BBC navigation

Мехикодаги Ҳайдар Алиев ҳайкали кўчирилади

Сўнгги янгиланиш 23 январ 2013 - 11:55 GMT

Месика пойтахти ҳокимининг айтишича, Озарбайжон собиқ раҳбарининг ҳайкали шаҳарнинг марказидан олиниб, шаҳарнинг "четроқ" мавзесига ўрнатилади.

Бунга жавобан Озарбайжон Мексикага жойлаштирилган сармоялар миқдорини қисқартириш билан пўписа қилган. Натижада икки томон ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашиши мумкинлиги айтилмоқда.

Мексикадаги Озарбайжон элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирда сармоялар миқдори 4 миллиард америка доллари атрофидадир.

Би-би-си мухбири Дамиен Макгиннесга кўра, Ҳайдар Алиевнинг бронзадан ишланган Мехикодаги ҳайкалини кўчириш ишлари шу ҳафта охирларига режаланган.

Ўтган йил август ойида ҳайкал ўрнатилган вақти ҳуқуқ фаоллари норозилик чиқишларини уюштиргандилар.

Уларга кўра, Ҳайдар Алиев ўз сиёсий мухолифларини қамоққа ташлаган диктатордир.

Лекин бу норозиликларга қарамай, ҳайкал атрофидаги оромгоҳни таъмирлаш ишлари учун 5 миллион доллар ажратган Озарбайжон ҳукумати ҳайкални олиб ташлашга рози бўлмаганди.

Ҳозирда янги тайинланган Мехико ҳокими ҳайкални кўчириш керак, деган хулосага келган.

Озарбайжонда марҳум Ҳайдар Алиев Шўролар қулашидан сўнг миллатнинг тикланишига катта ҳисса қўшган шахс сифатида тақдим қилинади ва унинг ҳаётлиги даврида мавжуд бўлган шахсига сиғиниш ҳануз сақланиб қолган. Мамлакат бўйлаб унинг катта-катта суратларига кўзингиз ҳар ерда тушади.

2003 йили президентлик унинг ўғли Илҳом Алиевга "мерос" қилиб берилди.

Бу йил октябр ойида Озарбайжонда президентлик сайловлари кутилар экан, Ғарбнинг Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирларидан хабардор расмийлар марҳум раҳбар обрўсини хорижда тарғиб қилишни ҳануз афзал билмоқдалар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.