BBC navigation

Мисрда футбол ишқибозларига ўлим жазоси берилди

Сўнгги янгиланиш 26 январ 2013 - 09:27 GMT
Порт Саид стадионида кечган ҳодисада 74 инсон нобуд бўлганди

Порт Саид стадионида кечган ҳодисада 74 инсон нобуд бўлганди

Миср маҳкамаси рақиб футбол ишқибозлари ўртасида ўтган йилнинг февралида юз берган тўқнашувлар бўйича 21 кишини ўлим жазосига ҳукм қилган. Порт Саид стадионида кечган ҳодисада 74 инсон нобуд бўлганди.

Тартибсизликлар маҳаллий ал-Масри ва Қоҳиранинг ал-Аҳлу клублари ўртасида лига ўйинлари доирасида ўтган учрашуви ортидан кузатилганди.

Футбол натижалари билан боғлиқ ушбу зўравонликлар Қоҳирада ҳам тартибсизликларни ўт олдирган ва оқибатда 16 киши ҳаётдан кўз юмганди.

Маҳкаманинг сўнгги қарори хавфсизлик кучлари ва дунёвий мухолифат тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлардан бир кун ўтиб эълон қилинди.

Юз минглаб одамлар Ҳусни Муборакни қудратдан ағдарган инқилобнинг икки йиллигини нишонлаш ҳамда Исломий Президент Муҳаммад Мурсига мухолифликларини ифодалаш учун Миср кўчаларига чиқишган.

Жума куни ноқарорликларда камида 7 киши нобуд бўлган.

Ҳукм

Маҳкама ҳукми маҳкама залида хушқарши олинган.

Бироқ, ўлимга ҳукм қилинганлар сақланаётган қамоқхона ташқарисида уларнинг оилалари ва тарафдорлари иштирокида ғалаёнлар бошланиб кетган.

Камида 8 киши нобуд бўлган ва 50га яқин одам жароҳатланган.

Ўтган йилги футбол билан боғлиқ тартибсизликлар туфайли лига мусобақалари бекор қилинган ва ўйинлар ўтказилишига ҳанузгача рухсат берилмаган.

Полиция дохил 73 киши зўравонликларга боғлиқликда айбланиб маҳкамага тортилган.

Ҳакамнинг айтишича, қолган 52 айбланувчига ҳукм 9 март куни эълон қилинади.

Нима бўлган эди?

2012 йилнинг 1 феврал куни Порт Саиднинг мезбони Ал-Масри гуруҳи ўйинни 3:1 ҳисобида ютади.

Мусобақа тугугандан сўнг аввал Ал-Масри ишқибозлари, сўнгра ал-Аҳли ҳужумчилари ва тарафдорлари майдонга ёпирилиб киришади.

Бу икки гуруҳнинг азалдан бир-бирига рақиб бўлганлиги, улар иштирокидаги ўйинлар ҳамиша катта хавфсизлик кучларини талаб қилганлиги айтилган.

Футбол ишқибозлари ўйин бошланишидан олдин аренага пичоқ ва бошқа қуролларни олиб кирилишига тўсқинлик қилинмаганини даъво қиладилар.

Юзлаб одамлар жароҳатланган.

Ҳодиса юзасидан ҳукумат ва парламентнинг фавқулодда йиғинлари чақирилган.

74 киши ҳалок бўлиши ортидан Миср расмийлари уч кунлик мотам эълон қилишганди.

Тартибсизликлардан бир неча кун ўтиб, Қоҳирадаги Ички Ишлар Вазирлиги биноси атрофида ҳарбий ҳукуматни қотилликда айблаб оммавий намойишлар ўтказилган.

Ўша пайтда Қоҳирадан хабар берган Би-би-си мухбири Жон Лейнга кўра, кўпчилик мисрликлар ҳукуматнинг ўзи зўравонликларни ташкиллаштиришган ёки уни давом этишига йўл қўйиб берган, деб билади.

Сабаби, ўтган йили Ҳусни Муборакни қудратдан ағдарган кучлар сафида кўплаб ал-Аҳли гуруҳининг ишқибозлари бўлишган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.