BBC navigation

БМТ: 'Афғонистонда аҳоли орасидан ўлим ҳоллари камайди'

Сўнгги янгиланиш 19 феврал 2013 - 09:48 GMT

БМТ янги ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар туфайли нобуд бўлаётган оддий одамлар сони 6 йил асносида илк бор камайгани кузатилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги Кўмак миссияси 2012 йил 2, 754 нафар тинч фуқаро нобуд бўлгани ва 4, 805 киши тан жароҳати олганига оид рақамларни тақдим этади.

Ташкилот ҳисоботига кўра, мазкур рақамлар ҳаётдан кўз юмганлар сони 12 фоиз камайганини англатади.

Ишонилишича, бу ердан ва ҳаводан уюштириладиган ҳарбий амалиётлар, шу билан бирга, худкушлик ҳужумлари камайгани сабабдир.

Айни пайтда БМТ ҳисоботида Афғонистоннинг, айниқса, шимолий минтақаларида қуролли гуруҳлар қайта пайдо бўлиши эҳтимолидан хавотир билдиради.

Оддий инсонлар бундан кейин ҳам таҳдиду қўрқитиш ҳолларига юз тутишлари, уларнинг таълим олиш, тиббий ва адлия хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларига дахл қилиниши мумкинлиги қўшимча қилинади.

'Тинч фуқаролар ўлими қабул қилиб бўлмасдир'

БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Ян Кубиш 2012 йил аҳоли орасидан ўлим ҳоллари камайганига оид хабар "ўта хушқаршиланиши", бироқ ушбу урушда ҳамон инсоний талофатлар берилаётгани "қабул қилиб бўлмас" эканини айтган.

"Аксилҳукумат унсурларнинг портловчи воситалардан бемулоҳаза ва ноқонуний фойдаланишлари оддий одамлар умрига зомин бўлаётган асосий қурол бўлиб қолмоқда", дейди у.

"Ҳукуматни қуллаб-қувватлаётган фуқаролар атайдан нишонга олиниши ҳоллари катта сонда ошиши халқаро инсон ҳуқуқларига оид қонунлар жиддий бузилаётганига оид яна бир мисолдир", дея қўшимча қилади БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили.

"Даҳшатлиси, одамларни ўлдириш учун худкуш ҳужумларидан фойдаланиш ва уларни "руҳан таъсир ўтказилган" болалар воситасида амалга оширилаётганидир", дейди жаноб Кубиш.

2012 йил тинч фуқаролар орасидаги ўлим ҳоллари 81 фоизига жангарилар масъуллигига, 8 фоизи эса, ҳукуматпараст кучлар ҳарбий амалиётлари натижаси эканига ишонилади.

Ўтган олти йилдан ортиқроқ вақт ичида Афғонистонда 14, 728 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Заиф қатлам

Ҳисоботда аёллар ва қиз болалар вазиятига ҳам диққат қаратилади. Унда таъкидланишича, қиз-жувонлар "қуролли қарама-қаршиликлар туфайли азият чекишда" давом этишмоқда.

Айтилишича, аҳолининг ушбу заиф қатлами орасидан қурбонлар сони 20 фоизга ортган, яъни ўтган йил 301 аёл ҳаётдан кўз юмган, 563 нафари тан жароҳати олган.

Кундалик турмуш ташвишлари билан машғул аксар афғон аёллари ва қизларининг ўлдирилаётгани ҳамон фожеали воқеъликдир", дейди Афғонистондаги БМТ расмийларидан яна бири.

Ҳисоботга кўра, исёнкорлар тарафидан ўрнатиб кетиладиган портловчи воситалар тинч фуқаролар ҳаётига энг йирик таҳдидлигича қолмоқда. Айни шундай ҳужумлар туфайли 868 инсон ҳаётдан кўз юмган, 1663 киши тан жароҳати олган.

Шунингдек, ҳисоботда Толибон 2012 йил чиқарган қатор баёнотларида тинч аҳолини ҳимоя қилиш борасида сўз юритгани, асл вазият эса, ўзгаришсиз қолгани тилга олинади.

Би-би-си мухбири Карен Алленга кўра, БМТ чиқарган янги ҳисобот хорижий кучлар учун хушхабардир. Ўтган ҳафта халқаро кучлар аҳоли яшайдиган ҳудудларда Толибонга қарши ҳаво ҳужумларини чеклаш юзасидан ҳукумат босими остида қолганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.