BBC navigation

НАТО икки афғон боласи ўлими учун кечирим сўради

Сўнгги янгиланиш 2 март 2013 - 18:00 GMT

НАТО расмийси икки афғон боласини жангари деб ўйлаб тикучардан ўққа тутилгани учун кечирим сўради.

Етти ёшгача бўлган икки бола пайшанба куни Ўрузган вилоятида отиб ўлдирилган эди.

"Халқаро кучлар бу фожеа учун масъулиятни тўлиқ бўйнига олади",- деб айтган НАТО вакили.

Шанба куни генерал Жозеф Данфорд қилган мурожаатда "Мен ўлдирилган болаларнинг оиласига шахсан ҳамдардлик ва таъзия изҳор этаман", дейилади.

НАТО генерали мол боқиб юрган болалар халқаро кучлар томонидан жангари деб гумонланиб ўлдирилганини билдирган.

НАТО ва Афғон хавфсизлик ходимлари болалар яшаган вилоятга боришган ва маҳаллий расмийлар билан учрашишган.

Франс пресс агентлигининг хабар беришича, болаларни отиб ўлдирган Австралия аскарлари Толибоннинг ҳужумига дуч келишган.

Ўрузган ҳокими Амир Муҳаммад Охунзода "Болаларнинг Австралия аскарлари томонидан ўлдирилиши атайлаб қилинмаган, балки хато содир бўлган ҳодисадир", деб айтган.

"Австралия ҳарбийлари ва НАТО расмийлари содир этилган ҳодисани ўрганмоқдалар", - дейилади халқаро кучлар мурожаатида.

Қарийб 1500 Австралия аскарлари Ўрузган вилоятида жойлашган бўлиб, уларнинг асосий вазифаси афғон аскарларини ўқитиш ва йўналтириш ҳисобланади.

Тасодифий қурбонлар

Афғонистонда тинч фуқароларнинг НАТО кучлари томонидан "тасодифан" ўлдирилиши тез-тез содир бўлиб туради.

Таҳлилчилар айтишича, тинч фуқаролар орасидаги қурбонлар афғон халқи ва Президент Ҳомид Карзайни ғазабга келтирган.

Афғонистон Президенти яқинда халқаро кучларни аҳоли яшаш ҳудудларини ҳаводан ҳужумга тутишини тақиқлаган эди.

Бу қарор 13 февралда НАТО ҳаво ҳужуми оқибатида 10 тинч фуқаро- беш аёл, тўрт ёш бола ва бир эркакнинг ўлдирилиши орқасидан берилган.

НАТО расмийлари мазкур ҳаво ҳужуми Афғон кучлари илтимосига кўра ўтказилганини айтишган.

13 февралдаги ҳодисадан олдин октябр ойида Кунар вилоятида уч тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Ҳилманд вилоятида НАТО ўтказган амалиёт натижасида яна олтита инсон ўлдирилган. Шунингдек Логар вилоятидаги ҳужум оқибатида 18 тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлишган.

Президент Карзай НАТО расмийларидан бу каби ҳодисаларни қайтармасликни қайта-қайта талаб қилганига қарамасдан, тинч фуқароларнинг отиб ўлдирилиши давом этмоқда.

НАТО бошчилигидаги кучлар 2014 йил охиригача Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетиши режалаштирилган.

Унга қадар халқаро кучлар босқичма-босқич Афғон кучларига хавфсизликни мустақил ҳимоя қилишни топширишлари керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.