BBC navigation

Италия: сайловларнинг иккинчи ва якуний кунида овоз берилмоқда

Сўнгги янгиланиш 25 феврал 2013 - 12:09 GMT

"Етар Берлускони" ҳаракати аъзолари Берлускони ҳукуматга қайтишини истамайдилар

Италияликлар умумхалқ сайловларининг иккинчи ва якуний кунида овоз беришмоқда. Мазкур сайловлар Италия ва Евро ҳудуди юз тутаётган иқтисодий муаммоларни ечиш йўлидаги ўта муҳим қадам дея кўрилмоқда.

Якшанба куни сайловчиларнинг 55 фоизи овоз берганлар - бу 2008 йилги кўрсаткичдан 7 фоиз пастдир. Кам овоз берилганига ёмон ҳаво қисман айбдор дейилмоқда.

Сайловолди сўровлар Пиер Луижи Берсанининг марказ-чап қанот партияси Силвио Берлусконининг алянсидан бироз олдинда кетаётганини намойиш қилганди.

Лекин, янги протест партиясига бўлган дастакнинг ошиши сайловлар натижасини олдиндан башорат қилишни қийинлаштирган.

"Беш юлдуз" номли аксил-ҳукумат ҳаракат сайловолди кампаниянинг охирги кунларида йирик сонли тарафдорларни ўзига жалб қила олган. Унга собиқ ҳажвчи Беппе Грилло бошчилик қилади.

Сайловлар чуқур иқтисодий инқироз, иқтисод ўсишининг тўхтатиши ва Бош Вазир Марио Монтининг кенг оммавий норозиликларга сабаб бўлган қаттиққўл чоралари манзарасида бўлиб ўтмоқда.

Сайловларни Евро пул бирлиги ҳудуди ҳам яқиндан кузатмоқда. Собиқ коммунист Берсани, агар ғолиб чиқса, жаноб Монтининг иқтисодий чораларини давом эттиришини ваъда қилган, лекин Оврўпо сиёсати иқтисод ўсиши ва иш ўринлари яратилиши учун кўпроқ чора кўриши кераклигини айтган.

Собиқ бош вазир, мубоҳасали сиёсатчи Силвио Берлускони якшанба куни овоз берар экан, унга "Етар Берлускони" ҳаракатининг кўкрагини яланғочлаган аёллари қарши чиққанлар.

Уч марта бош вазирлик муддатини ўтаган Берлускони икки маҳкама ишига тортилган: бири солиқдан бўйин товлаш, иккинчиси эса балоғатга етмаган фоҳиша билан жинсий алоқада бўлиш.

Қирқ етти миллион сайловчилар парламентнинг икки палатаси - Вакиллар палатаси ва Сенатга аъзоларни сайлашмоқда. Ҳукумат тепасига келиш учун иккала палата устидан ҳам назорат зарур бўлади.

Кўпларнинг башоратига кўра, жаноб Берсани аксарият овозни қўлга кирита олмаса, жаноб Монти билан коалиция тузиши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.