BBC navigation

Цискаридзе: "Россия ҳукумати "Большой театр"нинг раҳбарларини алмаштириши керак"

Сўнгги янгиланиш 8 феврал 2013 - 17:03 GMT

Цискаридзенинг фикрича, "Большой театр" раҳбарияти Филин воқеасидан ўзини "синдириш"да фойдаланмоқчи бўлган.

Россия халқ артисти Николай Цискаридзе "Большой театр"раҳбариятини ўзини сиқиб чиқаришга уринаётганликда айблади.

Би-би-сига берган интервьюсида Цискаридзе Россия ҳукуматини театрнинг барча раҳбарларига истеъфо беришга чақирди.

"Худди 37 йил Сталин даврида бўлгани каби менга қарши йиғилишлар ташкил қилишади, одамларни менга қарши ёзилган хатга имзо қўйишга мажбурлашади- мана бир ҳафта олдин ҳам бу рўй берди. Ва одамлар рад қилишган, ҳамма ўқитувчилар рози бўлишмаган",- деб ҳикоя қилади Цискаридзе Би-би-си мухбирига.

Театрнинг бош раққоси "Большой театр" балет труппасининг бадиий раҳбари Сергей Филинга қилинган ҳужумга ўзини алоқадорликда ишора қилаётган театр раҳбариятининг ҳаракатларидан таажубда эканлигини айтган.

Россия халқ артисти шунингдек, 17 январда Филиннинг юзига сепилган суюқлик кислота эканлигига ҳам шубҳа билдиради.

Цискаридзенинг сўзларига кўра, балетмейстер билан содир бўлган ҳодиса аввало унга қарши зарба бериш учун ўйлаб топилган.

"Бу, Худо кўрсатмасин, ҳақиқатдан кислота бўлганида эди, яна кўп ойлар юзни очиш мумкин бўлмасди, ва бугун биз кўраётган манзара юзда бўлмас эди. Мен у қандай нарсалигини билмайман, лекин нима бўлганда ҳам у бизга тақдим этилаётгандек эмас",- дейди раққос.

Филин ишида гувоҳ ҳисобланаётган Цискаридзенинг айтишича, ўзининг ушбу воқеага алоқаси бор деган ишоралар "биринчи дақиқалардаёқ" пайдо бўла бошлаган.

"Большой театр" раҳбарлари бу нарсани шу қадар жон-жаҳдлари билан айлантира бошладилар, қанақа буюртма кўрсатувлар тайёрлай бошлашди. Буларнинг ҳаммаси Сергейга қарши эмас, айнан мени заҳарлаш учун қилинган деб биламан".

Ҳодиса содир бўлгач, бир ҳафта ўтиб театрнинг бош директори Анатолий Иксанов воқеага Цискаридзенинг алоқаси бор деган тахминни рад қилиб чиққан бўлса ҳам, Цискаридзе томонидан театр ичида пайдо қилинган муҳит Филин ҳодисасини келтириб чиқарди, деб айблайди.

"Бош директор томонидан саҳналаштирилган чидаб бўлмас иблисона муҳит пайдо бўлган театрда, - дейди Цискаридзе , бош директор қутилмоқчи бўлган одамлар бор бу ерда , лекин қонун бунга йўл қўймай келади.

Шу сабабли, таниқли артистнинг фикрича, бош директор уни "синдириш"нинг бошқача йўлини режалаштирган.

"Ҳукумат бутун раҳбариятни алмаштириши керак, чунки бундай давом этиши, ўзини бу тарзда тутиш мумкин эмас. Гуноҳсиз одамга туҳмат қилиш, уни умуман алоқаси бўлмаган иш учун масъулиятни бўйнига олишга мажбурлаш мумкин эмас",- деб таъкидлайди Цискаридзе.

Январ ойи ўртасида Москвадаги "Большой Театр" ижодий директори Сергей Филин ниқоб кийган шасхлар томонидан кислота ҳужумига учраган, Филин жиддий жароҳатланиб касалхонага ётқизилган эди.

7 феврал куни Сергей Филин муолажаларни давом эттириш учун Олмонияга жўнаб кетганлиги хабар қилинган.

Айни пайтда, Цискаридзенинг Би-би-сига интервьюси эълон қилингач, театрнинг матбуот котиби Катерина Новикова "Большой театр"нинг юристлари артистнинг айтганларини ўрганиб чиқиб, унга қарши маҳкамага мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.