BBC navigation

Рамзан Қодиров Депардьега беш хонали квартира совға қилди

Сўнгги янгиланиш 27 феврал 2013 - 08:44 GMT

Чеченистон президентининг қарори билан француз актёри янги уйлик бўлишдан ташқари республиканинг фахрий фуқаросига ҳам айланди

Чеченистон президентининг қарори билан француз актёри янги уйлик бўлишдан ташқари республиканинг фахрий фуқаросига ҳам айланди.

Яқиндагина Жерар Депардьега Россия фуқаролиги ҳам берилганди.

Ўтган якшанба куни пойтахт Грознийга шахсан ташриф буюрган жаноб Депардьенинг сўзларига қаралса, унга Чеченистон ниҳоятда ёққан.

Француз актёри бу ернинг одамлари хайрихоҳ, очиқ эканликларини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Жерар Депардьени аэропортда шахсан Рамзан Қодировнинг ўзи қарши олган ва шарафига дабдабали зиёфат ҳам уюштирган.

Чеченистон ҳақида фильм ишлаш истагида бўлган жаноб Депардье маҳаллий кинематографлар ва талабалар билан ҳам учрашган.

Рамзан Қодиров аввалроқ француз актёрига ўз юртларига келиб яшашни таклиф этган ва "буюк маданият арбоби учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришга" ваъда қилганди.

Беш хонали уй ва фахрий фуқаро бўлиб олганига қарамай, жаноб Депардье Мордовияда рўйхатдан ўтишни афзал билган.

Қўшалоқ байрам

Байрам муносабати берилган концертда Ван Дамм Рамзан Қодировни яхши кўриши ва Чеченистонда амалга оширилган ишлардан ҳайратга тушганлигини очиқчасига изҳор этганди

Бу - жаҳон миқёсида таниқли бўлган юлдузларнинг Чеченистонга илк ташрифлари эмас.

2011 йили президент Рамзан Қодировнинг туғилган куни билан бир вақтга тўғри келган Шаҳар куни тантаналарида британиялик таниқли скрипкачи Ванесса Мэй, бельгиялик машҳур актёр Жан-Клод Ван Дамм, таниқли инглиз қўшиқчиси Сил ва америкалик актриса Ҳиллари Суонклар ҳам иштирок этишганди.

Байрам муносабати берилган концертда Ван Дамм Рамзан Қодировни яхши кўриши ва Чеченистонда амалга оширилган ишлардан ҳайратга тушганлигини очиқчасига изҳор этганди.

Ҳиллари Суонк эса, "ўзининг инсон ҳуқуқларини сақлаш йўлида олиб бораётган фаолиятига соя ташлагани"ни айтиб, кейинчалик Грознийга қилган сафаридан пушаймон эканини айтиб чиққанди.

Юлдузларни Чеченистонга бориш ниятидан қайтариш учун, ҳатто, "Хьюман Райтс Вотч" ҳалқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти уларга очиқ хат билан ҳам чиққанди.

Халқаро ташкилот мактубида уларнинг президент Рамзан Қодиров уюштирган кечада иштирок этишлари "авторитар бошқарувини кўз-кўз қилиш" сифатида қабул қилиниши билан ҳам огоҳлантирганди.

35 яшар Рамзан Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан буён бошқариб келади. Фаоллар чечен ҳукуматини Чеченистонни исломийлаштириш ва эркинликларни бўғишда айблаб келишади.

Квартира ва Мордовия

Ўтган йил Франция фуқаролигидан воз кечган Жерар Депардьега яқинда Россия фуқаролиги ҳам берилганди

Жерар Депардье Чеченистонга ташрифи чоғида "ўта ҳассос ва чуқур" рус тилини ўрганиш истагида эканини яна бир бор баён қиларкан, Мордовияда бизнес билан шуғулланиш нияти борлигига ҳам ишора қилган.

Ўтган ой бошида Мордовияга қилган сафари пайтида эса, унга республика маданият вазири бўлиши таклиф этилган, аммо бу лавозим ҳалиям бўшлигича қолмоқда.

Солиқларнинг ошрилишига норозилик сифатида 2012 йилда Франция фуқаролигидан воз кечган Жерар Депардье ундан савол аввалроқ президент Владимир Путиннинг марҳмати билан Россия фуқаросига айланганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.