BBC navigation

Арманистон: янги президент сайловларида янгилик кутилмаяпти

Сўнгги янгиланиш 18 феврал 2013 - 11:32 GMT

Сержа Саркисянга муносиб рақиб бўладиганлар адолатли сайловдан умид қилмай, ўз номзодларини қатариб олишган.

Арманистондаги олти номзод иштирок этаётган президент сайлови натижалари ҳали номаълум бўлсада, аксарият таҳлилчилар амалдаги президент , Республика партияси раҳбари Серж Саркисян ўз лавозимини сақлаб қолиши ва кейинги беш йилда давлат тепасида бўлишига шубҳа қилишмаяпти.

Арманистонда сайлов участкалари эрталабки 8 да очилган.

Сайловларга фақат Арманистон ҳудудидан туриб овоз бериш мумкин.

Хорижда сайловларда фақат арман дипломатлари ва уларнинг оила аъзолари қатнаша оладилар.

Сайловолди жанжаллар

Арманистонда президентликка номзод, собиқ дессидент Паруйр Айрикянга суиқасд катта гап-сўзларга сабаб бўлди.

Паруйр Айрикян Арманистон мустақиллиги учун курашган ва 17 йил совет қамоқларида ўтириб чиққан. Паруйра Арукян ўзига қилинган суиқасдга ҳамма номзодларни айбдор ҳисоблаган. Унинг айтишича, суиқасд қилингач, сайлов кампанияси тўхтатилмаган. Полиция икки кишини суиқасдда гумонлаб қўлга олган. Бироқ Арманистонда кўпчилик суиқасдни Арукяннинг ўзи томонидан ташкил қилинган деб ишонади.

Номзодларнинг энг ёши бизнесмен Андриас Гукасян амалдаги президентнинг номзодини бекор қилишга чақириб очлик эълон қилган.

Рақибларнинг чекиниши

Январ ойида Оврўпо Кенгашининг Парламент ассамблеяси Арманистондаги асосий партиялардан номзодлар сайловларнинг адолатли ўтишига ишонмасликларини айтиб ўз номзодларини қайтариб олишларидан хавотирини изҳор қилган.

Биринчи арман президенти Левон Тер Петросян 2008 йилда Саркисяннинг асосий рақиби бўлган эди. 2008 йилги сайлов натижаларидан кейин норозиликда "рангли инқилоб" бўлишига бир баҳя қолгани айтилади.

Серж Саркисяннинг 2008 йилги сайловларда ғалабаси мухолифат ва полиция ўртасида тўқнашувни келтириб чиқарганди.

Ўшанда бостирилган намойишда 10 киши ҳалок бўлган.

Мухолифат сайловларни сохталаштирилганини айтиб норозилик билдиришган, бироқ Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайловларни халқаро нормаларга жавоб берганини билдирган эди.

Энди Тер Петросяннинг ўрнига собиқ бош вазир Грант Багратян қатнашмоқда. Лекин у "Арман миллий конгресси"нинг расмий қўллаб-қувватловидан маҳрум қилингани сабабли, мухолифатнинг тўлақонли аъзоси бўлолмайди.

Саркисяннинг рақибларидан бири миллионер Гагик Царукян 2012 йил декабрда президент билан учрашгандан сўнг сайловда қатнашишдан воз кечган.

Сайловдаги номзодларнинг ҳаммаси Арманистондаги ишсизлик муаммосини, минглаб эркакларнинг хорижга, асосан Россияга чиқиб кетаётгани муаммосини ҳал қилишга ваъда бермоқда.

"Мерос" партиясининг раҳбари Раффи Ованесян эса ўзи сайланган тақдирда, Тоғли Қорабоғ Республикасининг мустақиллигини эълон қилишини айтган.

Башоратларга қарамасдан Саркисян ғалаба қозонмаслиги мумкинми?

Ҳозирча бундай фикр айтилмаяпти. Кузатувчиларга кўра, амалдаги президентнинг сайловдаги ғалабасига соя соладиган нарса бўлса, у ҳам сайловчиларнинг сайлов участкаларига кам келаётгани дейиш мумкин. Сўровларга кўра, кўпчилик арманистонликлар натижаси шундоқ ҳам аниқ бўлган сайловлар улар учун қизиқ эмаслигини айтишган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.