BBC navigation

Швед маҳкамаси Takilant нинг маблағларини музлатиш ҳақида қарор чиқарди

Сўнгги янгиланиш 22 январ 2013 - 13:25 GMT

Тeliasonera Гулнора Каримовага яқин шахсларга пора берганликда айбланади

Швециянинг Teliasonera телеком ширкати фаолиятини текшираётган Стокгольм маҳкамаси Takilant ширкатига тегишли 276 миллион доллар миқдоридаги маблағларни музлатишга буйруқ берган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқин ҳамкори деб ишониладиган Гаянэ Авакянга тегишли Takilant ширкати TeliaSonera нинг Ўзбекистондаги ҳамкори ҳисобланади.

Швеция прокуратураси Ўзбекистондаги Ucell нинг эгаси бўлган TeliaSonera ни ўзбек лицензияси учун Takilant тимсолида Гулнора Каримовага яқин шахсларга пора беришда айблайди.

Ўтган йил октябрида маҳкама Takilantнинг 30 миллион долларга тенг маблағини музлатиш ҳақида қарор чиқарганди.

TeliaSonera унга қўйилган коррупция айбларини инкор этиб келади.

Би-би-си билан суҳбатда прокурор Гуннар Стетлер Стокгольм маҳкамаси қароридан таажжубга тушмаганини айтди.

"Мен Стокгольм маҳкамасининг бундай қарор чиқаришини кутгандим. Айниқса апелляцион маҳкама қарори шундай бўлишига шубҳа қилмагандим. Бу қарор менинг Такилант ҳисобларини музлатиш ҳақидаги талабимга берилган табиий жавоб эди, деб ўйлайман", деб айтди швециялик прокурор.

Takilant ширкатининг маблағлари асосан Гибралтардаги оффшор ҳудудда экани айтилади.

Жаноб Стетлерга кўра, швед маҳкамасининг қарорини ижро этиш ушбу мамлакат полицияси зиммасида бўлади.

Прокурор техник жиҳатдан бу қандай амалга оширилиши ҳақидаги тафсилотларга тўхталмади, аммо маблағларни музлатиш жараёни бир қадар қийин бўлиши мумкинлигига ишора этди.

"Умумлаштириб айтадиган бўлсам, бир ишни узоқда эмас, яқинда амалга ошириш доимо осон бўлади. Лекин, бу умумий қоида", - деб айтди жаноб Стетлер.

Раддия ва сукунат

Швециянинг энг йирик мобил алоқа ширкати бўлган Teliasonera Ўзбекистондаги лицензияси учун Гулнора Каримовага яқин шахсларга пора берганини рад этиб келади.

Ширкат аввалроқ чиқарган баёнотида Швеция прокуратурасининг текширувлариданг "тоза чиқиши" ва "коррупцияга тоқат қилмаслиги"ни айтган.

TeliaSoneraнинг айтишича, Ўзбекистондаги маҳаллий ҳамкори Takilant билан шартнома 2007 йилнинг 24 декабрида, ширкатнинг "қайд этилган ягона директори" Гаянэ Авакян билан имзоланган.

TeliaSonera музокаралар пайти Takilant ширкати ортида "маҳаллий ишбилармонлар гуруҳи" тургани ҳақида маълумот олганини таъкидлайди.

Бу гуруҳда "Гулнора Каримова дохил, кимлар бўлгани борасида турли миш-мишлар мавжуд"лигини айтган TeliaSonera Takilant нинг эгалик тузилмасини текширгани, "аммо Гаянэ Авакяндан бошқа бирон кишини аниқлай олмагани"ни айтган.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Швеция Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаб, тергов тафсилотларининг матбуотга сизаётганидан норозилик билдирган.

Гулнора Каримованинг ўзи ҳозирга қадар Швециядаги текширувлар борасида сукут сақламоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.