BBC navigation

Афғонистонда Fashion Show

Сўнгги янгиланиш 9 феврал 2013 - 10:17 GMT

Саноқли бўлса-да, бундан аввал ҳам Афғонистонда модалар шоуси уюштирилган. Аммо улар кўпроқ хориж аудиториясига мўлжалланган бўлган

Йил сайин бурқани афзал билаётган хотин-қизлар сони ортиб бораётган ва жамияти ҳануз ўта анъанадор бўлган Афғонистонда ноёб воқеълик саналувчи модалар шоуси пойтахт Кобулдаги ресторанларнинг бирида уюштирилган.

Афғон моделлари ресторанга йиғилган эркагу аёл томошабинлар қаршисида маҳаллий дизайнерларнинг либосларини намойиш этишган:

бу ерга босинг Саҳнада моделлар - фоторепортаж

Модалар шоуси кичиккина миқёсда ўтган бўлса ҳам, ҳануз Толибон фаол ва урушлар гирдобида бўлган Афғонистон учун катта ҳодиса саналади.

"Вазият кун сайин ёмонлашиб бормоқда. Лекин биз ортга чекинмаслигимиз лозим. Доимо олдинга ҳаракат қилишимиз керак. Агар аёллар ташаббусни қўлга олиб, бу каби ғоялар билан чиқишса, менимча, олиймақом иш қилган бўлишади", дейди либослари жума кунги шоуда намойиш этилган дизайнер Саҳар Бону Зирак.

Аммо Толибон тузуми қулашидан 10 йил ўтиб ҳам, хотин-қизларнинг барчанинг кўз ўнгида моделлик қилишлари афғон жамиятида хушланмайди.

Афғонистонда аёлларга нисбатан зўравонликлар ҳануз кенг тарқалган. Уларнинг турли айбловлар билан тошбўрон қилинишлари, омма кўз ўнгида қатл этилишлари ёки қамоққа ташланишлари ҳамон учрайди. Маиший зўравонликлардан қочиб, ўз жонига қасд қилаётган хотин-қизлар ҳам озмунча эмас.

Жума кунги модалар шоуси эса, Афғонистондаги "Ёш хотин-қизлар ўзгаришлар учун" мустақил ташкилоти томонидан уюштирилган.

Ушбу ташкилот афғон аёлларининг фаолликларини ошириш ва уларнинг ҳаётларини яхшилашни мақсад қилган.

Модалар шоуси

Аммо Толибон тузуми қулашидан 10 йил ўтиб ҳам, хотин-қизларнинг барчанинг кўз ўнгида моделлик қилишлари афғон жамиятида хушланмайди

"Ассошиайтед Пресс" ахборот агентлиги хабарларига қаралса, ораларида уч эркаги ҳам бўлган ўндан ортиқ моделлар 33 русумдаги либослар - анъанавийлари билан бир қаторда енги калта кўйлаклар, жинси шимлар, калта юбкалар ва туникаларни ҳам намойиш этишган.

Либослар кўргазмаси иштирокчиларининг айтишларича, "Ёш хотин-қизлар ўзгаришлар учун" ташкилотини қўллаш мақсадида ўз хоҳишлари билан моделлик қилишга рози бўлишган.

Улардан бири бўлган 17 ёшли Фарҳода Тоҳирий умрида модалар шоусини ўз кўзи билан кўрмагани, лекин бувисидан ташқари қолган барча оила аъзолари ва ҳатто, отаси ҳам ўзининг моделлик қилишига қаршилик қилмаганини айтади.

Фарҳоданинг таъкидлашича, халқаро кучларнинг сафарбарликларига оз вақт қолаётган бир паллада Афғонистондаги ҳаётни ўнглаш учун ёшлардан ҳам ҳаракат лозим.

"Афғонистонга ким тинчлик келтиради? Биз. Афғонлар. Янги авлод", дейди у.

Бу галгиси бошқача

Хабарларга кўра, айримлари ҳижобсиз ёки калта юбкаларда саҳнага чиққан моделларни ҳимоя этиш учун ташкилотчилар маҳаллий оммавий-ахборот воситаларининг жума кунги шоуни тасвирга олишларига изн беришмаган

Саноқли бўлса-да, бундан аввал ҳам Афғонистонда модалар шоуси уюштирилган. Аммо улар кўпроқ хориж аудиториясига мўлжалланган бўлган.

Уларда афғон модел қизлари ё йигитлари деярли чиқиш қилишмаган. Томошабинлар орасида ҳам, маҳаллий аҳоли вакиллари қарийб кўзга ташланмаган.

Хабарларга кўра, айримлари ҳижобсиз ёки калта юбкаларда саҳнага чиққан моделларни ҳимоя этиш учун ташкилотчилар маҳаллий оммавий-ахборот воситаларининг жума кунги шоуни тасвирга олишларига изн беришмаган.

"Бу - мукаммал ва профессионал даражада уюштирилган шоу бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳали бошланиши", дейди 26 ёшли дизайнер Салма Гул.

Ташкилотчиларга кўра, Афғонистондаги портлашлар ва худкушлик ҳужумларига қарамай, бу каби шоуни уюштиришдан икки мақсадни кўзлашган:

Бири - ўз ташкилотлари фаолияти учун бироз пул ишлаб олиш бўлса, иккинчиси - аста-секинлик билан афғон хотин-қизларига нисбатан жамиятдаги муносабатни ўзгартириш.

"Ёш хотин-қизлар ўзгаришлар учун" ташкилоти воизига кўра, асосан ўз аъзолари ва дўстларига сотилган чипталар орқасидан 1.000 АҚШ долларидан кўпроқ фойда кўришган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.