BBC navigation

Британияда бошланган 'от гўшти жанжали' Оврўпога ёйилган

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2013 - 11:56 GMT

Британиядаги супермаркет дўконидаги мол гўшти бургери таркибида от гўшти ДНКси аниқланганидан кейин бошланган можаро дастлаб Ирландияга, сўнг Руминияга етиб борди, Оврўпонинг 11 мамлакатида гўшт таъминотчиларини текшириш бошланди.

Январ ойининг ўртасида Британиядаги Tesco ва Iceland супермаркатларида сотилаётган мол гўшти бургерлари текшириб кўрилганида улар таркибида от ва чўчқа гўштлари ДНКси борлиги аниқланди, Tesco ва Iceland савдодан бургерларни олиб ташлади.

Британия озиқ-овқат хавфсизлиги назорати бўйича агентлик текшириш бошлади.

Бургерлар Ирландия ва Англиядаги заводларда тайёрлангани аниқланди.

От гўшти Ирландиядаги Dunnes Stores, Lidl ва Aldi дўконлар тармоқларида ҳам топилди.

Бургерларни савдо тармоқларига тарқатадиган Ирландиядаги ширкат гўштни Руминиядан олганини ва қандай қилиб мол гўшти таркибида от гўшти пайдо бўлганини текширишни бошлаганини маълум қилди.

Шундан кейин Франция, Швеция ва Полшадаги супермаркетларда сотилаётган бошқа гўштли маҳсулотларда от гўшти аниқланди, айримлари таркибида мол гўштидан кўра от гўшти кўплиги маълум бўлди.

Франциядаги еттита ширкат музлатилган барча гўштли маҳсулотларини савдодан қайтарганларини эълон қилдилар.

Швециядаги Findus ва Франциядаги Spanghero ширкатлари Руминиядаги қассобларга қарши маҳкамага даъво аризаси киритганлар, Оврўподаги бошқа ширкатлар ҳам шундай йўл тутишларини хабар бердилар.

11 феврал куни Франция ҳукуматининг махсус мажлис чақиришига тўғри келди.

Ҳукумат бу мажлисга мамлакатдаги барча гўшт таъминотчиларини тўплаган.

Франция Озиқ-овқат вазири Жилиом Гарот шубҳали бўлган маҳсулотларнинг ҳаммаси дўконлар пештахталаридан олиб ташланганига ишонч ҳосил қилишини исташини айтган.

Британияда ҳам парламент аъзолари масъул вазирдан юзага келган вазият ва муаммони бартараф этиш юзасидан нима ишлар қилинаётгани борасида ҳисобот талаб қилдилар.

Кўпчилик саломатлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича талаблар жаҳонда энг қаттиқ бўлган Оврўпода қандай қилиб шундай ҳодиса юз бериши мумкин деган саволни бермоқда.

Дастлабки текширувлар хулосасига кўра, от гўшти мол гўштига тасодифан аралашиб қолмаган, балки атайин яширинча қўшилган.

Бу эса жиноят, от гўшти анча одамларнинг саломатлигига тўғри келмайди.

Руминия Президенти Траян Бэсеску ўз шартномасидаги мажбуриятларини бузган ширкат устидан текшириш бошланганини маълум қилган.

Президент Бэсеску можаро учун румин қассоблари масъул бўлсалар, бунинг оқибати Руминия учун ёмон бўлишидан огоҳлантирган.

Агар муаммо илдизи Руминияда бўлса, бу мамлакатга қарши экспорт чекловлари жорий этилиши мумкин.

Президент Траян Бэсеску сўзларига кўра, Руминия "кўп йилларга ишончни йўқотиши мумкин".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.