BBC navigation

АҚШ ҳарбийлиги афғон ҳаво ширкатига тақиқини бекор қилди

Сўнгги янгиланиш 5 феврал 2013 - 11:50 GMT

Қўшма Штатлар Афғонистоннинг энг йирик хусусий ҳаво ширкатларидан бири Кам Эйрни қора рўйхатдан олиб ташлаган.

Ўтган ой ширкат гиёҳванд моддалар ташишда айбланган ва АҚШ ҳарбийлиги у билан мавжуд ҳамкорликларини тўхтатганди.

Энди эса, Қўшма Штатлар армияси Кам Эйр билан яна ҳарбий контрактлар имзолаши мумкинлигини билдирган.

Айни пайтда Афғонистон ҳукуматининг ширкатга қарши айбловлар устидан текширув ишлари давом этади.

Айбловлар

Ўтган ой Америка Қўшма Штатлари ҳарбийлиги Кам Эйр Тожикистонга йўловчи парвозларида гиёҳванд моддалар ташигани борасидаги айбловлар бўйича текширувларга ишора қиларкан, ширкат билан ўртасидаги барча шартномаларини тўхтатаётганини эълон қилганди.

Ҳаво ширкати ва Афғон ҳукумати эса, бундай айбловларни рад этишган.

Қўшма Штатлар ҳарбийлиги ўз қарорини бекор қилгани сабабини “бу гал Кам Эйр устидан тўла текширувларни мустақил Афғонистон ҳукумати ўтказиши мақсадга мувофиқ” экани билан изоҳлаган.

Ҳарбийлик чиқарган баёнотда, шунингдек, афғонлар тарафидан ўтказиладиган текширувлар учун ўзларида бор далил ва ҳужжатларни тақдим этишлари ҳам қўшимча қилинган.

Афғонистон ҳукумати АҚШ томонидан қўйилган сўнгги қадамни “мақбул қарор” дея олқишлаган.

Айни пайтда гиёҳванд моддалар ташишга оид айбловлар Афғонистон Транспорт вазири Довуд Али Нажафий тарафидан қатъиян рад этилган.

Унинг Би-би-сига айтишича, Кобул халқаро ҳаво қўнолғасида хавфсизлик назорати ўта жиддий йўлга қўйилган.

Тожикистон Марказий Осиёдан бангивор моддалар олиб ўтувчилар учун асосий транзит йўли ҳисобланади.

АҚШ ҳарбийлиги Кам Эйрга нисбатан тақиқини эълон қиларкан, ширкат эгаси Земари Камгар ҳуқуқий гуруҳи ҳимояга ҳозирланиши, айбловлар

афғон ва тожик кучлари тарафидан ўтказиладиган “синчков текширувларни ҳақоратлаш” эканини айтган.

Мухбирларга кўра, Кам Эйр борасидаги баҳсу мунозаралар Ғарб давлатларининг Афғонистон бангивор моддалар савдосини гуркиратаётгани юзасидан хавотирлари ошиб бораётган бир пайтда кузатилмоқда.

Аммо, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг ноябр ойида эълон қилган ҳисоботида Афғонистонда бангивор етиштириш учдан бир қисмга камайгани айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.