BBC navigation

Сталинград даҳшатларини хотирлаб

Сўнгги янгиланиш 2 феврал 2013 - 13:59 GMT

Ўн минглаб шаҳидлар ҳоки кўмилган бу ерга...

Бир пайтлар Сталинград номи билан машҳур Волгоград шаҳри шу кунлар фашистлар Олмониясига қарши жанги якунланганининг 70 йиллигини нишонлар экан, Би-би-си ана шу даҳшатнок муҳорабадан омон қолганлар билан суҳбатлашди.

Хотирлаш маросимлари марказида кўҳна татарларнинг Мамаев Курган қабристон майдони, бир пайтлар бу тепалик ҳам Сталин номида эди.

Волга дарёсининг ажойиб манзараси кўриниб турадиган бу тепалик уруш вақтида муҳим стратегик аҳамият касб этган. Шунинг учун ҳам энг шиддатли жанг айнан шу ерда кечган. Ўн минглаб шаҳидлар ҳоки кўмилган бу ерга...

Бу тепалик устида Она Ватан ҳайкали қад кўтарган. Қилич яланғочлаб турган Она Қизил армияни ғалабага чорламоқда. Пастроқда эса Қаҳрамонлар аллеяси жойлашган.

Қаҳрамонлар аллеясидаги хотира деворларид шўро аскарларининг номлари зикр этилган. Девор пойидаги абадий гулхан атрофида тўрт аскар қўриқчилик қилади. Деворлар орасида ўрнатилган, аммо кўринмас карнайлардан мунгли наво таралиб туради.

Бу жанг якунига етганига етмиш йил тўлаётган бўлса ҳам ҳамон шаҳарда қурбонлар жасадлари топилиб туради. Одамлар ҳамон ўз акалари, оталари, оналари ва опалари қаерда кўмилганини топиб мотам тутадилар.

Отани излаб

Валентина Савелева 75 ёшда. 67 йилдан бери у ўз отасининг қабрини қидиради. Унинг отаси Сталинград жангида ҳаво ҳужумларига қарши курашган, аммо бедарак кетган. 1961 йилда унинг жасади топилади ва Мамаев Курганда қайта дафн этилади. Аммо Шўро мулозимларининг эътиборсизлиги туфайли ҳеч ким бу ҳақда Валентинанинг онасига хабар қилмайди.

Онасининг ўлимидан кейин Валентина ҳарбий комиссарият ва маҳаллий музей фаоллари билан биргаликда қидиришни давом эттирди. Алал оқибат у излаганини топди, Мамаев Курган компютер ёзувларидан маълум бўлишича, унинг отаси Валентина яшаган уйдан 3 чақирим нарида дафн қилинган экан.

Бугун Валентинанинг отаси ТТ Понамарёв номи Сталинград жангининг етмиш йиллиги арафасида янги хотира деворига ёзилди. Бу рўйхатда янги 17000 янги ном бор...

"Улар эндигина ўрнатишди...етмиш йил ўтди ахир, менинг онам ўлиб кетди, мен тенгилар ҳам кетишмоқда...Шу тепалик атрофида яшаб, бу ерда кўмилган яқинларимиз ҳақида ҳеч нарса билмай армонда ўтдик", дейди Валентина кўзларида ёш билан...

"Ҳеч ким оталаримиз тақдири билан қизиқиб кўрмади, алам қилади менга...Ҳозир ҳам ғазабдаман. Мен узоқ йўл босиб, барибир ўз отамнинг дафнига кечиккандай ҳис қилмоқдаман ўзимни, ҳеч қачон бу армон мени тарк этмаса керак. Албатта, номини зикр этишгани яхши. Аммо кўнглимда ҳамон шу армон бор", дейди Валентина.

Валентинанинг илк хотиралари даҳшатнокдир.

Акадан айрилиш

Адолф Ҳитлернинг Олтинчи армияси Сталинград ишғолини 1942 йил ёзида бошлаганида Валентина беш яшар қизалоқ эди. Кўп ўтмай у яшаётган уй вайрон қилинди. Қақшатқич кўча жанглари бошланди. Ноябр ойида у онаси билан яқин орадаги дарага қочишди. Пастроқда Волга дарёси...
"Мен кўзларимни юмсам ёнаётган дарёни кўраман...Нефт тўкилганидан дарё ёнган эди", деб хотирлайди Валентина.

"Биз чуқурлар қазирдик, ертўла эмас, худди ҳайвонлар каби...ўша ерда яшардик. Бу дарага ҳам уруш етиб келди. Олмон танклари киришди ва танклар устидан аёл учувчилар бошқарган учоқлар бомба ёғдиришарди. Бомбалар танк қаерда, одамлар қаерда танлаб ўтирмасди. Ҳамма нарсага ўт кетди. Энг ёмони 20 ноябрда рўй берди...Олмонлар дарани кесиб Қизил Октябр заводига киришди. Жуда қўрқинчи манзара эди. Аввалига биз ўзимиз қазиган чуқурлардан чиқмадик. Кейин катталар ярадорларга ёрдам бериш учун кетишди. Волга ёқасида ҳарбий госпитал бўлиб, ярадорларни ўша ерга ташишди...Нон йўқ эди. Лой едик. Лойда қандайдир ширинча таъм бор эди. Волгадан сув ичдик", дейди Валентина. Лойдаги шакар моддаси Валентинани ўлимдан сақлаб қолди. Аммо унинг укаси совуқ ва очликка чидолмади. Қурбон бўлди.

Олмонларнинг Олтинчи армияси мисли кўрилмаган тезликда Шўролар Иттифоқининг жанубини ишғол қилиб, Қавқоз томонга йўл солди. Аммо Сталинградда Қизил Армия қаршилик кўрсатди. Сталин "Асир тушилмасин", Ҳитлер эса " Чекинилмасин" деб буйруқ берган эди.

Сталинград жангида қурбон бўлган аскарларнинг аниқ сони маълум эмас, аммо эҳтимолки, бир миллионга яқинроқ ҳарбийлар жон беришди. Танклар, учоқлар ва тўплар бу вайроналарни ҳимоя қилаётган одамларга қарши ҳужумга ўтганди. Қиш кириши билан Олмон кучлари кўча урушларига чалғишди. Чарчашди. Олмон қўмондони Фридрих Паулс Ҳитлерга муваққат, стратегик чекинишни таклиф қилди. Ҳитлер кўнмади. Шўро аскарлари яширин тарзда шимолий ва шарқий ҳудудларга жам бўлишди. Бирданига ҳужум билан Олтинчи армияни таъминот йўлларини кесиб қўйишди. Вақт ўтиши билан Парижни ишғол қилган қудратли Олтинчи армиянинг қўшинлари очликдан ва совуқдан ер тишлай бошладилар.

Сталинградни қайта тиклашди. Номи ҳам ўзгарди. Аммо Мамаев Курган ёдгорлиги эса ҳамон уруш даҳшатларини ёдга солиб туради.

Ўлимга чап бериш

1942 йилда Константин Дуванов 19 яшар аскар эди. У Украинадан то ўз она шаҳри Сталинградга қадар чекиниб келди. У ҳам ўт кетган Волгани эслайди. " Ҳамма нарса ёнарди. Дарёнинг соҳили ўлган балиқлар билан инсон тана аъзоларига тўлган эди", деб хотирлайди Константин.

Константин Дуванов Сталинград жанги якунига қадар курашди. Шаҳар универмагининг ертўласига яширинган Паулс асирга тушганида у Олмонларнинг алоқа машинасини қўриқлаётган эди. 1943 йилнинг 31 январи... "Орадан ярим соат ўтиб биз учта олмон пулемётини елкасига ортган сержантни кўрдик...У Паулс ўтирган машинага яқинлашди. Паулсни кўрди. Кейин, қаранг, шунча одамни ўлдириб бу генерал ҳеч нарса бўлмагандай ўтирибдику, дея пулемётни ўқлаб Паулсга тўғрилади. Паулс оғзини очди ва ранги оқариб кетди. Ахир бир сония ичида маршални нариги дунёга жўнатиши мумкин эди у. Аммо бирданига лейтенант пайдо бўлди ва пулемётни четга сурди. Ҳайдовчига қараб, Худо ҳаққи, тез йўқол бу ердан, ёки мана буни ўлдиришади деб бақирди", деб эслайди Дуванов.

Паулс урушдан омон қолди. Шарқий Олмонияда яшади. Унинг қўшинларидан 91000 нафари Сталинградда асирга олинди. Фақат 6000 аскар ватанига қайтди. Қолганлари ё Шўро қамоқхоналаригача йўлда ва ё қамоқхоналарда ўлиб кетишди.

Сталинградни қайта тиклашди. Номи ҳам ўзгарди. Аммо Мамаев Курган ёдгорлиги эса ҳамон уруш даҳшатларини ёдга солиб туради.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.