BBC navigation

Сурияни тарк этмоқчи бўлган россияликлар ватанига қайтарилади

Сўнгги янгиланиш 22 январ 2013 - 15:13 GMT

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Сурияга ёрдам етказган учоқлар қайтишда хоҳлаган россияликни ватанига олиб қайтаётганини билдирган.


Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг хабарига кўра, Суриядан Россияга қайтиш истагида бўлганлар Сурия-Ливан чегарасидан ўтишган.

Ливан пойтахти Бейрутдан Россия фуқаролари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоқларида Москвага учишади.

Россиянинг Дамашқдаги консуллиги 81 киши ватанига қайтишни хоҳлаб мурожаат қилганини айтган.

Ливан оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, россияликлар жойлашган автобусларда 150 киши бўлган.

Улар орасида сурияликка турмушга чиққан россиялик аёллар, уларнинг болалари ва эрлари ҳам бор. Сурияда улар Алеппо, Дамашқ, Хомс ва Ҳама шаҳарларида яшаганлар.

Россияликларни Ливандаги чегара масканида катта сондаги журналистлар кутиб олишган, сўнгра улар ўтирган автобуслар Бейрут аэропортига қараб йўл олган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, Бейрутга битта Ил-76 транспорт учоғи ва Як-40 йўловчи учоғи жўнатилиб, 100 га яқин россияликни олиб қайтиши мўлжалланган.

Россиялик дипломатлар фуқаролар Суриядан уларнинг илтимосларига биноан олиб қайтилаётганини, бу ҳеч қандай эвакуация амалиёти эмаслигини таъкидлашган.

"Бу ҳеч қандай эвакуация эмас, балки хоҳлаганларни Суриядан чиқариш. Кимнингдир уйи вайрон бўлган, кимлардир "қайноқ" нуқталарда истиқомат қилган",- деб айтган Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси вакили Интерфаксга.

Айни пайтда Сурияда қанча россиялик борлиги номаълум. Консулликда беш мингга яқин киши рўйхатдан ўтган.

Бошқа томондан қараганда, Суриядан чиқиб, Россия ҳукумати ёрдамига кўз тикканлар бир неча ўн минглаб одамларни ташкил қилади.

Улар Россия фуқаролиги бўлган сурияликлар ёки Россия паспортини олишга талабгорлар дейиш мумкин.

Сурия мухолифати вакили Маҳмуд Ҳамзанинг Би-би-сига айтишича, Сурияда кўплаб россиялик ҳарбий мутахассислар ҳам бор.

Декабр охирида Россиянинг ҳарбий кемалари Ўрта Ер денгизига етиб боргани, улар россияликларни Суриядан кўчиришни амалга ошириши ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Россия расмийлари бу ҳақда кенгроқ изоҳ беришмаган. Россия Ташқи Ишлар вазирлиги сешанба куни россиялик фуқароларни Суриядан кенг миқёсда кўчириш режелаштирилмагани, элчихона ҳар доимгидек ишлаётганини маълум қилган.

Россия учоқлари Сурияга дори-дармон ва озиқ-овқат етказгани, орқага қайтишни хоҳлаган россиялик фуқароларга албатта ёрдам берилиши билдирилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.