BBC navigation

Озарбайжон президенти Акрам Айлислини халқ ёзувчиси унвонидан маҳрум этди

Сўнгги янгиланиш 7 феврал 2013 - 14:21 GMT

Акрам Айлисли ўзи ва оиласига бўлаётган босимни Озарбайжонда сўнгги 100 йилда кузатилмаган ҳодиса, дейди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Акрам Айлислини "Озарбайжон Халқ ёзувчиси" фахрий унвонидан маҳрум этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Озарбайжон президенти фармонида айтилишича, бундай қарорга Озарбайжондаги "кўп сонли давлат тизимлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг Акрам Айлислини "Озарбайжон Республикасининг "Халқ ёзувчиси" фахрий унвонига доғ туширгани" ҳақидаги мурожаатлари сабаб бўлган.

Озарбайжонда таниқли ижодкордан фахрий ном олиб ташланишига унинг "Тош тушлар" деб номланган романи сабаб бўлган.

Президент фармонида айтилишича, Акрам Айлисли ўзининг сўнгги романида "Озарбайжон тарихи билан боғлиқ ҳақиқатни бузиб кўрсатиб", халқнинг ёзувчига кўрсатган ишончини суистеъмол қилган.

76 ёшли ёзувчини Озарбайжон раҳбари "Президент шахсий пенсияси"дан ҳам маҳрум қилган.

"Тош тушлар" романи ёзувчи туғилиб ўсган Айлис қишлоғининг армани ва озари аҳолисига бағишланган.

Акрам Айлисли китоблари ёқилди.

Романда СССР парчаланиши арафасида Айлисда рўй берган ҳодисалар қаламга олинган.

Озари президенти фармонига кўра, бу романда Акрам Айлисли "Озарбайжон халқининг антигуманист образи"ни чизган.

Асарда Айлис қишлоғидаги арманиларнинг 1919 йилда оммавий ўлдирилиши ва 1989 йилдаги Боку ва Сумгаит шаҳарларидаги арманиларга қарши амалиётлар қиёсланган.

"Тош тушлар" романи озари тилидан рус тилига таржима қилинган ва ўтган йили Россиядаги "Дружба народов" журналида нашр этилган.

Роман рус тилида дунё юзини кўрганидан кейин Акрам Айлисли ўзи ва оиласи аъзоларига нисбатан босимлар кучайганидан шикоят қилди.

У Бокудаги уйи олдида норозилик акциялари уюштирилаётгани, китоблари ёқилаётгани ва ушбу ҳаракатлар Озарбайжон ҳукуматининг гижгижлови билан бўлаётганига шубҳаланмаслиги ҳақида айтган.

Акрам Айлисли қатор хорижий мамлакатлар элчихоналари, Оврўпо Иттифоқи, ОХҲТ ва Оврўпо Кенгашига мурожаат қилиб, ўз асари билан танишиб чиқишни сўраган.

У ўзига бўлаётган босимни Озарбайжон жамиятида сўнгги 100 йил давомида кузатилмаган ҳодиса, дея баҳолаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.