BBC navigation

Отахон худкуш ҳужумчи деб гумон этган ўғли тақдирини ўзи ҳал этди

Сўнгги янгиланиш 31 январ 2013 - 14:43 GMT

Афғонистоннинг шимолий Қундуз вилоятидан бўлган Абдулмалик ота худкушлик ҳужуми режалаётганлик гумони билан 16 яшар фарзандини ўз қўллари билан полицияга элтиб топширган.

Қилган иши ортидан отахоннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ўз амали билан яна бир қонли ҳодисанинг олдини олган.

Умрининг 32 йилини қўшни Покистонда кечирган асли афғонистонлик отахон оиласи ва 11 фарзанди билан Қундузга қайтганига уч ойча бўлган.

"Лекин ўғлим ҳали Покистонда эканимиз чоғида бедарак кетганди. Тўрт ойча қаердалигини билмай, биз Афғонистонга қайтгандик. Кейин дарагини билиб, олиб келишар, деган ниятда Покистонга аввал укамни, кейин бошқа бир ўғлимни юбордим. Лекин ўғлим қўлида бўлган қандайдир гуруҳ уни бермаймиз, дейишибди. Қўл телефонларини ҳам ўчириб қўйишган экан. Охири ўзим бориб, олиб келдим", дейди отахон.

"Ўғлимнинг сўзларидан аён бўлишича, қандайдир танишларимиздан бири кунига бир минг рупий бераман деб, уни алдаб, олиб кетибди. Кейин у ерда калтаклаб, бўйнига қандайдир уколлар қилиб, гул суви деб, ҳафтасига бир мартадан номаълум бир суюқлик ҳам ичиришибди".

Абдулмалик отанинг айтишича, уйга қайтган ўғлининг хаёли жойида бўлмаган. Покистон паспорти билан Қундузга келиб, кетиб юрган қандайдир номаълум шахслар уни доимо таъқиб этиб юришган. Худкушлик ҳужуми уюштиришга ундашган.

Отахонга кўра, булардан шубҳага тушиб, яна худкушлик ҳужуми уюштириб қўймасин, деган хаёлда ўз фарзандини полицияга олиб бориб топширган:

Қундузлик Абдумалик ота

Мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғуз суҳбати.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

"Гуруҳнинг қўлига тушмасидан аввал ўғлим мактабга борарди, яна "Қуръон" ўқирди, беш вақт намозни канда қилмасди".

"Полиция ходимлари энди ўғлингизни қайта тарбиялаймиз, ўқитамиз дейишяпти. Ўзим ҳам четда бўладими ёки Афғонистоннинг ўзида, фарзандимнинг таҳсил олишини жудаям хоҳлайман", дейди Абдулмалик ота.

"Ўғлим бетаълим қолмай, келажакда Ватанига, миллатига ва жамиятига хизмат қилса...".

Афғонистонлик отахоннинг айтишича, қилган иши учун кимдир жонига таҳдид қилишидан заррача чўчиётгани йўқ.

"Бошқа афғон оилалари ҳам бу каби гуруҳларнинг мақсадларидан огоҳ бўлишсин, деган мақсадда бу ишни қилдим", дейди у киши.

Абдулмалик ота Афғонистонга қайтгач, деҳқончилик қилаётгани, аммо бу билан ҳам қаноатланмай, гилам дўконини очиб, ўз тижоратини юритиш ҳаракатида эканини айтади.

Отахонга кўра, ўз фарзандини полицияга топширгач, Афғонистон Ички ишлар вазирлиги мулозимлари уни пойтахт Кобулга чақириб, қилган ишим учун раҳмат ҳам айтишган.

"Биздан нима истайсиз, дейишган эди, ўғлим таҳсилсиз қолмаса бўлди, дедим. Улар ҳам, "Хўп", деб ваъда беришди", дейди отахон.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.