BBC navigation

Президент Карзай НАТО ҳаво ҳужумларини тақиқлаган

Сўнгги янгиланиш 17 феврал 2013 - 10:53 GMT

Президент Карзай тинч афғонлар ўлимига олиб келган НАТО ҳаво ҳужумларидан ғазабини бир неча марта изҳор этган.

Президент Ҳомид Карзай Афғонистон хавфсизлик кучларига аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларда ўтказадиган жанговор амалиётлари чоғи НАТО қўшинларидан ҳаводан мадад сўрашларини тақиқлаган.

Афғонистондаги НАТО етакчилигидаги халқаро қўшинлар қўмондони генерал Жозеф Данфорд ҳам Президент Карзайнинг ушбу тақиқини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Мамлакатдаги хорижий кучлар уюштирадиган ҳаво ҳужумларидан тинч фуқаролар ҳалок бўлган ҳодисалар кўп марта рўй берган, Президент Ҳомид Карзай бу ҳужумлардан ўз ғазабини бир неча марта изҳор этган.

Президент Карзайнинг сўнгги қарорига тўрт кун олдин юз берган ҳодиса сабаб бўлган.

13 феврал тунида НАТО учоғидан уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида Кўнар вилоятида 10 тинч фуқаро ҳаётдан кўз юмган.

Уларнинг аксари болалар ва аёллар бўлганлар.

Афғонистон Миллий ҳарбий академиясида гапирган Президент Ҳомид Карзайнинг айтишича, Афғон хавфсизлик кучлари НАТО қўшинларидан ҳаводан ёрдам сўраганларидан кейин Кўнардаги болалар ва аёллар бўлган жой ҳаво ҳужумига тутилган.

"Мен Афғонистон хавфсизлик кучлари ҳеч қачон хорижий учоқлардан ёрдам сўрамасликлари мақсадидаги қонунни имзолайман. Хорижий учоқлар бизнинг уйларимиз ва бизнинг қишлоқларимизга қарши амалиёт ўтказмасинлар", деб айтган Президент Карзай.

Жаноб Карзай сўзларига кўра, янги қонун 17 феврал кунидан кучга киради.

Афғонистондан хорижий қўшинларни олиб чиқиб кетиш 2014 йилга мўлжалланган.

Хавфсизлик назорати босқичма-босқич Афғон хавфсизлик кучлари ихтиёрига ўтказиб келинмоқда.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Карен Аллен хабар қилишича, ҳозирги пайтда мамлакатдаги хавфсизликн таъминлаш амалиётларининг 90 фоизини Афғон хавфсизлик кучлари ўтказмоқда.

Бироқ, Би-би-си мухбирига кўра, ҳамон бу амалиётларда НАТО кучларининг ҳаводан мадади ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда.

Феврал ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти янги ҳисобот эълон қилди.

Бу ҳисоботга кўра, 2010-2011 йилларда НАТО ҳаво ҳужумлари оқибатида тинч фуқаролар ҳалок бўлиши ҳоллари янада кўпайган.

Бунинг сабаби ҳаво ҳужумлари пайти НАТО томонидан эҳтиёт чораларининг кўрилмагани ва пала-партиш куч ишлатиш бўлгани айтилган.

Афғонистондаги хорижий қўшинлар вакиллари БМТ ҳисоботини буткул асоссиз ва ёлғон деб аташди.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.