BBC navigation

Хитой АҚШ ширкатининг кибер ҳужумларига оид айбловларини рад этди

Сўнгги янгиланиш 20 феврал 2013 - 14:05 GMT

Шанхайда жойлашган кўп қаватли бинода Хитой Халқ Озодлик Армияси бўлинмаси жойлашган

Хитой Мудофаа Вазирлиги ўз ҳарбий бўлимларидан бирини Америка иншоотларига кибер ҳужумларини амалга оширишда айбловчи ҳисоботда хатолар борлигини айтган.

Вазирлик баёнотида айтилишича, АҚШнинг Мандиант ширкати ҳисоботида Хитойдаги ҳарбий бўлинма АҚШ компьютер тармоқларига бузиб киришга уринганига далил-исбот йўқ.

Мандиат ҳисоботида, жумладан, айтилишича, Шанхайда жойлашган кўп қаватли бинода Хитой Халқ Озодлик Армияси бўлинмаси жойлашган ва мазкур бўлинма кўп йилларки, АҚШнинг турли компьютер тармоқларига киришга уриниб келади.

Хитой Мудофаа Вазирлигига кўра, кўплаб кибер ҳужумлар ўғирланган интернет-адреслар ёрдамида амалга оширилади.

Унинг баёнотида айтилишича, кибер ҳужум аниқ ифодаланмаган ва ҳужумчи кимлигини фақат интернет-адресига қараб аниқлаш жуда қийин.

Ундан ташқари, Хитой баёнотига биноан, кундалик равишда интернетда маълумот йиғишни жосуслик сифатида таърифлаш нотўғридир.

Мандиантнинг 60 бетлик ҳисоботида айтилишича, тергов 2004 йилдан бери юзлаб бузғунчилик ҳоллари қайд қилинган ҳамда бу ҳужумлар асосан Хитойдан амалга оширилади ва Хитой ҳукумати улардан хабардор.

Ҳужумчиларнинг энг фаолларидан бири дея Хитойнинг АРТ1 бўлими айтилган ва у ҳукуматнинг бевосита кўмагига эга экани даъво қилинган.

Ҳисобот муаллифлари бу бўлим Шанхайнинг Пудун мавзесидаги 12 қаватли бинода жойлашганини аниқлашган. Айни бинода Хитой армиясининг №61398 ҳарбий бўлинмаси жойлашган.

АҚШ Президенти воизи Жей Карни Мандиант ҳисоботидан Оқ Уй хабардор эканини билдирди.

“Биз бир неча бор кипер-жосуслик масаласини Хитой раҳбарияти билан учрашувларимизда кўтарганмиз. Бу каби фаолият нафақат бизнинг миллий хавфсизлигимиз, балки иқтисодий манфаатларимизга таҳдиддир, шунинг учун ҳам ўз хавотирларимизни изҳор қилаяпмиз”, - деди Карни хоним.

Ўтган январь ойида Нью Йорк Таймс газетаси Хитой Бош Вазири Вен Цзябао соғлиги ҳақида мақола чоп қилгач, бегона шахслар газетанинг интернет сайтига тўрт ой давомида ҳужум қилганларини билдирган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.