BBC navigation

Халқ душманига чиқарилган озари ёзувчиси нега арманлар тарафини олди?

Сўнгги янгиланиш 26 феврал 2013 - 13:02 GMT

Айлислининг китобига қарши норозилик намойишларини ҳукумат ташкиллаштиргани гумон қилинади, чунки Озарбайжонда намойиш ўтказиш тақиқланган

Уни "халқ душмани"га чиқаришди. Унинг китоблари оммавий норозилик намойишларида ёқилди. Ундан ёзувчилик унвонлари қайтариб олинган.
Озарбайжондаги сиёсий партиялардан бирининг раҳбари ҳатто унинг қулоғини кесиб келган одам учун 13 минг доллар мукофот пули ваъда қилди, лекин сўнг шаштидан тушди.

Лекин, Озарбайжоннинг энг таниқли адибларидан ҳисобланмиш 75 ёшли Акрам Айлисли ўзининг "Тош тушлар" романини ёзганидан пушаймон қилмайди.

Адибнинг айби китобда арманларнинг озарилар томонидан қирғин қилиниши ҳақида ёзгани бўлди. Китоб 1990-йилларда Тоғли Қорабоғда юз берган озари-арман урушини арманлар нуқтаи назаридан келиб чиқиб ҳикоя қилади.

Озарбайжон бу қонли можарода ўз ҳудудинининг 20 фоизидан айрилганини ҳали ҳам унутмаган, шундай экан озарийлар чеккан азобни китобда умуман тилга олмаслик кўплар учун кечириб бўлмас шаккокликдир.

Совет Иттифоқи қулаши ортидан Озарбайжон ва Арманистон қақшатқич жангга кирдилар. Унда икки томон ҳам йирик айрилиқларга учради: 30 мингга яқин одам ҳалок бўлди, миллионлаб одамлар уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлдилар.

Бугун қалтироқ оташкесим амалда бўлишига қарамай, можаро давом этмоқда. Ҳар йили ўнлаб одамлар нобуд бўлади.

Мен китоб муаллифи Акрам Айлисли билан боғланиб, аввало нима учун бу китобни ёзгани ҳақида сўрадим.

Айлисли: Бунинг ҳаммаси ўтади деб умид қиламан, чунки бу ишлар сунъий равишда бўрттириб кўрсатилди. Менинг романимда бундай можарога сабаб бўладиган нарса йўқ. Ўйлайманки, агар одамлар бу китобимни ташқи аралашувсиз, ўзлари ўқиб кўришса, улар мен ўз халқимга қарши ҳеч ёмон иш қилмаганимни англаб етишади. Аксинча, мен ўз халқимнинг номини янада улуғ қилмоқчи эдим, хамма халқлар, хусусан арманлар ҳам Озарбайжонда арманлар билан ярашишга чанқоқ бўлган, Қофқозда соғ муҳитни истаган, Қофқоздаги уч республика якка ўзи эмас, балки биргаликда ўз халқлари манфаати йўлида ишлашини хоҳлайдиган озарбайжонликлар борлигини билишларини истагандим.

Би-би-си: Лекин, бу қонли воқеалар бўлганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўша кунлар озарбайжонликлар хотирасида ҳам ҳали ҳам қотиб улгурмаган. Сиз учун мана шундай нозик вақтда шу масалани кўтариш тўғримиди? Айниқса арманлар нуқтаи назаридан келиб чиқиб асар ёзиб, озарий халқининг дилини оғритдим деб ўйламайсизми?

Айлисли озари ва арман халқлари ўртасидаги нафратга чек қўйишга вақт келганига ишонади

Айлисли: Биласизми, мен бироз идеалистман. Бироз эмас, мутлақ идеалист. Мен бировнинг дилини оғритаман деб ўйламагандим. Мен одамлар аслида нима бўлаётганини тушуниб етишларини, сиёсий таъсирлар туфайли ҳақиқатни йўқотиб қўймасликларини, маънавийлик, ахлоқлилик бўлишини истагандим. Гап шундаки, бу аллақачон бор. Кўп одамлар мени қўллаб-қувватлашаяпти. Сиёсат босими остида бўлмаган, эскича қарашларга эга бўлмаган одамлар мустақил фикр юрита оладилар. Масалан, кўп журналистлар мени дастаклашди. Лекин, ёзувчилар кам дастаклашди, чунки бизда ёзувчилик муҳити ўзи ғалатироқ. Яқинда бир асли гуржи шоиримиз Озарбайжон Ёзувчилар Уюшмасининг фахрий аъзолигидан чиқиб кетди. У бир ёзувчини шунча ерга урадиган уюшманинг аъзоси бўла олмаслигини айтди. Гуржистоннинг ўзидан яна уч ёзувчи мени дастаклаб чиқди. Бошқа мамлакатлардан ҳам, ўзбек адиблар ҳам мени яхши тушунишди. Ёзувчининг эркинлигини ҳеч қандай сабаб ё баҳона билан чекламаслик керак. Мен буни гапирмасам, эртага бошқа биров гапирар, ва бора-бора арманлар билан тил топишармиз. Албатта, мен хавфли нарсага қўл урдим.

Би-би-си: Мақсадингиз нима эди ўзи?

Айлисли: Биласизми, ёзувчидан мақсади нима бўлганини сўраш қийин. Ёзувчи учун энг муҳими унинг қалби. Мен ҳеч ўйламагандим, буни ҳозир ёзишни режалашим керак деб. Ўзи аслида уни 2007 йилда ёзгандим, лекин балки уни чоп этишнинг вақти келмагандир деб ўйлагандим. Лекин, ҳозир айнан вақти пишиб етган, чунки ўзаро нафрат давом этаяпти. Мен шу нафратга қарши чиқдим. Мен шундай мажбуриятни ҳис қилдим. Бу можаро неччи йилдан бери давом этаётгани икки халқнинг ҳам жонига теккан, улар фаровон қўшничиликни исташади. Мен озарий ёш зиёлиларининг деярли бари менинг тарафимда эканини билиб жуда хурсанд бўлаяпман. Қўрқмай чиқишлар қилишаяпти. Демак нафратга якун етишига умид бор.

Би-би-си: Сизни Озарбайжондаги энг кўп ҳурматга сазовор замонавий ёзувчи дея тасвирлашган. Сиз кўп ўн йиллар давомида Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси бўлгансиз. Сизга қарши энди шундай қатъий чоралар кўришганидан жуда ҳафа бўлган бўлсангиз керак?

Айлисли: Йўқ. Аслида 20 йилдан ошибдики, мен ўзимни Озарбайжон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси ҳисобламайман. Чунки бу уюшма Совет Иттифоқи қулаганидан кейин бирон арзигулик иш қилмади, мен тадбирларига ҳам бормай қўйганман. Бу иттифоқ мени "Халқ ёзувчиси" унвонидан айирди. Англияда, масалан, "халқ ёзувчиси" десангиз, фольклор асарлар ёзадиган кишини тасаввур қилишади. Мени бу ҳафа қилмайди, халқникиманки, халқники эмасми, бунинг аҳамияти йўқ. Лекин, ҳафа қилгани, бу уюшманинг 1937 йилда бўлган репрессияларни била туриб, шундай қарор қилгани. Энди ўзлари ҳам шундай репрессив йўл тутишди. Шуниси ҳафа қилади.

Айлислининг озари халқи севиб ўқиган китоблари ёқилди

Би-би-си: Бу можаро сизнинг бугунги фаолиятингизга таъсир қилаяптими?

Айлисли: Биласизми, янги бир нима ёзиш учун фикримни бир жойга жамлаш менга ҳозир қийинроқ. Масалан, мактаб ўқув дарслигида менинг бир ҳикоям бор эди. Яна битта ҳикоя ёзиб беришни сўрашганди. Шодлик ва қуёшли кунларга тўла бир ҳикоя ёзиб бердим. Энди билсам, ҳикояларимни ўқув китобларидан олиб ташлашаяпти экан. Мени ҳафа қилаётгани, болаларга ҳар хил бўмағур нарсаларни тиқиштирашаяпти, меникиларни эса олиб ташлаяптилар.

Би-би-си: Сизга ҳар қандай таҳдидлар бўлди. Ўзингизни хавф остида сезаяпсизми?

Айлисли: Албатта, ўзимни хавф остида сездим. Кимдир мени йўқ қилишга тайёр эканини айтиб турса, қандай қўрқмай? Ҳар куни телевидениеда мени "халқ душмани" деб кўрсатишди. Мен Озарбайжон адабиёти тарихини яхши биламан, ва бу бўлаётган ишлар Совет даврининг энг ёмон кунларини эслатди. Лекин, ҳеч қаерга кетмадим, ўз уйимдаман. Биламан, халқимиз ундай ёввойи эмас. Агар кимдир атайлаб менга ҳужумни ташкиллаштирмаса, халқ ҳеч ёмонлик қилмайди. Кўплар Озарбайжон халқини нодон деб ўйлаши мумкин, бу нотўғри. Халқни мажбурлашади ҳар хил ишларга.

Би-би-си: Нима учун мажбурлашади? Кимга керак бу?

Айлисли: Билмадим, улар менинг ёзганларимдан манфаатдор эмасдирлар. Менинг ўзим ҳам тушунмайман бунга. Нима ёмон иш қилдим? Арманлар томонга бир қадам ташлабман, бунинг нимаси ёмон? Аксинча, менинг асаримга бошқача муносабат қилиш билан, улар ўз бағрикенгликларини намойиш қилишлари мумкин эди. Мен ҳар доим Озарбайжонда барқарорлик бўлишини истаганман. Қаранг, атрофимизда, араб давлатларида нималар содир бўлаяпти. Лекин, барқарорлик давомли бўлиши учун, ҳукумат халққа босим ўтказмаслиги керак. Аксинча, халқнинг зорига, ҳар қандай фикрдаги инсонларга қулоқ тутиши лозим. Бизнинг мусулмон оламида бунга ҳамма ҳам тушунмайди.

Би-би-си: Президент Илҳом Алиев сизни бугун суҳбатга таклиф қилса, унга нима деган бўлардингиз?

Айлисли: Агар у менга сим қоқиб таклиф қилса, ўйлашимча биз бир-биримизни қайсидир масалаларда яхши тушунган бўлардик. У мени таклиф қилишига кўзим етмайди. Лекин, чақирса, яхшигина гурунглашардик, балки мен унинг баъзи фикрларини ўзгартирардим, балки у ҳам менинг баъзи қарашларимни ўзгартирган бўларди. Аммо, бундай шаклда бир томонлама тажовуз қилиш ҳеч қачон фойда келтирмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.