BBC navigation

Рим Папаси Бенедикт XVI истеъфо бермоқчи

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2013 - 13:27 GMT


Рим Папаси Бенедикт XVI ўзининг яқинда истеъфо беришини эълон қилган.

Бу мурожаатини Папа Ватикандаги учрашувида латинда баён қилган.

Ватикан вакили бу хабарни кейинроқ Франс пресс агентлигига тасдиқлаган.

Италиянинг ANSA агентлиги Ватикан матбуот котиби сўзларига иқтибосан, папанинг 28 февралда вазифасидан кетишини билдирган.

Ўтган йилнинг охиридан бошлаб Бенедикт XVI Twitter ижтимоий тармоғидан фойдаланган ва ўзининг мурожаатларини дунёнинг саккиз тилида бера бошлаган.

Бироқ Twitter ижтимоий тармоғида бу ҳақда ҳали хабар берилмаган.

Охирги марта Рим Папаси бундан 600 йил олдин ихтиёрий тарзда истеъфо бергани, бу - 1415 йилда Григорий XII томонидан бўлгани айтилади.

Ўзининг истеъфо баёнотида Бенедикт XVI " папалик учун ортиқ куч-қуввати қолмагани" ҳақидаги хулосага келганини айтган.

Унинг айтишича, ҳозирги масъулиятли даврда Рим Католик черковини бошқариш ақлий ва жисмоний жиҳатдан бақувват бўлишни талаб қилади.

Аммо папа охирги бир неча ой мобайнида ҳам ақлий ва ҳам жисмоний жиҳатдан заифлаганини айтмоқда.

Унинг бирон бир хасталикдан азият чекаётгани маълум эмас.

Аммо Бенедикт 85 ёшда ва сайланган пайтидаёқ Рим Католик черкови тарихидаги энг кекса папалардан бири бўлган.

Асли исми Йозеф Рацингер бўлган папа ўн йиллар давомида Рим Католик черковининг муҳим институтларидан бўлган Инонч тушунчаси жамоатига раҳбарлик қилган.

У ҳомиладан сақланиш, ҳамжинсбозлик ва аёл руҳонийлар сингари масалаларда муросасиз бўлган.

Бу эса у билан Католик черкови ичидаги либерал унсурлар орасида келишмовчиликларга олиб келган.

У папаликка сайланганидан кўп ўтмай, Рим Католик черкови руҳонийлар ёш болаларга жинсий тегажоғлик қилгани билан боғлиқ йирик можаро марказида қолди.

Бу можаро ҳалигача давом этади.

Мусулмон дунёсида Бенедикт Муҳаммад Пайғамбарни танқид қилган ўн тўртинчи асрдаги насроний ҳукмдоридан иқтибос келтиргани билан ёдда қолса керак.

Папанинг истеъфоси жуда катта янгилик. Ва Фақатгина Папа дунёдаги 1 миллиарддан ортиқ католикларнинг руҳоний раҳбари бўлгани учунгина эмас.

Бундай истеъфолар жуда кам содир бўлади.

Охирги марта рима папаси XV асрда истеъфо берган эди.

Рим Папаси истеъфога чиқариши ёки вазифасидан четлатилиши мумкин эмас.

У фақат ўз ихтиёри билангина кета олади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.