BBC navigation

Афғон уруши: жангариликнинг илдизи қаерда?

Сўнгги янгиланиш 28 январ 2013 - 15:36 GMT

Амруллоҳ Солиҳ: Ғарб ўзини ўзи алдаётгандай туюлади менга...

Суратни катталаштириш

НАТО кучлари Афғонистонда шу қадар узоқ қолиб кетишдики, у ерга нима мақсадда борганларини қарийб унутишган.

Ҳукуматлар Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини "Ал-Қоида"нинг 2001 йил 11 сентябрида Ню Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирган ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлашади.

Бироқ, улар 11 йил ўтиб, ҳамон 50дан зиёд мамлакатдан 100 мингдан ортиқ қўшинлар фаолиятда бўлган бир пайтда ҳам Афғонистондаги исёнкорликка нима учун буткул барҳам берилмаганини тушунтириб беришга ожизлар.

Келаси йил охирларига бориб НАТО жанговор қўшинлари Афғонистонни тарк этишади. Мамлакат хавфсизлигини таъминлаш масъулияти миллий армия зиммасида қолади. Хўш, Афғон урдуси бу ишнинг уддасидан чиқа оладими?

Би-би-сининг хавфсизлик масалаларида таҳлилчиси Франк Гарднер Афғонистон Жосуслик Хизмати собиқ раҳбари Амруллоҳ Солиҳ билан суҳбатлашган ва аввало: "Ал-Қоида"нинг Афғонистондаги қудрати ҳақида нима дея оласиз", деб сўраган.

Амруллоҳ Солиҳ: Менимча, аксарият Ғарблик мутахассислар ҳозир "Ал-Қоида"нинг асосий қароргоҳи Афғонистонда эмас, деган фикрдалар. Яъни, эҳтимол, Мали, Сомалия ва ё Шимолий Африкада деб фикр қилишар. Балки, Оврўпонинг бир бурчагида яширин ва "муваққат уйқуда" бўлган гуруҳлар фаол бўлиши мумкин... Хўп, унақада нима учун, Афғонистонда биз катта сондаги қўшинларни ушлаб туришимиз керак? Аммо, мен бу каби қарашларга тўла қўшилолмайман. Ҳозир Толибларнинг қудратини биз пасайтириб қарамоқдамиз, уларни Ал Қоидадан узилган ҳолатда тасаввур қилмоқдамиз ва бу нотўғри.

Франк Гарднер: Толибларнинг мақсади бир маънода миллий ҳудудлар билан чегараланган эмасми? "Ал-Қоида эса, глобал жиҳодни тарғиб қилади? Толиблар ҳеч қачон ўз мамлакатлари ва ё Покистоннинг чегарадош ҳудудларидан ташқарига кўз олайтиришгани йўқ, шундай эмасми?

Амруллоҳ Солиҳ: Агар улар "Ал-Қоида" бўлишмаса, нимага буни очиқ айтиб чиқишмайди? Толиблар "Ал-Қоида" эмаслиги ҳақидаги гапни Ғарб матбуоти айтмоқда, Мулло Умарнинг ўзи бунақа баёнот билан чиққани йўқ. У қайтага мен "Ал-Қоида"ман демоқда...Ғарб давлатлари Толибонга ялинмоқда: "Илтимос, биз "Ал-Қоида" эмасмиз", денглар, биз кейин сизга яхшироқ муносабатда бўламиз", демоқда. Аммо, Толиблар ундай қилишмаяпти, Ғарб бунга кўзини очиши керак. 11 сентябр 2001 йил воқеаларидан кейин Ғарб ўз олдига мақсад қўйганди. "Ал-Қоида"ни йўқ қилиш, Толибларни яккалаб, ажратиб ташлаш ва Афғонистонда тўлақонли бир давлатни тиклаш... Буларнинг ҳеч бирига эришилмади. Толиблар яккалангани йўқ. Улар обрўси тўкилиб, халқдан узилиб ҳам қолмади, қайтага бунинг акси бўлди. Толиблар пойтахтимизда полиция қароргоҳини ҳужумга тутди. Ҳелмандда Британия кучларига қарши йирик ҳужумни амалга оширишди. Ғарб эса, Толибларни кучсизланиб қолганини айтади... "Кучсизланиб қолиш" деганда нимани тушуниш керак, бунга ҳайронман... Бу эса, менинг ёдимга ҳарбийларнинг эски бир гапини туширади. Душманингизни енгмоқчи бўлсангиз, уни танинг ва билинг.

Франк Гарднер: Толиблар кимдан қувват олмоқда? Ким дастаклаб турибди уларни?

Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар 2001 йил 11 сентябридаги АҚШга қарши ҳужумларига жавоб сифатида изоҳланади

Амруллоҳ Солиҳ: Толиблар 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин яна саҳнага қайтишганида уларнинг аксарият молиявий манбалари Покистонда бўлган. Аммо, 2007 йилдан бери улар ўз молия манбаларини ранг-баранглаштирдилар, дейиш мумкин...Айрим минтақаларда улар солиқ йиғишади, деҳқончилик қилишади...Чорвадорларга солиқ солишади. Одамлардан ва ширкатлардан мажбурий пул ундиришни бошлаб юборганлар, бошқа томондан Араб бойлари томонидан хайрия оқими тўхтагани йўқ. Қайтага бу хайрия кўпайди...

Франк Гарднер: Бунга далил исботингиз борми? Буни қандай қилиб исботлайсиз?

Амруллоҳ Солиҳ: Албатта бор, аммо агар буни исботлаш учун банклар ўртасидаги муомала қоғози керак бўлса, йўқ, бунақа ҳужжат бизда йўқ. Аммо, бизда ҳолатларга доир тафсилотлар бор. Форс кўрфазидаги давлатлардан Толибларга томон жўнатилган пуллар ҳақида кўрсатмалар бор. Шунда ҳам, Толибларга ҳукуматлар ёрдам бераётганига доир исботу далил йўқ, аммо арабларнинг Толибларга ҳайриҳоҳлиги беқиёсдир.

Франк Гарднер: НАТО чиқиб кетганидан кейин Толиблар Афғонистонга қайтиб, ўзлари билан "Ал-Қоида"ни яна мамлакатга олиб киришади деб ўйлайсизми?

Амруллоҳ Солиҳ: Биринчидан, улар аллақачон Афғонистонда...Йирик шаҳарлар атрофида аллақачон қўниб топишган. Шарқий вилоятларда "Ал-Қоида"нинг баъзи гуруҳлари улар ёрдамида жойлашиб улгуришди. Аммо, НАТОдан кейин Толиблар нима қилишади, деган савол муҳим. Биз Толибларнинг кучи ҳам ва тактикаси ҳам ҳозиргидай қолади, деб ўйлаймиз, аммо бу нотўғри...Улар ўз стратегиясини ўзгартиради, тактикасини ислоҳ этади. Толиблар каттароқ ва кўпроқ ҳужумларга қўл уришади. Бугунги кунда улар икки оқимдан иборат стратегияни амалга оширмоқдалар. Биринчиси, Америка ва ўта паст даражада Афғон ҳукумати билан жуда ҳам суст ва бирор бир натижа бермайдиган музокараларни ўтказишмоқда. Ҳужумларни тўхтатишгани йўқ. Толиблар агар жангни тўхтатишса ўз обрў ва мақсад моҳиятларига катта зарар етишини яхши билишади. Улар токи бу музокаралардан ўзлари истаган нарсага эришмагунга қадар, жангни тўхтатишмайди, зўравонлик озаймайди, фақатгина ўз истаклари қондирилганидан кейин вазият ўзгариши мумкин.

Франк Гарднер: Нима истайди Толиблар? Толиблар нимага кўнади, деб ўйлайсиз?

Амруллоҳ Солиҳ: Энг озида улар Афғонистонда жуғрофий ва сиёсий бир минтақага эришишни исташади. Шундан кейин улар оташкесимга рози бўлишлари мумкин, бу мендаги ахборотларга биноан... Аммо, бу толиблар мақсадлари йўлидаги биринчи қадам. Буни Ливандаги Ҳизбуллоҳ мисолида кўришимиз мумкин. Бир сўз билан айтганда, улар Афғонистонда қудратни бўлишмоқчи...

"Жангарилик ва террорчилик глобал муаммодир. Аммо, жангариликнинг илдизи Покистонда...Агар Ғарб Покистон муаммосини ҳал қилмаса, уни жиловламаса ва бу мамлакатни ташқи сиёсатини ўтказишда жангариликдан фойдаланишига чек қўймаса...бир кун келиб Ғарб афсус қилади"

Амруллоҳ Солиҳ:

Франк Гарднер: НАТОдан кейин ҳам Афғонистонда Американинг, масалан Марказий Жосуслик Хизматининг қандайдир кучлари қолади ва дрон ҳужумлари давом этади деб ўйлайсизми ва ё Америка бутунлай мамлакатни ташлаб чиқадими?

Амруллоҳ Солиҳ: Афғонистоннинг таъбир жоиз бўлса, хавфсизлик хизматлари учун аҳамияти ҳеч қачон пасаймайди. Менимча, жосуслик хизматлари бу ерда қолишади. Махсус рейдларнинг давом этиши эса Афғонистон ҳукуматининг барқарорлиги учун жуда муҳимдир. Махсус амалиётлар кераксиз деб айтмаган бўлардим. Мен диний ва ё миллий раҳбарлар орасида бу каби ҳужумларга қаршиларни ҳам биламан. Карзай жаноблари ҳам ич ичидан қарши деб ўйламайман. Аммо халқ учун уларга қаршилигини кўрсатиб қўяди, Карзай жаноблари аслида бу каби ҳужумларсиз унинг Қандаҳордаги биродари омон қолиши мушкуллигини яхши билади. Унинг айрим ҳокимлари ҳам шу ҳужумлар туфайли жон сақлаб ўтиришибди. Аммо мени ўйлантирадиган нарса шуки, биласизми, агар бир мағлуб бўлсак, биз ҳаммамиз мағлуб бўламиз, ғалаба қилсак ҳам шундай - ҳаммамиз ғалаба қиламиз. Менга оғир ботадигани шуки, Ғарбдагилар ҳозир, мана биз "Ал-Қоида"ни йўқ қилдик, у ердаги зўравонлик бу Афғонларнинг қонида бор нарса, уларнинг ўзлари билан, табиатлари билан боғлиқ деган қараш...Бу бўлмаган гап. Агар сиз ишни охирига етказмай кетадиган бўлсангиз, ҳеч қанақа баҳона сизнинг мағлубиятингизни яшира олмайди.

Франк Гарднер: Сизнинг Ғарб ва коалициядан кўнглингиз қолдими?

Амруллоҳ Солиҳ: Мен тушкун кайфиятда эмасман, аммо Ғарб ўзини ўзи алдаётгандай туюлади менга...Улар янги воқеъликни ўйлаб чиқишмоқда. Бу нотўғри. Масалан, улар мўътадил Толибон дейишади. Мен бунақасини ростдан ҳам кўрмаганман. Ёки улар Толибларни "Ал-Қоида"дан тортиб олиш дейишади...ва ё биз Толибларни енголмадик, аммо ишонамизки, 2014 йилдан кейин Афғон полицияси уларни мавҳ этади дейишади...Менимча, бу хомтама бўлиш, аммо биласизми, ҳисоб-китоби бор ва ё атайдан хомтамалик...

Франк Гарднер: Сиз Халқаро ҳамжамият, Ғарб нима қилиши керак деб ўйлайсиз? Нималарни орзу қиласиз?

Амруллоҳ Солиҳ: Биласизми, биз ҳар лаҳзада Ғарбга ва дунёга раҳмат деб ўтиришимиз керак эмас. Бу муаммо фақат Афғонлар ва ё Афғонистонники эмас. Жангарилик ва террорчилик глобал муаммодир. Аммо, жангариликнинг илдизи Покистонда...Агар Ғарб Покистон муаммосини ҳал қилмаса, уни жиловламаса ва бу мамлакатни ташқи сиёсатини ўтказишда жангариликдан фойдаланишига чек қўймаса...бир кун келиб Ғарб афсус қилади. Бизни ечолмаган муаммонгиз учун қурбон қилманг. Муаммонинг юраги Покистон армиясида...

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.