицияси биносини ҳар томондан ўраб олишган

Душанбага ўтар кечаси Толибон исёнчилари Кобул ғарбидаги Афғонистон йўл полицияси идорасига ҳужум қилганлар.

Таҳлилчиларга кўра, ушбу ҳужум йирик амалиётнинг ибтидоси бўлиши мумкин.

Тонгга яқин йўл полицияси идораси ўнгида икки кучли портлаш юз бериши натижасида тўрт нафар инсон яраланган.

Ярадорлар орасида ҳам полиция ходимлари, ҳам оддий фуқаролар бор.

Портлашлар ортидан қуролли шахслар бино ичкарисига бостириб кирганлар.

Хавфсизлик кучлари ҳозир ҳам бино ичкарисида бўлган, тахминларга кўра, икки жангарини зарарсизлантиришга уринмоқда.

Афғонистон оммавий ахборот воситалари ҳужумни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олгани ҳақидаги эсэмэсларни олганлар.

Полиция маълумотига кўра, ҳужумдан олдин камида бир нафар жангари бино ташқарисида ўзини портлатиб юборган.

Бундан ташқари, бино девори яқинида турган автомобил портлатилган. Ҳужумчилардан яна бир нафари полиция ходимлари томонидан отиб ташланган.

Толибон жангчилари охирги пайтларда Кобулдаги ҳукумат биноларига қатор ўхшаш ҳужумларни уюштирдилар.

Ўтган ҳафта толиблар Кобул марказидаги миллий хавфсизлик биносига ҳамла қилиши натижасида тўрт хавфсизлик ходими ҳалок бўлганди.

Қамал

Кобулдан Би-би-си мухбири Билол Сарварийнинг хабар беришича, йўл полициясига қарашли улкан бинода яшириниб олган икки жангари оғир аслаҳалар билан қуролланган.

Улар вақти-вақти билан бинонинг учинчи қаватидан қўл гранаталарини улоқтирмоқда.

Мухбиримиз сўзларига кўра, йўл полицияси идорасининг парламент дохил кўплаб муҳим бинолар яқинида жойлашгани ҳужумнинг йирик ва давомли амалиёт ибтидоси бўлиши мумкинлигига ишора қилади.

Ушбу ҳодиса туфали Кобул марказидаги қатор ҳудудларда автомобил қатнови тўхтаб қолган.

Кобул шаҳри чорраҳаларида автомобил ҳаракатини чироқлар эмас, полициячилар назорат этишади.

Толибон жангчилари Афғонистоннинг турли нуқталарида тез-тез қуролли хуружлар қилиб тургани аҳолининг ҳукумат кучларига бўлган ишончини камайтирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.