BBC navigation

Татаристонни ларзага солган қотилликни ўзбекистонлик бўйнига олган

Сўнгги янгиланиш 7 феврал 2013 - 11:02 GMT

Василиса Галицинани қидиришга 6500 одам кўчага чиққан.

Бутун Татаристонни оёққа турғизган Набережние Челни шаҳрида саккиз яшар қизалоқ қотиллигида Ўзбекистонда туғилган фуқаро айбланмоқда.

Татаристон ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, ўзбекистонлик Василиса Галицинани ўлдирганини бўйнига олган ва қизнинг жасадини ташлаб кетган жойини кўрсатган.

Шундан сўнг бу шахсни ҳибсга олиш ҳақидаги маҳкама қарорини изоляторда ўқишга тўғри келган.

Боиси қотилликдан ғазабга келган Набережние Челни шаҳри аҳолиси маҳкама биносида гумондорни ўлдириб қўйишлари мумкин эди.

Шу йилнинг 2 феврал куни Василиса Галицина мактабдан қайтмаган.

Қизалоқнинг ғойиб бўлгани ҳақида полицияга хабар қилинган.

Матбуотда қизчани ўғирлашда гумон қилинган шахс фотороботи эълон қилинган.

Россия матбуотига кўра, 3 феврал куни қизалоқни қидириб топиш ишига 6500 киши жалб қилинган.

Маҳаллий полиция, фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларига сафига кўп сондаги кўнгиллилар қўшилганлар.

Татаристон ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, қотил "Нива" автомобилида бўлган ва машинанинг ойналари қорайтирилгани ҳақидаги маълумот тарқатилгач, ўзбекистонлик "Нива"сининг ойнасини тозалаган, ўқувчи қизнинг сумкаси ва қон теккан китоб-дафтарини турли жойларга ташлаб кетган.

Шу йўл билан изқуварларни чалғитишни истаган.

Орадан тўрт кун ўтиб гумон қилинган шахс қўлга олинган, бироқ у қотилликни бўйнига олмаган.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, ўзбекистонлик билан бир камерада бўлган маҳбуслар "савол-жавоби" якунида у қизчани ўлдирганини тан олган.

Сўнг у полицияни қизнинг жасадини ташлаб кетган жойга етаклаб борган.

Жасад қалин қор тагидан топилган.

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, қизча ўлдирилишидан олдин зўрланган.

Экспертиза қиз ғойиб бўлганидан икки соат ўтиб ўлдирилган, деган хулосага келган.

Татаристонликлар бу хабардан ғазабга келганлар, кечқурун Набережние Челни шаҳрида автомобилчилар сигналлар бериб, авария чироқларини ёқиб, шаҳар кўчалари бўйлаб юриш уюштирганлар.

Татаристон Президенти Рустам Минниханов қизалоқ яқинларига ўз таъзиясини изҳор этган.

Ўзбекистонликнинг 30 ёшда экани, у Ўзбекистондан 2010 йилда Татаристонга боргани хабар қилинган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.